Чорвачиликка доир инновацион лойиҳалар

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, чорвачилик соҳасини илмий асосда ташкил қилиш, аҳоли ва фермер хўжаликларида парваришланаётган чорва зотларини маҳаллийлаштириш, сунъий уруғлантириш асосида чорва бош сонини кўпайтириш бўйича хизмат томонидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Унга кўра, чорва молларини сунъий уруғлантириш кўламини кенгайтириш ҳамда наслчилик хўжаликларига кенг қулайликлар яратиш мақсадида “Ўзнасл­чилик” корхонасининг Бухоро, Нукус ва Фарғона филиаллари очилди. Ушбу янги тузилмалар фаолияти самарадорлигини таъминлаш, чорвачиликка доир лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга эса Халқ банки масъул муассаса сифатида бириктирилди.

2017 йилда Халқ банкининг молиявий кўмагида “Ўзнаслчилик” корхонасига Германиядан 62 бош зотли наслли буқа олиб келиниб, корхонадаги наслли буқалар сони 132 бошга етказилди.

“Қайқубоднаслчорва” МЧЖ негизида ташкил қилинган Фарғона филиалига Германиядан 26 бош наслли буқа ҳамда Украи­на давлатидан сунъий уруғлантириш лабораторияси учун зарур дастгоҳлар олиб келинди. Мазкур ишлар учун банк томонидан 4 млрд. 600 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Бундан ташқари, ўтган йили ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида хориждан 1 700 дона наслли буқанинг музлатилган уруғларини узоқ муддатга сақлашга мўлжалланган дьюар идишлар олиб келиниб, улар вилоятлардаги насл­чилик хўжаликларига тенг тақсимот асосида тарқатилди.

Мамлакатимизда наслли ва зотдор молларни кўпайтиришга астойдил киришган Халқ банки жамоаси, шунинг­дек, Қашқадарё вилоятининг барча туманларида замонавий лаборатория ускуналарига эга сунъий уруғлантириш пунктлари ташкил қилди. Эндиликда пунктларда наслли қора моллар сони кўпайтирилиб, чорва зоти яхшиланмоқда. Шунингдек, бундай марказларда молларнинг маҳсулдорлигини ошириш, туманга олиб келинадиган сунъий уруғлар сифатини лаборатория текширувидан ўтказиш ҳамда сунъий уруғлантирилган чорва молларини назоратга олиш йўлга қўйилган. Бу билан чорва наслли молларини чет давлатлардан валюта ҳисобига олиб келмасдан уларни ўзимизда кўпайтиришга эришилмоқда.

Н.МАМАЗИЯЕВА.

biznes-daily.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!