Пахтачидаги Кўрпа маҳалласида 815 та ихчам иссиқхона қуриш режалаштирилган

Пахтачи туманида 78,8 минг нафар ишга лаёқатли фуқаро бор. Уларнинг 52 минг нафарининг бандлиги таъминланган. Шундан доимий ишловчилар 14,7 минг киши, мавсумий ишловчилар 37,3 минг киши, хорижда ишлаётганлар эса 11,8 минг кишини ташкил этади. Туманда бандлиги таъминланмаган фуқаролар 6940 нафарни ташкил этади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида имкониятдан келиб чиқиб, қарийб 2 миллиард сўм маблағ эвазига 344 нафар фуқарога ихчам ва енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилди. Бу йўналишни давом эттириб, туманда яна 815 та иссиқхона қуриш режалаштирилган.

Биргина, Кўрпа маҳалласида тумандаги ишсиз фуқаролар учун 3 гектар майдонда ихчам иссиқхоналар қурилиб, биринчи сектор ҳудудидаги 15 га яқин маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Иссиқхоналарнинг 1 сотихи субсидия ва яна бир сотихи 8 миллион 490 минг сўм кредит ҳисобидан ажратилди. Томорқасида иссиқхона ташкил этиш мақсадида ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга ҳам ихчам ва енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилмоқда. «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида туманнинг Султонобод ҳудудидаги хонадонларнинг аксарияти иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиб, помидор, бодринг, кўкат, лимон етиштиради.

— Доимий иш ўрнига эга бўлмаганлигим учун маҳаллада кам таъминланганлар рўйхатида турардим, — дейди Тинчлик маҳалласида яшовчи Лайло Ашурова. — Доимий даромадга эга бўлишим учун менга ҳам янги қурилган иссиқхоналардан ажратишди. Бу йил иссиқхонада исмалоқ экиб, ҳосилни сотиб бошладим. Бу оиламизга қўшимча даромад келтирмоқда. Кейинги йилдан иссиқхонада помидор, бодринг етиштирмоқчиман. Мутахассислар иссиқхонада ҳеч қандай иситиш тизимисиз лимон етиштиришни ҳам ўргатишди.

Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаларини топиш, янги имкониятларни ишга солиб, доимий иш ўринларини кўпайтириш мақсадида шу каби чоралар кўрилмоқда. Жумладан, ўтган 11 ойда 2070 га яқин фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди, 199 нафар ишсиз касбга қайта йўналтирилган.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)