2020 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида помидор жигарранг бужмайиш вируси сабабли Республикамизнинг Фарғона, Қашқадарё ҳамда Навоий вилоятларидан помидор ва қалампир маҳсулотлари ҳамда “капр қўнғизи” сабабли Фарғона вилоятидан барча турдаги маҳсулотларнинг экспортига Россия Федерацияси томонидан таъқиқ қўйилгани туғрисида хабар тарқалган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан мазкур масалага ойдинлик киритилгани, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт бозори, тури ва айни йўналишда олиб борилган ишлар юзасидан Инспекция Ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда дастлаб, “помидор жигарранг бужмайиш вируси” ҳақида тўхталиб ўтилди. Таъкидландики, қалампир ва помидор маҳсулотларига зарар келтирувчи ушбу касаллик янги ва жуда кам ўрганилган бўлиб, у 2020 йил сентябрь ойида Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилотининг А2 рўйхатига кўшилган. Касаллик аломатлари, масалан, помидор навига қараб енгил ва оғир бўлиши мумкин. Касалликнинг енгил кўринишида мозаикалар ҳосил бўлади, барглар ранги ўзгаради. Касалликнинг оғир кўринишида эса меваларда жигарранг ажин ва доғлар ҳосил бўлиши баробарида меваларнинг сарғайиб кетиши ҳамда барглар ҳолати ўзгариши мумкин.
Таъқиқ эълон қилинган куннинг ўзидаёқ “Ўздавкарантин” инспекцияси томонидан “Долзарб 15 кунлик” чора-тадбирлар тезкор режаси ишлаб чиқилди. Республика миқёсида мазкур касалликни аниқлаш учун Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппарати, ўсимликлар карантини илмий тадқиқот маркази ҳамда марказий карантин лабораториясидан иборат махсус ишчи гуруҳи ҳудудларга сафарбар этилди. Инспекция раҳбарияти “Россельхознадзор” вакиллари билан музокаралар ўтказиб, помидор ва булғор қалампири маҳсулоти ҳамда унинг экспортига жиддий зарар етказувчи ушбу касалликнинг аломатлари, тарқалиш йўллари ва қарши кураш механизми аниқ белгилаб олинди.
Республиканинг вирусдан холи эканлигини тасдиқлаш мақсадида нафақат Қашқадарё, Навоий, Фарғона, балки ҳар бир ҳудуд кесимида маҳсулот етиштирилувчи иссиқхоналарнинг жойлашган ўрни, майдони, тури ва фитосанитар тозалиги тўғрисидаги маълумотномаси, яъни паспорти шакллантирилиб, Россия томонига тақдим этилди.
Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда мавжуд иссиқхоналарнинг 99,11 гектар майдонини помидор экинлари ташкил этиб, уларнинг барчаси саноат иссиқхоналари ҳисобланади. Шундан 36,46 гектарни ташкил этган 18 та иссиқхоналарда помидор етиштирилиши давом этмоқда. Республика бўйлаб ўтказилган махсус фитосанитар дала назорати чоғида барча иссиқхона раҳбар ва ходимларига касаллик ва зараркунандалар ҳамда помидорнинг жигарранг бужмайиш вирус касаллиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Халқаро мутахассислар ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар натижасида айтиш мумкинки, ҳозирга қадар Ўзбекистонда “Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги”нинг ТАШҚИ симптоматик аломатлари қайд этилмади.
Инспекция ходимлари томонидан олиб борилган қатъий фитосанитар текширувлар, шунингдек, “Ўздавкарантин” ҳамда “Россельхознадзор” ўртасидаги музокаралар натижаси ўлароқ,
2020 йилнинг 18 декабридан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларини;
2021 йилнинг 1 январь санасидан бошлаб, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидаги 34 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларини;
2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Фарғона вилоятидаги 7 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларини Россия Федерациясининг:
– Оренбург вилояти Новосибирск “Сервис-продукт” МЧЖ вақтинчалик сақлаш омборхона пункти;
– Новосибирск ш. “Легион Сибирь плюс” МЧЖ вақтинчалик сақлаш омборхона пункти;
– Москва ш. “Фуд Логистик” МЧЖ вақтинчалик сақлаш омборхона пункти;
– Москва вилояти “Автологистика” МЧЖ вақтинчалик сақлаш омборхона пунктлари орқали экспорт қилинишига рухсат берилди.
Шунингдек, манфаатдор тадбиркорлар жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Фарғона вилоятидаги барча корхоналардан қуритилган маҳсулотларни Россия Федерациясига экспорт қилишлари мумкин.
Брифингда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун юқори фитосанитар хавфга эга бўлган уруғликларни, шунингдек, помидор ва калампир маҳсулотлари уруғларини Республика ҳудудига импорт қилиниши юзасидан фитосанитар назорат ва лаборатория диагностикаси кучайтирилганлиги эслатиб ўтилди. Ҳозирда намуналар лабораторияда ПЦР текширувлари асосида ўтказилиб, маҳсулот фитосанитар талабга жавоб берган ҳолатда импортга рухсат берилмоқда. Талабга жавоб бермайдиган маҳсулотларга нисбатан қонунчиликда белгиланган фитосанитар чоралар қўлланилмоқда.
Шу боис, барча турдаги уруғликлар ва экиш материалларини олиб кирмокчи бўлган тадбиркорлар маҳсулотни кайси давлатнинг кайси ҳудудидан олиб кирилиши ҳамда маҳсулот етиштирувчи корхона тўғрисида “Ўздавкарантин” инспекциясига олдиндан маълумот беришлари мақсадга мувофиқ. Чунки, ушбу жараёнда инспекция вакиллари айни шу экспортёр давлатнинг карантин хизмати билан боғланиб, олиб кирилиши режалаштирилган махсулотнинг тоза худудларда етиштирилгани, Ўзбекистоннинг фитосанитар талабларига мувофиқлиги тўғрисида фитосанитар хавф таҳлилини утказади. Бу каби карантин остидаги маҳсулотларни экспорт қилувчи давлатлар билан Инспекция томонидан давомий равишда музокаралар олиб борилмоқда.
Хусусан, Россия давлатига уруғликлар ва экиш материаллари экспортида маҳсулотлар етиштирилаётган ҳудуднинг фитосанитар ҳолати “Россельхознадзор” ҳамда “Ўздавкарантин” инспекцияси экспертлари иштирокида онлайн равишда баҳоланмоқда.
Юқоридаги ҳолат, айтиш керакки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ва экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорларни хушёрликка чақириб, фитосанитария талабларига жиддий амал қилишни тақазо этмоқда.
Эндиги босқичда Россия Федерациясига қуритилган маҳсулотларнинг экспорти жараёнида қўшимча талаб киритилди. Унга кўра, фитосанитария сертификатларида мажбурий равишда «қўшимча декларация» устуни бўлиб, унда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи ва манзили, шунингдек, маҳсулот маркировкаси ҳам кўрсатилади.
Шунингдек, Республиканинг Фарғона вилоятидан экспорт қилинувчи қуритилган мева маҳсулотларининг ҳар бир партияси учун дастлабки электрон хабарнома ҳамда маҳсулотнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория текширув хулосалари илова қилинади.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Россия Федерациясининг “Россельхознадзор” хизмати билан вақтинчалик чекловларни бекор қилиш юзасидан мувофиқлаштирилган қўшма тадбирлар давом этаёганлигини маълум қилади.
Брифинг сўнггида ўтган 2020 йилнинг қисқа натижаларига тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси 184-давлат сифатида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб аъзоликка қабул қилинишига эришилди. Мавжуд 42 та фитосанитар халқаро стандартлардан жами 25 таси соҳага имплементация қилинди.
Асосий 57турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига экспорт бозорларини очиш бўйича техник маълумотлар тайёрланиб, 60 та хорижий давлатларга юборилди.
15 та давлатга 62 турдаги маҳсулот экспорти учун 242 та карантин рухсатномалари олиниб, уларнинг жами сони 26 та давлатга 99 турдагимаҳсулотга етказилди. Шунингдек, 52 та давлатга барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитар сертификат асосида экспортга юклаш бўйича келишувларга эришилди.
Асосий эътибор, Осиё қитъаси давлатларида экспортни ривожлантиришга қаратилмоқда. Айниқса, Хитойга 14 хил, Кореяга 43 хил, Ҳиндистонга 38 хил, Японияга 58 хил, Таиландга 24 хил маҳсулотга карантин рухсатномалари олиниб, яна 50 дан ортиқ маҳсулотлар учун экспорт бозорларини очиш мақсадида давомли музокаралар олиб борилмоқда.
Инспекция вакилининг тадбиркорларга мурожаатида маҳсулот етиштириш ва экспорт қилишда фитосанитария талабларига қатъий амал қилиш лозимлиги, маҳсулот импортёр давлатлар талабларига мос равишда етиб бориши нафақат экспорт тизими ривожига балки, дунё бозорида Ўзбекистон имиджини яна ошириш учун муҳим омиллардан бири эканлиги таъкидланди.
Манба: uza.uz