Асал истеъмоли билан организмингизда юз берадиган 8 ўзгариш

Вақти келганда турли витаминларга кўп пул сарфлаймиз, иммунитетни мустаҳкамлаш ва умуман организм фаолиятини яхшилаш йўлини излаймиз. Бироқ нима учун одамлар табиат инъом этган неъматларга етарлича эътибор қаратишмайди? Асал – турли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун хизмат қилувчи ажойиб маҳсулот. Бундан ташқари, бу ширинликни диабетдан азият чекувчилар ҳам истеъмол қилиши мумкин. «Ҳаммаси оддий!» нашри асал истеъмолини бошлашингиз билан организмингизда юз берувчи 8 ўзгариш ҳақида маълумот берди. Фақат шуни унутмангки, асал тоза бўлиши керак, бунинг учун уни асаларичилик билан шуғулланувчиларнинг ўзидан сотиб олган маъқул.

Асалнинг организмга фойдаси

Тоза тери
Асал — кучли антиоксидант. У терида турли тошмалар тошиши ва унинг эрта қаришига сабаб бўлувчи заҳарли моддаларни организмдан олиб чиқади. Асални истеъмол қилиш билан бирга, ундан ниқоблар ясаш ҳам мумкин. Асалли ниқоблардан юз териси майин ва текис бўлади. 

Озиш
Маълумки, ортиқча вазндан халос бўлиш жараёнида ширинлик истеъмоли тақиқланади. Бироқ асал истеъмоли нафақат рухсат берилган, балки тавсия ҳам этилган. У метаболизмни яхшилайди, натижада эса ортиқча килограммлардан тезроқ халос бўлинади. 

Холестерин миқдори нормаллашуви
Шуниси қизиқки, асалнинг ўзида холестерин йўқ. Бироқ у организмда холестерин миқдорининг камайишига туртки берувчи микроэлементларга эга. Юқорида қайд этилганидек, асалнинг кундалик истеъмоли организмдаги антиоксидант бирикмалар даражасига ижобий таъсир қилади, улар эса ўз ўрнида, юқори миқдордаги холестеринга қарши курашади. 

Соғлом бўғимлар

Асални ҳар куни истеъмол қилиш ёш ўтган сайин деярли ҳаммада намоён бўлувчи юрак-қон томир касалликларини бартараф этади. Шифокорлар тадқиқотларининг кўрсатишича, асал таркибидаги антиоксидантлар артериялар торайиши ва тромблар ҳосил бўлишининг олдини олади. 

Яхши хотира

Ҳар куни асал истеъмол қиладиган кишиларнинг хотираси яхши бўлади. Шунингдек уларнинг кексайган чоғида склероздан азият чекиш хавфи нолга тенг. Бундан ташқари, асал таркибидаги кальций мия томонидан осонликча ўзлаштирилади ва унинг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Соғлом уйқу
Қаттиқ уйқу — психоэмоционал соғлиқ ва гўзаллик гарови. Асал организм тезда уйқуга кетишга ёрдам берувчи  мелатонин гормонига айлантирувчи сератонинни ишлаб чиқаришга туртки беради. Шундай экан, уйқу олдидан бир қошиқ асал истеъмол қилсангиз, яхши ҳордиқ кафолатланади.

Ошқозон-ичак тракти нормаллашуви

Эрталаб оч қоринга бир қошиқ асал истеъмол қилиш овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Бундай оддий усул ошқозон-ичак тракти касалликлари пайдо бўлишининг олдини олади. Шу билан бирга асал бирйўла бактерияларни ҳам йўқ қилади ҳамда ошқозон шиллиқ қаватидаги жароҳатларни даволайди. 

Антидепрессант
Ушбу маҳсулот таркибидаги глюкоза нейронлар учун зарур. У қонга тез сўрилади, бу эса инсоннинг тинчланиши, тутқаноқларнинг камайиши ва руҳий касалликларни даволашда муҳимдир.

Тавсия
Ҳар куни эрталаб оч қоринга ва уйқу олдидан бир чой қошиқ асал истеъмол қилинг. Шу билан бирга чойга қўшиладиган қанд ё шакарни ҳам асалга алмаштириш мумкин. Фақат уни суюқликка қўшманг, ундан олдин ўзини истеъмол қилинг, чунки 60 даражадан юқори ҳарорат асалнинг фойдали хусусиятларини ўлдиради. Шунингдек асалга саримсоқ қўшиб, унинг вирусга қарши таъсирини бир неча баробарга оширишингиз мумкин. Вирусларга қарши мўъжизавий восита тайёрланг – бунинг учун 500 мл асалга олдиндан майдалаб эзилган 3-4 кичик бош саримсоқ қўшинг.