Балиқчилик соҳаси янада ривожланади

Юртимиз бозорларини сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш ҳамда ушбу маҳсулот нархини бир маромда ушлаб туриш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда ҳудудларимизда 3 мингдан зиёд балиқчилик хўжалиги фаолият юритяпти.

Куни-кеча мамлакатимиз Президентининг “2018 йилда балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қарорга кўра, мавжуд имкониятлардан ҳамда хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси ва инновацион технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш учун чоралар кўрилади.

Мазкур ҳужжатда соҳани ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Жумладан, балиқчиликни илмий асосда ташкиллаштириш, Ўзбекистонда балиқ етиштириш ҳажмини инновацион технологияларни кенг жалб этиш йўли билан ошириш, соҳа озуқа базасини кенгайтириш, балиқни овлаб тутишни ташкиллаштириш, балиқчилик хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун уларни айланма маблағлар билан таъминлаш шулар жумласидандир.

Қайд этилганидек, республика бўйича 2018 йилда сунъий сув ҳавзаларида 103,4 миллион, табиий ҳавзалар ва сув омборларида 29,8 миллион, тўрҳалқа қурилмаларида 15,3 миллион, сунъий қурилмаларда 17,2 миллион, ёпиқ циклли сув таъминотига эга қурилмаларда 4,8 миллион, шолизорларда эса 35,1 миллион – жами 205,6 миллион дона балиқ кўпайтирилади.

2018 йилда балиқ етиштиришнинг прог­ноз параметрига кўра, юртимизда 150 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда. Бундан сунъий сув ҳавзаларида 74 785 тонна, табиий ҳавзалар ва сув омборларида 33 815, тўрҳалқа қурилмаларида 13 290, сунъий қурилмаларда 7 900, ёпиқ циклли сув таъминотига эга қурилмаларда 4 800 ва шолизорларда 15 410 тонна балиқ етиштириш назарда тутилган.

Тошкент вилоятида 20125 тонна, Қорақалпоғистон Республикасида 20000 т, Айдар-Арнасой кўллар тизимида 18 845 т, Сирдарё вилоятида 13 645 ҳамда Навоий вилоятида 10 минг тонна етиштирилади.

Республика бўйича 2018 йилда балиқчилик хўжаликларига 186 266 тонна омихта ем, 26 100 тонна минерал ўғит етказиб бериш кўзда тутилган.

Қарорда қайд этилишича, балиқчилик саноатини ривожлантириш учун Хитой, Вьетнам, Индонезия ва бошқа давлатлардан тажрибали мутахассислар жалб қилинади.

Шунингдек, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва унинг Нукус филиалида балиқчилик таълими йўналиши бўйича сиртқи бўлим ҳам очилади.

Г.САЙДАЛИЕВА.

Biznes Daily «Биржа» республика иқтисодий газетаси

biznes-daily.uz