Сур териларини экспорт қилиш орқали қорақалпоқ бренди яратилади

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида ташкил қилинган Қаракўлчилик илмий-наслчилик тажриба станциясига ҳозирги вақтда 4,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 1056 бош сур қўйлари олиб келинган. Мазкур станция учун туманда 111,4 гектар (шундан 100,9 гектар экин) ер майдони ажратилди.

Тахтакўпир тумани ҳокимлигида ўтказилган сессия мажлисида қоракўлчилик илмий-наслчилик станциясининг аҳамияти хусусида сўз борди.

Станциянинг бош мақсади 2025 йилгача қоракўл қўйларининг бош сонини 10 мингтага етказиш, ундан сифатли маҳсулот олиш, сур қўйларининг сонини кўпайтириш ва сур териларини экспорт қилиш орқали қорақалпоқ брендини яратишдир. Шунингдек, станция томонидан юқори маҳсулдор қоракўл қўй ва қўчқорларни аҳоли хонадонларига, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига тизимли равишда етказишга ҳам алоҳида эътибор берилади.

Қорақалпоқ сур териси дунёда энг сифатли терилардан саналган, лекин соҳадаги таназзуллар туфайли қоракўл қўйларининг бош сони камайиб кетган.

Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Тахтакўпирда мазкур станция барпо қилинди. Унда станиянинг асосий вазифаси этиб юқори наслдор элита синфига мансуб қорақалпоқ сури қоракўл зотли қўйлар отарларини илмий асосда кўпайтириш, наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, жаҳон бозорларида рақобатбардош ҳисобланган ушбу қоракўл терисини етиштириш белгиланди.

Е.Қаноатов, ЎзА