БОДРИНГНИНГ ФУЗАРИОЗ СЎЛИШ КАСАЛЛИГИ ВА КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Фузариоз сўлиши (фузариоз вилт)ни Fusarium oxysporum f.sp. cucumerinum 1 гифомицет замбуруғи қўзғатади. Fusarium oxysporum нинг белгилари “Помидор фузариоз сўлиши” бўлимида келтирилган. Патоген тупроқда экилган бодринг (ва қовун) уруғини ва униб чиқаётган майсаларини ҳамда тупроқ юзасига чиққан ёш ўсимликларини чиритади; у айниқса кўчат экилган кундан бошлаб 3-4 ҳафта орасида катта хавф туғдиради.

Вилт очиқ далалар ва айниқса иссиқхоналарда дунёнинг барча минтақаларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган (қовун ва тарвузда вилтни F. oxysporum замбуруғининг уларга мослашган шакллари, тегишли равишда, f.sp. melonis ва f.sp. niveum, қўзғатади, улар ҳам Ўзбекистонда шу экинларнинг энг хавфли касалликлари ҳисобланади). Зарарланган уруғбарглар сарғаяди ва чирийди, экин жуда сийрак бўлиб
қолади. Чинбарг чиқарган ўсимликлар илдизи ва илдиз бўғзи тўқ-қўнғир тус олади, пўсти чирийди; улар ўсишдан орқада қолади ва айрим палаклари, сўнгра барчаси сўлиб, қурийди. Баъзан ташқи кўриниши соғлом бўлган ўсимлик бир кечада сўлиб қолади.

Етилган ўсимликларда касалликнинг асосий белгиси – олдин битта ёки бир нечта пастки, сўнгра аста-секин юқорироқ жойлашган барглар, охирида бутун ўсимлик сўлишидир. Поядаги ўтказувчи тўқималар, айниқса илдиз бўғзида, яққол кўринадиган кумуш-оқ тусли иплар шаклини олади. Уларнинг илдизи ёки илдиз бўғзи қия кесилса, сув ўтказувчи томирларида тўқ-сариқ ёки қизғиш-қўнғир доғларни кўриш мумкин. Кейинчалик пояда бароқ оқ мицелий ривожланади. Ўсимлик нобуд бўлгач, мицелий аста-секин оч-пушти, сўнгра қизил тус олади.
Қўзғатувчи замбуруғлар мавсумдан мавсумга ўсимлик қолдиқлари, тупроқ ва уруғ орқали ўтади, тупроқда хламидоспоралари ёрдамида кўп йиллар давомида сақланади. Айни далага кейинги йиллари полиз экинларини қайта экиш, тупроқ ва экинлар зараланиши йилдан-йилга кучайишига олиб келади. Патогенлар дала ичида ва даладан далага тупроқ ва зарарланган ўсимлик заррачалари, шамол, тупроққа ишлов бериш асбоб-ускуналари ва суғориш суви билан тарқалади.

Кураш чоралари. Иссиқхоналарда муътадил ҳарорат ва намликни сақлаш; экинни иссиқ сув билан суғориш; иссиқхона девор, шифт ҳамда тупроғини дезинфекциялаш; асбоб-ускуналарни қайноқ сув билан стерилизация қилиш; биринчи сўлиган  ўсимликларни дарҳол юлиб олиш ва иссиқхонадан чиқариб, ёқиш (устида қизил моғор ривожланган  ўсимликларни, конидиялар тарқалиб кетмаслиги учун, жуда эҳтиёткорлик билан чиқариш); иссиқхона ва далаларда чидамли навлар экиш; уруғни
экишдан олдин самарали фунгицид (Витавакс 200ФФ) билан дорилаш; моддалар баланси сақланган ўғитлар бериш; далаларда полиз экинлари ҳар 4-5 йилда қайта жойлаштириш назарда тутиладиган алмашлаб экишни йўлга қўйиш тавсия қилинади.

О.Л. Рудаков ва В.О. Рудаков (2000) томонидан уруғ ичидаги замбуруғ инфекциясини зарарсизлантириш учун уч босқичли термик усул ишлаб чиқилган (Ганиев, Недорезков, 2005): уруғлик 1 сутка 35оС да, кейин 3 сутка 55оС да ва яна 1 сутка 70-72оС да қиздирилади. Бунда ишлов берилган уруғларнинг далада ўсувчанлиги пасаймайди ва уруғлик фузариоздан тўла зарарсизлантирилади.
Пайвандтаг сифатида қовоқ (Cucurbita ficifolia) ни олиб, унга бодрингни пайванд қилиш фузариоз сўлишга қарши катта самара беради; ҳар икки экиннинг 1-нчи баргларининг кенглиги 5-8 см бўлган пайт пайвандлаш учун қулай ҳисобланади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!