Бағрикенгликнинг ҳам чегараси бор…

Сўнгги пайтларда фермерлар ғалласини тортиб олинаётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қуйидагиларни билдиришни лозим топди.

Мамлакатимизда аграр соҳага ҳам бозор иқтисодиёти тамойиллари кенг жорий қилиниши натижасида фермер ва деҳқонларимизнинг ердан фойдаланиш самарадорлиги, ерларнинг ҳосилдорлиги ва моддий манфаатдорлиги ошиб бормоқда.

Бугун фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аввало, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ёшларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш сиёсатини фермерлар қўллаб-қувватланиши натижасида, уларга қарийб

137 минг гектар ер ажратиб берилди, тажрибали фермер ва деҳқонлар бириктирилиб, ҳар томонлама кўмаклашилмоқда.

Фермер ва деҳқонларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4634-сон «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди.

Фермерлар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилиши белгиланди.

Эндиликда, фермерларимиз томонидан етиштирилган ғалланинг контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларидан ортиқча қисми фермер хўжалигининг ўзида қолади, ўзи хоҳлагандек ишлатади.

Фермер режадан ортиқча ғалласини кластер, тайёрлов корхоналари ва бошқа истеъмолчиларга эркин нархларда сотади.

Шунга яраша, фермер ва деҳқонларимиз «Кўпни эксангиз кўп ўрасиз – озни эксангиз оз ўрасиз» деган нақлга амал қилиб, ажратилган ер майдонларидан ўртача 60-70 центнергача юқори ҳосил олишга эришмоқдалар.

Бағрикенгликнинг ҳам чегараси бор албатта, фермернинг ҳам рўзғори, оиласи, ишчиси бор, уларни ҳам рози қилиши керак.

Шундай пайтда, фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ғалла режасини бажариб ортиқча қисмидан мўмай фойда олаётганлигини кўролмайдиган ва фермернинг фойдасига шерик бўладиганлар ҳам топилиб қолади.

Бундай шахсларга халқимизда «Мевасини еб шохини синдирма» деган нақл борлигини эслатиб қўймоқчимиз.

Фермерларнинг ғалла режасини бажаргандан кейин ортиқча ғалласини олиб қўйишга ҳаракат қилган ҳар қандай мансабдор шахсларга қонунга мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлигини унутмаслиги лозим.

Албатта, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, фермер хўжалиги тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш мажбуриятига эга.

Фермер давлат олдида, кластер корхонаси олдида бу мажбуриятини бажардими бас, ортиқча режа қўйишга ёки ортиқча ғалласини олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига кўра, хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги ПҚ–3318-сон «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналиши этиб белгиланган.

Кенгаш ва унинг ҳудудий ва туман (шаҳар) кенгашлари томонидан фермер ва деҳқонларнинг фойдасига шерик бўлмоқчи бўлган, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган айрим мансабдор шахсларга нисбатан зарур чоралари кўрилмоқда.

Биргина, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудий ва туман (шаҳар) кенгашлари томонидан фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб етказиб берувчи, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналардан етказилган зарарларни ундириш юзасидан судларга 4036 та 217 мард. сўмлик даъво аризалари киритилди.

Фермерларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини тезкорлик билан таъминлаш мақсадида тажрибали ҳуқуқшунослардан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ таркибига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг ҳуқуқий масалалар бўйича бўлим бошлиқлари киритилган.

Ишчи гуруҳда куну тун узлуксиз иш тартиби жорий этилган.

Ҳурматли фермер ва деҳқонлар!

Фермерлар томонидан етиштирилган буғдойни режадан ортиқча қисмини мажбуран олиб қўйишга ҳаракат қилиш ҳолатлари бўйича зудлик билан ишчи гуруҳнинг Республика кенгаши вакили С.Хатамов (71 233-06-79), Қорақалпоғистон Республикаси Ж.Мусулмонов (91-394-82-48), Андижон А.Сиддиқов (93-257-80-06), Бухоро А.Рахматов (99-424-63-00), Жиззах Ў.Турабов (93-297-88-38), Қашқадарё Б.Ахмедов (99-676-04-65), Наманган Б.Холдоров (94-172-25-58), Навоий К.Орзиев (97-322-93-67), Самарқанд Ф.Умиров (93-996-91-42), Сирдарё Ш.Жўрақулов (97-277-03-09), Сурхондарё О.Севаров (91-578-15-84), Фарғона Х.Йўлдашев (91-651-05-38), Хоразм Б.Худойберганов (99-969-99-27, 0-362-224-19-76) ва Тошкент вилояти вакили Х.Расуловаларга (0-370-76-25-344, 99-493-40-50) ишонч телефонлари орқали хабар беришингизни сўраймиз.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сизга мададкор ва сизнинг қонуний фаолиятингизни қўллаб-қувватлайди.

Ҳар бир қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилишини кафолатлайди.

Абдушокир Рахимов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари

Манба:https://uza.uz/uz/posts/bagrikenglikning-ham-chegarasi-bor_282939