Дорихоналарда бу касалликка қарши оддий дори воситалари учрайди

Ўнта товуқ боқаётган эдим, бир кечада ҳаммаси нобуд бўлди ёки қўшнини товуқларига ўлат келган экан паррандаларимизга юқиб қолди, деган сўзларни қишлоқ аҳли орасида тез-тез эшитамиз.
– Тадбиркорлик билан шуғулланиб, 200 та товуқ парваришладик, – дейди биология фанлари номзоди Абдухолиқ Алимардонов. – Ҳар куни ўртача 180 тухум оламиз. Бозорга етказиб берамиз, қўшниларга сотамиз. Уларни сермаҳсул бўлиши ва касалликлардан ҳимоя қилишда эмлашга алоҳида эътибор бериш керак. Ўлат касали парранда учун анча хавфли. Лекин, дорихоналарда бу касалликка қарши оддий дори воситалари сотилади. Баҳорда ва кузда паррандаларни бурнига икки томчи томизиш керак. Бир флаконида ўн минг доза бўлади. Бу бутун маҳалладаги товуқларни эмлашга етади. Энг ёмони, агарда сиз эмлаган бўлсангиз-у қўшни эмламаса касаллик юқади. Шунинг учун бу борада ҳамжиҳатлик зарур.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Иcроилнинг “Mirta Investment Company” ҳамкорликда ўтказган семинарда бу борада янги дори воситалари таклиф этилди.
– Замонавий лабораториямизда паррандалар учун ўндан зиёд биологик вакциналар тайёрланади, – дейди Исроилни “Biovac” компанияси раҳбари Геворкян Арам. – Қарийб йигирма йилдирки, Африка, Лотин Америкаси ва Евроосиё мамлакатларига вакцина экспорт қиламиз. Ўзбекистон бозорларига кириб келганимизга эса ўн йилдан ошди.
Семинарда паррандаларни парваришлаш, кўпайтириш ва уларнинг турли касалликларига қарши кураш борасидаги қатор маърузалар тингланди.
Энг қизиғи, жўжалар сомон ёки ўтларни еса ошқозони касалланиши, уларни қуруқ жойда сақлаганда унли маҳсулотларни бермаслик, қуёш нури етишмаслигидан Д витамини тансиқлиги юз бериши шу боис яшил озуқалар билан боқиш кераклиги ҳақида ҳам билиб олдик.
Сайёра Шоева, uza.uz