ИССИҚХОНАДА ПОМИДОР КАСАЛЛИКЛАРИ ВА ЗАРАРКУНАНДАЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Иссиқхоналарда помидорга зараркунандалардан оққанот, ўргимчаккана, занг кана, ширалар, сим қуртлари зарар етказади. Касалликлардан эса ун шудринг, қўнғир ва қора доғланиш, фомоз, фузариоз сўлиш кабилар учрайди.

Оққанот ва шираларга қарши 20% ли Конфидор (0,3 л/га), 20 фоизли Моспилан (0,3 кг/га), Карбафос (1,2–2 л/га), Фуфанон (2,4–2,6 л/га) ёки 25 фоизли Циракс (1,2–1,6 л/га) препаратларидан бирини пуркаш тавсия этилади.

Ун шудринг касаллиги помидор экинларини кўпроқ зарарлайди. Бу касаллик ўсимлик баргларининг устки қисмида тўп-тўп оқ моғорлар пайдо қилади. Натижада замбуруғлар кўпайиб, ўсимлик баргларининг устки ва остки қисмини қоплаб олади. Бу эса баргларнинг қуриб қолишига сабаб бўлади.

Ун шудринг касаллигига қарши Топсин-М (0,7 кг/т сувга), Сапрол (1 л/т сувга), Топаз (0,5 л/т сувга) препаратларини қўшиб пуркаш тавсия этилади.

Фузариоз сўлиш касаллиги ҳам помидорнинг тез қуриб қолишига олиб келади. Бу касалликни фузариум оксепориум замбуруғлари қўзғатади. Улар ўсимликларни илдиз бўғинида кўпайиб, зарар келтиради. Фузариоз сўлиш касаллигининг олдини олиш учун помидор кўчатларини 0,3% ли Фундазол эритмаси билан (10 л сувга 5 г) суғорилади. Фомоз касаллиги асосан ҳосил тугиш даврида кўпайиб, замбуруғлар ҳосил банди атрофида ривожланади ва аввалига сарғиш доғлар ҳосил бўлади. Кейин эса улар кўпайиб, ҳосил банди жойларидан чириб, ҳосилни тўкилиб кетишига сабаб бўлади. Унга қарши курашиш учун иссиқхоналарда намликни ортиб кетишига йўл қўймаслик керак. Ўсув даврида Топсин-М дорисидан 10 граммини 10 литр сувга қўшиб пуркаш тавсия этилади.

Манба: @AGROBLOGER

Дўстларингизга ҳам улашинг!