Август ойида иссиқхонада қандай тадбирлар амалга оширилади?

Аҳолини йилнинг кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашда иссиқхона сабзавотчилиги муҳим аҳамиятга эга

Иссиқхоналарни навбатдаги мавсумга тайёрлаш, уларни дезинфекция қилишдан бошланади. Бу тадбир икки марта ўтказилади: биринчисида – экинлар батамом йиғиштириб олинмасидан бурун, яъни ҳали ўсимлик қолдиқларида зараркунандалар сақланиб қолган пайтда, иккинчисида – ўсимлик қолдиқлари йиғиштириб олинганидан кейин ойнаванд иссиқхонанинг сиртидан тегишли дорилар сепилиб, дезинфекция қилинади. Бунинг учун қуйидаги пестицидлар ва уларнинг қоришмалари тайёрланади: 1,2 фоизли формалин + 0,3 фоизли Кельтан (ёки 0,2 фоизли Акрекс) + 0,5 фоизли Карбофос (100 л сувга — 200 мл+500 мл); 3,2 фоиз­ли формалин + 0,3 фоизли Рогор (100 л сувга – 200 мл + 300 мл). Тайёрланган суюқ эритмани 1 м2 жойга сепиш меъёри – 0,3-0,4 л.

Юртимиз шароитида тупроқни зарарсизлантиришнинг самарали усули бу – иссиқхоналарни ёз фаслида қиздиришдан иборат. Бунинг учун иссиқхона тупроғи 28-30 см чуқурликда 2-3 марта ҳайдалади. Июль-август ойлари мобайнида тупроқ яхши қизийди, чунки бу пайтда ҳайдов қатламидаги ҳарорат 70ОС гача кўтарилади ва қисман стерилизацияланади (микроблардан холи бўлади).

Ўсимлик касалликлари ва зараркунандаларини бартараф этишда профилактик тадбирларнинг ўтказиб турилиши айниқса муҳимдир. Иссиқхоналарнинг теварак-атрофидаги бегона ўтларни мунтазам йўқотиб туриш керак. Иссиқхоналар яқинида оқ қанот пайдо бўлса, ривожланадиган ўсимликларни экиб ўстирмаслик зарур. Иссиқхонага кириладиган жойга дезинфекция қиладиган моддалар — хлор оҳаги, аммиакли селитра ёки ош тузи сингдирилган гиламча тўшаб қўйиш ёки қипиқ ва бошқа шу каби юмшоқ нарса сепиб қўйиш лозим.

Кузги-қишки мавсумда иссиқхоналар учун кўчатни кўчатхоналарда тайёрлаш зарур. Кузги-қишки мавсумда уруғ июнь охири – июль бошларида сепилади, доимий жойга эса кўчатлар август ойи бошида ўтказилади. Уруғ ва тувакчалар қишки-баҳорги мавсумдаги каби тайёрланади. Дастлаб иссиқхона қопламаси устига оҳак ёки лой сепилади, тувакчаларга озуқали аралашма солиниб, яхшилаб суғорилади, уруғлар 0,5-1 см чуқурликка экилади. Майсалар пайдо бўлгунга қадар 2 марта, эрталаб ва кечқурун суғориб турилади. Уруғлар униб чиққандан сўнг улар бир кунда бир марта, яхшиси кечки пайт суғорилгани маъқул.

Биринчи ҳақиқий барг чиқарганида тувакчалардаги кўчатлар чириган гўнг билан 2-3 см кўмилади. Бу ёш ниҳоллар поясининг бақувват ўсишига ёрдам беради, чунки ҳаво ҳарорати иссиқ бўлгани сабабли, поялар сўлиб кетиши мумкин. Шунинг билан бирга 3-4 ҳақиқий барг чиқаргандан сўнг кўчатлар ёруғлик билан тўйиниши учун иссиқхона юзаси яхшилаб ювилиши лозим.

Вегетация даврида кўчатлар илдизи ва барглари орқали озиқлантириб турилади.

Мавсум бошланишидан олдин иссиқхонанинг ҳар бир квадрат метрига 20-25 кг. дан чириган гўнг солиш зарур. Тупроқнинг сув-физик хоссаларини яхшилаш учун фақат органик ўғитларни ўзини солиш етарли эмас. Иссиқхона тупроғига яна қўшимча шоли ёки пахта шелухаси, дарахт қипиғи ва бошқа юмшатгич материалларни (тупроқ ҳажмига нисбатан 30-50%) солиб, хусусиятини яхшилаш мумкин.

Иссиқхонада сабзавот етиштиришда тупроқнинг механик таркиби оғир бўлган ерларда юқорида айтилган юмшатгич материалларни солиш тупроқнинг сув-физик хоссаларини кескин яхшилайди ва сабзавотларнинг ҳосилдорлиги ошади. Целлюлозага бой юмшатгич материалларда, микроорганизмлар кучли ривожланиб, органик моддаларнинг чириши ҳисобига, улар тупроқда кўп миқдорда бўлган азотдан фойдаланадилар. Тупроқдаги азот миқдорини ошишига юмшатгич материалларни солиш ушбу ҳолатни белгилайди. Бунда экинларни ўсув даврида азот ўғитини сарфи 4-5 баробар, фосфор-калийники оддий тупроққа нисбатан 1,5-2 баробар юқори бўлади.

Озуқа моддалари солингандан сўнг, тупроқнинг 15-20 см қатламига фреза билан ишлов берилади ва юмшоқ ҳолатда сақлаб турилади. Кузги-қишки экиш мавсумини фарқланиш хусусияти шундан иборатки, бунда ёруғлик ва ҳарорат мунтазам пасайиб боради ва кун узунлиги қисқаради. Бу эса ўсимликларни ўсиб-ривожланиши кескин ёмонлашувига сабаб бўлади. Шунинг учун бир томондан уруғ ва кўчат эрта экилса, ўсимлик август-сентябрь ойларидаги қуёш инсоляциядан самарали фойдаланади ва бу помидор (8-10 кг/м2) ва бодринг (10-12 кг/м2) экинларига юқори ҳосил тўплашга имкон яратилади.

Помидор ва бодринг кўчатларини экишнинг энг мақбул муддатлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун — август бошида, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари учун — август охирида, Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари учун 15-20 август ҳисобланади.

Ушбу муддатларда уруғ ва кўчат экилганда бодрингни мевага кириши октябрнинг биринчи декадасида, помидорнинг эса ноябрь ойининг ўртасига тўғри келади. Бунда бодрингнинг F1 Орзу, Борхан, Джемре, Артист, Мультистар, Экспоза дурагайларининг ҳосилдорлиги 1 м2 дан 10 кг. гача; помидорнинг Субҳидам, Гулқанд навларининг 1 м2 дан 6-8 кг.; F1 Белле, Тави-Рака, Фенда, Видетта, Виласко дурагайлариники эса 10-12 кг. га тўғри келади.

Кузги-қишки мавсумда помидорнинг 30-35 кунлик кўчатини экиш учун унинг уруғини иссиқхонага кўрсатилган муддатдан 35-40 кун олдин экилади.

Кузги-қишки мавсумда ёруғлик паст бўлганлиги сабабли, қишки-баҳорги мавсумга нисбатан сабзавот экинларининг озиқланиш майдони (экиш схемаси) бирмунча каттароқ олинади. Помидор кўчатини экиш учун икки хил экиш схемаси: бир қаторли 80х40 см ва икки қаторли лентасимон (80+80)/2х40 см қўлланилади.

Бодрингнинг F1 Орзу, Борхан, Джемре, Мультистар, Экспоза, Артист уруғсиз дурагайлари катта озиқланиш майдонига муҳтож. Бунда бир қаторли 80х50 см ва икки қаторли лентасимон (90+90)/2х50 см схемада экилади. Бу экиш схемасида 1 м2 да 3 та ўсимлик жойлаштирилади. Бунинг учун ўсимлик баланд (30-40 см) жўякка экилади, суғориш эса чуқур эгатдан суғорилади.

Бодринг илдиз тизимига намлик пастдан тепага фильтрлаш орқали ўтса, илдиз бўйни атрофини ортиқча намланишдан сақлайди, жўякни зичланишдан ва суғоргандан кейин қатқалоқ бўлишининг олдини олади.

Иссиқхоналарда бодринг ва помидор етиштиришда ўсимликка шакл бериш мажбурий тадбир ҳисобланади. Бодринг тик симбағазларга боғлаб шакллантирилганда пастки бўғинларда 2 тадан мева ва шунча барглар қолдирилади, ўрта қисмида 2-3 та мева ва шунча барглар, тепадаги шохлар поғонасида 1-2 мева ва 2-3 та барглар бўлиши керак.

Помидор ўсимлигининг ўсишини чеклаш 7-8 шодада бажарилади. Биринчи шингилдан мевалари териб олингандан кейин пастки барглар олиб ташланади. Бу ўсимлик орасида ҳаво алмашинувини ва ёруғлик тушишини яхшилайди. Меваларни тугишини яхшилаш учун гул шингилларига ўстирувчи модда билан ишлов берилади.

Иссиқхоналарда оқилона ҳарорат тартиботини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Помидор мева тугабошлаганда ҳаво ҳарорати қуёшли кунларда 21-22ОС, булутли бўлганда 19-20ОС, кечаси 16-17ОС; ёппасига мева тугаётган даврда ҳароратни 2-3ОС га кўтариш тавсия қилинади.

Тупроқ ҳарорати ҳаво ҳароратидан 3-4ОС га камроқ бўлиши керак. Помидор етиштирилаётган иссиқхоналарда ҳавонинг нисбий намлигини 60-70% сақлаб туриш керак.

Бодринг учун қуёшли кунларда ҳаво ҳарорати 25-28ОС, булутли бўлганда 20-22ОС ва кечаси 18-20ОС дан паст бўлиши керак эмас. Шундай ҳарорат тартиботи ўсимликнинг яхши ривожланишига мойиллик қилади; ҳосил тўплаши яхши бўлади ва ун шудринг ҳамда сохта ун шудринг касалликларининг тарқалишига йўл қўймайди.

Бодринг намталаб ўсимлик бўлиб, ёппасига ҳосилга кирган даврда суғоришдан олдинги тупроқ намлиги чегараланган дала нам сиғимига нисбатан 85-90%, ҳавонинг нисбий намлиги 75-80 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Бодринг ҳосилини мевалар қизиб кетмасдан эрталаб терган маъқул, чунки куннинг иккинчи ярмида терилган мевалар кўп сақланмайди, тез айниб қолади. Тайёр маҳсулот сифатига катта эътибор билан қараш, кўк меванинг жуда ўсиб кетишига йўл қўймаслик керак. Агар ўсиб кетса, унинг сифати ва мазаси йўқолади. Шунинг учун бодринг мевалари пишиб етилган вақтида териб олиш лозим, шунингдек, ўз муддатида териб олиш орқали ўсимликдаги бошқа меваларнинг тезроқ катталашишига ва товарбоп ҳосил бўлишига замин яратилади.

Р.Низомов қ.х.ф.д., Е.Лян қ.х.ф.н., Ф.Расулов қ.х.ф.ф.д. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ

Дўстларингизга ҳам улашинг!