Чўчқаларни бўрдоқилаш

Бўрдоқилаш махсус биноларда ёки айвонли майдончаларда ўтказилади. Чўчқалар гуруҳлаб 25-50 бошдан катакларда сақланади. Бўрдоқилаш натижаларига чўчқанинг зоти, ёши, жинси, вазни, озиқлантириш ва сақлаш шароитлари, сақлаш зичлиги ва бўрдоқилаш давомийлиги таъсир қилади.  Чўчқалар гўшт, бекон ва ёғ семизлигигача бўрдоқиланади.

Гўшт учун чўчқа болаларини бўрдоқилаш 4 ойлигида тирик вазни 35-40 кг бўлганда бошланиб, 110-120 кг вазнгача давом этирилади.

Бўрдоқилаш рисоладагидек ташкил қилинса ушбу вазнга чўчақалар 6,5-7,5 ойлигида эришади. Ўртача кунлик семириш 600 г ва ундан юқори бўлиши таъминланади ва 1 кг вазн ортиши учун 4-5 озиқа бирлиги сарфланади. Гўшт учун бўрдоқилаш якунида бўрдоқи чўчқалар 6-7 кўкрак умуртқа ўсимтаси устидаги ёғ қатламининг қалинлиги 1,5-4 см атрофида бўлиши, нимтанинг 52-58% гўшт ва 33-40% ёғ ташкил этиши керак. Хўжаликнинг озиқа заҳираларига қараб гўшт бўрдоқилаши ўртача жадаллика (кунига 550 г гача семиртириш) ва жадал (кунига 550 г дан ортиқ) бўлиши мумкин.

Ратсион таркибида озиқалар нисбатига кўра бурдоқилаш емли, ем ва лавлагили, ҳамда ем ва озиқа чиқиндилари асосида бўлиши мумкин. Энг кўп тарқалган емли хили ҳисобланади. Бунда ратсион асосан дон, протеинли ўсимлик ва ҳайвонот озиқалари, витаминли, антибиотик, минерал ва микроелементли қўшимчалардан ташкил топади.

Бундай озиқалар қуруқ аралашма сифатида саноат ёки хўжалик шароитида тайёрлаган бўлиши мумкин.

Ратсионда емнинг кўп бўлиши чўчқаларнинг тўйимли моддаларга бўлган талабини кам ҳажмдаги озиқа билан қондириш имконини беради. Бундан ташқари ем озиқаларини едириш қулай.

Лавлаги билан бўрдоқилашда ратсион тўйимлигининг 30-35%  ини қанд лавлагиси ташкил қилиб у ҳам майдаланган ҳолда чўчқаларда едирилади.

Ем-лавлаги ратсионларда бўрдоқиланганда протеин, минерал ва витаминлар билан тенглаштириш талаб этилади, чунки қанд лавлагиси юқоридаги тўйимли моддаларга камбағал бўлади.

Йирик шаҳарлар атрофларида гўшт учун чўчқалар озиқ-овқат чиқиндиларидан фойдаланиб бўрдоқиланади. Ушбу чиқиндилар озиқ-овқатлар ишлаб чиқарадиган ва умумий овқатланиш корхоналаридан олинади. Бундай чиқиндилар автоклав қозонларида ем билан бирга пиширилиб чўчқаларга едирилади. Озиқовқат чиқиндилари ратсион тўйимлилигини 30 % гача бўлиши тавсия этилади.

Бекон- ёш чўчқа гўшти ҳисобланади. Бундай нимта ўз таркибида асосан гўшт ва оз миқдордаги ёғ билан таърифланиб, нозиклиги, майинлиги ва ажойиб таъми билан ажралиб туради. Улардан ноёб чўчқа гўшти пишириқлари тайёрланади (асосан дудламалар). Бўрдоқилаш муддатлари гўшт бўрдоқилаш муддатларига тенг келиб қолади. Бекон бурдоқилаш учун оқ тусдаги соғлом 2,0-2,5 ойлик вазни 20-25 кгли чўчқа болалари танлаб олинади.

Бекон бўрдоқилаш учун талаблар гўшт учун бўрдоқилашга нисбатан анча юқори бўлади. Бўрдоқилаш 6-7 ойликда якунланиб чўчқалар вазни 90105 кг га етади.

Бўрдоқилашдан кейин чўчқалар нимтаси узун, ташқи қисмида бурмалар бўлмаслиги керак, тери ости ёғ қатлами юпқа бўлиб (6-7 кўкрак умутқалари ўсимталари устидаги ёғ қатлами 1,5-3,5 см), ёғнинг энг қалин ва юпқа жойларидаги фарқи 0,5 см дан ошмасдан тенг қалинликда бўлиши керак. Бекон бўрдоқилаш учун ёш гўшт ва бекон  йўналишидаги чўчқалар бўрдоқиланиб улардан камёғ сифатли чўчқа гўшти ишлаб чиқарилади.

Суткалик семириш бўрдоқилашнинг биринчи даврида 400-500 г, 2-даврда эса энг камида 600-700г бўлиши талаб этилади. 1г семириш учун 4,0-4,5 озиқа бирлиги сарфланади. Озиқлантириш меъёри худди ёш чўчқалар гўшт учун ўстирилгандагидек бўлади. Қиш пайтида ратсионнинг 80-85% ем, 10% ҳайвонот озиқалари ва 5-10% ширали ва ўт талқони ташкил қилади. Ёз пайтида ширали озиқалар ва ўт талқони ўрнига кўкат озиқалар киритилади. Маккажўхори ва сули дони, кепак, балиқ қолдиқлари, кунжара ва шрот бекон сифатига салбий таъсир кўрсатиб унинг ёғи  юмшоқ ва эрувчан бўлиб қолади. Бундай озиқалардан бўрдоқилашнинг биринчи даврида фойдаланиб бўрдоқилаш охирига 1,5-2 ой қолганда тўхтатилади. Чўчқаларни бўрдоқилаш нўхат, арпа, тариқ, картошка ва дуккакли ўтлардан тайёрланган талқонлардан фойдаланиб ўтказилса аъло сифатли бекон нимталар олинади.

Бекон бўрдоқилаш учун терилари жароҳатланган чўчқа болалари танлаб олинмайди.

Бўрдоқилаш тугаб, чўчқаларни сўйишига олиб боришида ҳар 1 катак чўчқаларни алоҳида уловда олиб бориш керак, агар бошқа катак чўчқалари аралаштириб юборилса чўчқалар безовталаниб, уришиб бир-бирларига жароҳат етказиши натижасида бекон нимта сифати пасаяди, баъзан эса бекон нимталари пучак (брак) қилиниб гўшт нимтасига ўтказиб юборилади.

Чўчқа гўшти етиштиришни кўпайтиришдаги асосий заҳиралардан бири пучак қилинган вояга етган чўчқаларни бўрдоқилаш ҳисобланади.(100кг дан ортик ёш чўчқалар, урғочи ва эркак чўчқалар). Пучак қилинган чўчқалар жинси ва вазни бўйича гуруҳланади. Бўрдоқилаш 2-3 ой жадал ташкил қилинади. Шу давр ичида суткалик семириш 800-1000 г ни ташкил этиб, тери ости ёғ қатламининг қалинлиги 7 см га етади. Бундай чўчқалар вазни асосан ёғ ҳисобига ортишини ҳисобга олиб ратсион таркибида протеин камайтирилиб ( 70-80 г протеин 1 озиқа бирлигида), углеводли озиқалар нисбати кўпайтирилади.

Бўрдоқилашнинг биринчи ойида ратсион таркибига тўйимлилиги бўйича 40-50% ҳажмли озиқалар киритилади (силос, картошка, лавлаги, озиқ-овқат  ва  дон чиқиндилари). Бўрдоқилаш пировардида бундай озиқалар нисбати камайтирилиб ем озиқалари нисбати

70-80% га, баъзан эса 100% га  етказилади.