Биологик деҳқончиликнинг Наманган тажрибаси – Буғдой ҳосилдорлиги 80 центнер!

Биологик деҳқончилик қишлоқ хўжалигидаги янги инновацион усул ҳисобланиб, биологик воситалар асосида сарф-ҳаражатларни камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради. Қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Голландия, Австралияда биологик воситалар – биоўғитлар, биостимуляторлар, биологик ҳимоя воситалардан кенг қўлланиши натижасида ҳосилдорлик юқори, ҳаражатлар эса минимумга туширилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигига бағишланган чиқишларида соҳага янги инновацион технологияларни жалб қилиш, илмий асосланган ёндошувлар муҳим эканини таъкидлаб келади.

Биологик деҳқончиликнинг Ўзбекистонда қўллаш Наманган вилояти Уйчи туманида буғдой етиштириш мисолида истиқболли экани исботланди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, биология фанлари доктори Бахтиёр Расуловнинг микроорганизмларга асосланган биотехнологияси Уйчи туманидаги қатор фермер хўжаликлари, жумладан, “Барногул Зиё Файз”, “Ғолиб”, “Хуринисобегим”, “Жаҳон”, “Умурзоқов Жаҳонгир”, “Охунбобоев Омад”, “Оқ олтин Уйчи”, “Матлуба фарзандлари Шокирбек ва Собирбек”, “Ровот Файз Барака”, “Зарбол толаси”, “Шодиябону Нур Файз”, “Ривожиддин ота орзулари” ва бошқа хўжаликларда синовдан ўтказилди.

2019 йилда эса ушбу инновацион биологик деҳқончиликни қўллаш натижасида Уйчи туманидаги “Холис” фермер хўжалигида “Таня” буғдой нави ҳосилдорлиги 80 ц/га тенг бўлди.

Биология фанлари доктори Б.А. Расуловнинг азот ўзлаштирувчи ризобактериялар асосидаги “Биоазот-N” биологик воситаси (биоўғит-биостимулятори) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3855-сонли Қарорига киритилган, қишлоқ хўжалигида қўллаш (тижоратлаштириш) кўрсатилган эди. Мазкур ишланма ҳаводаги азотни ўсимликларга боғлаш (биологик азот шаклида), тупроқларни фаоллаштириш, ўсимликларни аминокислоталар, витаминлар, бошқа физиологик фаол моддалар билан таъминлаш учун қўлланилади. Бундан ташқари, тупроқ-иқлим шароитлари, экинларнинг фитопатогенлар билан касалланишига кўра қўлланиладиган бактерия турлари (штаммлари) таркиби шакллантирилади.

Ҳозирда қишлоқ хўжалигида кўплаб биовоситалар қўллансада уларнинг қўллаш вақти ва меъёри ишлаб чиқилмаган, экин турлари ва навларга кўра қўллаш регламентлари такомиллаштирилмаган эди. Инновацион биологик деҳқончиликнинг Наманган тажрибасида, жумладан, кузги буғдой учун қўлланиладиган бактерия турлари, уларнинг қўллаш вақти ва меъёрлари қатъий белгиланди.

Ўйлаймизку, микроорганизмларга асосланган биологик деҳқончиликнинг Наманган тажрибаси бутун Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига тадбиқ этилади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!