БУЗОҚЛАРНИ ТУҒИЛГАН КУНИДАН УЧ ОЙЛИК БЎЛГУНЧА ПАРВАРИШЛАШ

Бузоқ парвариши у дунёга келишидан анча илгари, яъни сигир бўғозлигининг охирги ойлари вақтида бошланиши керак. Бунинг учун сигирга туғишидан олдин албатта камида икки ойлик дам олиш вақти ажратилиб, бу пайтда соғиш тўхтатилиши лозим.

Сигир туғишига тахминан бир ҳафта қолганида туғруқхона бўлимига ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Сигирни туғишга тайёрлаганда унинг ётиб дам оладиган жойи доимо қуруқ ва юмшоқ ҳамда ёзда жазирама иссиқдан ва қишда қаттиқ совуқдан яхши ҳимояланган бўлиши лозим.

Сигирнинг туғиш пайтида уни эътиборсиз қолдириш керак эмас, балки бузоқнинг чиқиш ҳолати нормал ва қулайлигига эътибор бериш ҳамда лозим бўлса сигирга туғишга ёрдам бериш керак. Бироқ шуни қатъиян назарда тутиш керак-ки, туғруқ пайтида гигиена қоидаларига (бачадонга ишлов берилмаган қўлларни тиқиш) ва тўғри туғдириш усулларига риоя қилиш керак. Чунки туғруқ жараёнида киритилган инфекция сигирларнинг оғир касалланишига олиб келади.

Қорамол физиологияси шундай тузилганки, она қорни пайтида бузоқ турли касалликларга қарши чидамлилик хусусиятларини (иммунитетни) онасидан қабул қилаолмайди, шунинг учун умрининг биринчи соатларида унинг иммунитет тизими ҳали шаклланмаган бўлади. Бузоқ турли касалликларга чидамлилик ҳусусиятларни онасидан оғиз сути орқали олади. Оғиз сути бу сигир туққандан кейинги дастлабки соатларда елинда ҳосил бўладиган сутдир. Оғиз сутининг таркиби оддий сутдан кескин фарқ қилиб, унда катта миқдорда иммун антитаналар, витаминлар ва минераллар мавжуд бўлади ва бу моддалар бузоқнинг соғлом ўсишига замин яратади.

Бузоқ туғилгандан сўнг дарҳол қуйидаги муолажаларни амалга оширишни унитманг:

  1. Бузоқнинг киндигини 5%ли йод эритмасида дезинфекция қилинг, бу киндик орқали зарарли микроорганизмлар киришини олдини олади.
  2. Бузоқ ҳаётининг биринчи соатида онаси томонидан яланишига қўйиб беринг.
  3. Ялаш пайтида бузоқ одатда онасини эмишга ҳаракат қилади, шу жараённи диққат билан кузатиб боринг. Агар эмишга ҳаракат қилмаса уни куч билан сўрғичлар олдига оғзини яқинлаштиринг. Шунда ҳам эммаса, сигирни қўлда соғиб, олинган оғиз сутни бузоққа икки литр миқдорида ичиринг. Жами бўлиб бузоқ ҳаётининг дастлабки саккиз соатида 6 литр оғиз сути истеъмол қилиши керак бўлади.

Picture 084a

Abulkasim calves 2APKKD6UCAPBGJJNCAV200AKCATUSXBQCA34HG0TCAGWH3IQCAFG6S8PCAKVUMGKCATBDMOECA53WQRHCAFP3VZ8CAM017CZCAEUF4W5CAAXFLE7CASOYN03CAQW901RCA508VEYCAYXEP0ZCAKMH5EBCAPV0DIZ

Табиий эмиш жараёни
Бузоқ маҳсус сўрғичли идишдан сут эммоқда.

Сигир боласини ялаб қуритиб бўлгандан сўнг бузоқни онасидан ажратиб олиб, алоҳида тоза катакда сақлаш тавсия этилади. Агар бузоқ қишда туғилган бўлса унга қўшимча иситиш мосламаси, масалан, инфрақизил лампаси ёрдамида илиқроқ шароит яратиб бериш катта ёрдам беради. Бузоқнинг сомон тўшамаси доимо қуруқ ва янги бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Picture 048דיר יונקים ברפת משפחתית

Ҳаётларининг биринчи ҳафтаси давомида бузоқлар шох ўсиш жараёнини тўхтатадиган муолажадан ўтказилса айни муддао бўлади. Чунки шохсиз қорамоллар бошқаларга қараганда ювошроқ ва ҳавфсизроқ бўлиб маҳсулдорлиги 10-12% баландроқ бўлади.

Бу жараёнда шох ўсадиган жойда жун қоплами қирилиб ёки қайчи ёрдамида тозаланади ва шох ўзаги маҳсус малҳам ёрдамида ишлов берилади. Бу муолажани бажараётганда резина қўлқоп кийиб олишни унутмаслик ва ҳаддан ташқари кўп малҳам суркалишининг олдини олиш керак.

Шох ўсишини тўхтатувчи малҳам суркалган бузоқ малҳам қуригунча бўйнидан бойлаб қўйилиши керак, чунки бу модда ўта заҳарли ва куйдирувчан бўлиб, оғиз ва кўз каби шилиқ пардали органларга тушиши ҳавлидир.

Юқорида айтилганидек шох ўсиши тўхтатилса, қорамоллар бир бирини ва инсонларни сузиб жароҳатлашлари ҳолларининг олди олинади, бундан ташқари кўпинча шохлар нотўғри ўсиб сигирларнинг ўзларига ҳам катта ноқулайликлар туғдириши мумкин.

Ҳаётининг биринчи уч кунида бузоқ фақат оғиз сути билан озиқланиши керак. Бунда кундалик норма тўрт литрни ташкил этиб эрталаб ва кечқурун икки литрдан ичириш мақсадга мувофиқ.

Ҳар бир бузоқнинг саломатлигини назорат қилиб боринг. Ҳаётининг тўртинчи кунидан бошлаб бузоқ оддий сут ича бошлайди. Одатда кундалик норма тўрт литрни ташкил этади ва бу сут миқдори соғишлар сонига қараб икки ёки уч мартада ичирилиши мумкин.

Бузоқни сутга тўйдиришнинг икки хил кенг тарқалган усули мавжуд:

  1. Ўзбекистонда кенг қўлланиладиган она сутига тўйдириш тизими. Бунда ҳар бир бузоқ ўз онасининг сутидан режа бўйича уч ой давомида ичириб борилади. Агар энг кўп қўлланиладиган режа бўйича кунига 4 л сут истеъмол қилинади деб ҳисобласак бу жами уч ой давомида 360 литрни ташкил этади (шундан биринчи уч куни, яъни 12 литри оғиз сути).
  2. Интенсив тизимли чорвачилик яхши ривожланган мамлакатларда она сути ўрнига сут ўрнини босувчи сунъий сут кукуни (русчасига ЗЦМ – заменитель цельного молока) кенг қўлланилади. Бу тизимда одатда сунъий сут кукуни 1:8 улушда 370С гача илитилган сув билан аралаштирилиб, бузоқларга ичирилади. Бу услуб табиий сутга қараганда таннарҳи анча арзонроқлиги билан чорвадорлар орасида оммалашиб борган.
Бузоқ парваришловчига эсдалик

Иложи борича бузоқни онасидан эмдирмай, балки бутун сутни соғиб олиб ундан кераклисини маҳсус ўлчанган идишда бузоққа ичиришни йўлга қўйиш жуда муҳим. Бундай услубнинг табиий эмдиришдан учта асосий ва муҳим афзаллиги мавжуд:

  1. Бузоқнинг ҳар куни қанча сут ичган ёки ичмаганлигини аниқ билиш мумкин ва уни етарлича сут билан таъминлаш анча қулай;
  2. Агар онаси сути етарли бўлмаса ёки бошқа сабабга кўра онаси сутини бериш имкони йўқ бўлса, бемалол бошқа сигир сутини бериш мумкин;
  3. Бузоқ ўз онасини эмганда унинг сўрғичларини қийиб юбориб, жароҳатланишига ҳамда мастит ва бошқа касалликларга чалинишига сабаб бўлиши мумкин, қўлдан идишда сут ичишга ўргатилса, бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Бузоқларни концентрат озуқага ўргатиб бориш

Бузоқни сутга тўйдириб бориш даврининг биринчи ҳафтасидан бошлабоқ уни аста секин концентрат озуқага ўргатиб бориш лозим. Кундалик норма кундан кунга аста секин ошиб бориши лозим. Табиийки, умрининг биринчи ҳафталарида бузоқ деярли концентрат истеъмол қилмайди, лекин барибир унинг охурида кичик бир идишда доимо омухта ем аралашмаси бўлиши жуда муҳим. Шунда бузоқ аста-секин концентрат озуқага ўргана боради. Концентрат озуқа эса ўз навбатида унинг овқат ҳазм қилиш тизимида катта қориннинг нормал ривожланишига кўмаклашади. Бундан ташқари бузоқларга бу даврда оз миқдорда яхши сифатли пичан бериб бориш тавсия этилади.

Бузоқлар ёнида доимо тоза сув солинган челакча туриши керак.

Хабибулло Хамдамов

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

agromart.uz

Фойдаланган манбалар:

https://vetvo.ru

http://yazemledelec.ru

http://zhivotnovodstvo.net.ru

https://vetugolok.ru

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!