Дунёда энг тез ўсувчи дарахт — ПАВЛОВНИЯ ЎЗБЕКИСТОНДА ҚУРИЛИШ ВА ЁҒОЧСОЗЛИК РИВОЖИГА ҲАМ ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Бундан ўн йиллар муқаддам Болгариядаги Пловдив университетида фахрий доктор сифатида маъруза ўқиган ўзбекистонлик олим, биология фанлари доктори, профессор Алишер Тўраев ўша ерда кўрган “павловния” номли ғаройиб дарахтга қизиқиб қолди. Болгарларнинг павловния дарахтидан олинадиган пилет ёқилғисидан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиши олимнинг кўпроқ диққатини тортди. Аксарият давлатларда газ муаммоси мавжуд бўлган ўша кезлари профессор Тўраев павловния дарахтини юртимизга олиб келиб, биринчилардан бўлиб маҳаллий шароитда ўстиришни йўлга қўйди. Дунёда энг тез ўсувчи павловния дарахти ҳақида эшитган инсон борки, ўсимликнинг ноёб хусусиятлари, қандай шароитда бўй чўзишига қизиқиши ортмай қолмайди. Бугунги кунда кўпчилик учун янгилик бўлган павловниядан юртимизда декоратив дарахт сифатида кўчалар, дам олиш масканлари, хиёбонлар ландшафт дизайнида фойдаланилади. Аммо жаҳонда қимматбахо ёғоч олиш мақсадида экиладиган павловния дарахти нафақат декоратив кўриниши, балки қимматли хусусиятлари билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради. Танаси чинорга, бўйи теракка қиёсланадиган бу дарахтнинг ҳар бир қисми бирор соҳада фойда келтиради. У гуллаганда асаларилар учун яхшигина нектар манбаи бўлиб, бир ойгача хушбўй ҳид таратиб туради. Гулидан косметика саноатида кенг фойдаланилади. Апрель­май ойларига тўғри келадиган гуллаш мавсумида битта асалари оиласи ундан 10­-15 килограмм асал йиғади. Павловния плантациясига асалари оилалари қўйилса борми, 1 гектардан 5-­6 йилда минг килограммгача юқори сифатли асал олиш мумкин. Дарахт ораларига резавор мевалар экилганда эса уларнинг ҳам гуллари асалари оиласи учун яхшигина озуқа манбаи бўлади. Яна бир жиҳати, павловния гуллари бошқа дарахтларники сингари аллергия қўзғатиш хусусиятига эга эмас. Гуллаш мавсумида ўзидан пўпанак чиқариб, атрофни ифлослантирмайди.

Павловния барглари жуда катта, одатда 70 сантиметргача етади. Жазирама кунлари сояси ҳам яхши. Совуқ кунлар бошланганда барча дарахтлар сингари баргини ерга ташлайди. Ишнинг кўзини биладиган чорвадор баргларни дарҳол йиғиб олиб, қуритадида, молларга тўйимли озуқа сифатида беради. Дарахт барги ҳамда шох­шаббаларидан тўпланган чиқиндидан кўп миқдорда биоёқилғи ҳам олиш мумкин. Павловниядан силлиқ мустаҳкам ва сифатли ёғоч олинади.

СУВ ЎТМАЙДИ, ЮҚОРИ ҲАРОРАТГА ЧИДАМЛИ

Император дарахти, малика дарахти, Кири номлари билан машҳур павловниянинг асл ватани Жанубий ва жануби­шарқий Осиё давлатлари ҳисобланади. Айниқса, Хитой ва Япония да павловния дарахтини кўпайтириб, ундан ёғоч маҳсулотлари олиш оммалашган. Жаҳонда павловниянинг 12 та ёввойи тури бўлса, шундан 11 таси Хитойда ўсар экан. Японларнинг эса қошиғидан тортиб столигача, қайиғидан то уйигача, бари павловния дарахти ёғочидан тайёрланади. — Бу ўсимлик ҳақиқатан кўплаб ноёб хусусиятларга эга бўлиб, у ёғочи енгил ва танаси энг зич дарахт саналади, — деди Алишер Тўраев. — Дарахтнинг сувга қаршилиги бор, шу боис, ёғочини сувга солсангиз бўкиб қолмайди, тез ҳўл бўлиб, чириб кетмайди. Ундан асосан қайиқ, мусиқа асбоблари, сноуборд ва мебель маҳсулотлари ясалиши сабаби ҳам шундан. Яна бир афзаллиги, павловния ёғочи жуда мустаҳкам бўлгани сабабли, юқори ҳароратга чидамли. Бошқа дарахт лар 250­300 градусда ёнса, у 450 градус иссиқликкача бардош бера олади. Шу боис, ҳозирги кунда жаҳонда павловния ёғочидан тайёрланадиган пилет ва брикет ёқилғиларига талаб ортиб бормоқда. У бир қарашда, кўмирга ўхшайди, нархи ҳам деярли бир хил. Аммо павловниядан тайёрланган ёқилғи кўмирдан фарқли тарзда 100 фоизгача ёнади ва ўзидан кул қолдирмайди. Ёнганида заҳарли карбонад ангидрид гази ҳам чиқармайди. Шу жиҳатдан, бу дарахт қишлоқ хўжалигини биомасса, биоўғит, озуқа, мебель саноатини ёғоч ва пардозлаш материаллари билан таъминлайдиган хомашё манбаи бўлиш билан бирга, атрофмуҳит мусаффолигини сақлаш, шаҳар­у қиш лоқларимиз чиройига чирой қўшишда қўл келади. Олим павловнияни юртимиз шароитида кўпайтириш мақсадида синов тариқасида Тошкент, Фарғона, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги тажриба майдонларида ўстирди. Кейинроқ унинг ҳар хил турларини бошқа ҳудудларга экиб кўрди. Натижа кутилгандан ҳам юқори бўлди ва профессор Тўраев “Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида павловния навларини ўстириш мумкин”, деган хулосага келди. Олим ўз тажрибасидан келиб чиқиб, ёғоч олиш учун павловниянинг кўпроқ “Шанг Тонг” номли гибрид навини экишни тавсия этади. У жуда тез ўсувчи, ниҳоятда мустаҳкам нав саналади. Бу турнинг исталган жойга тўкилиб, кўпайиб кетадиган уруғлари ҳам бўлмайди. Ўзини қайта тиклаш хусусиятига эга бу дарахт кесилган сари қайта ўсиб чиқаверади. Одатда бу ҳолат 8 маротабагача давом этади.

СУВ БИЛАН “ЯШАЙДИГАН” ЎСИМЛИК

Павловния дарахти жуда тез ўсувчи ўсимлик бўлгани боис, ерга экилган ниҳол бир йилда 5 метргача бўй чўзади. Илк йилдаёқ мингта дарахтдан минг тоннагача биомасса олиш мумкин. Дарахт яхши парвариш қилинса, иккинчи йилдан гуллай бошлайди ва бўйи 12 метргача боради. Тўртинчи йилдан бошлаб ундан ёғоч олиш мумкин. Аммо қимматбаҳо, мустаҳкам ёғоч олишни мақсад қилган тадбиркор дарахтнинг 7 йилда тўлиқ етилишини кутади. Бу вақтда дарахтнинг диаметри 70 сантиметр, бўйи 15­-20 метргача бориши мумкин. Яъни, павловниянинг тўлиқ етилиши учун одатда 7 йил керак бўлади, аммо у заминда қанча кўп турса, қиймати шунча ортиб бора веради. Павловниянинг яна бир ўзига хослиги, танасида тамин кимёвий элементининг борлигидир. Бу унинг танасига чумоли ва турли ҳашаротлар зарар етказишидан ҳимоялайди. Бироқ парваришдаги эътиборсизлик сабаб павловнияга ҳам ёнидаги бошқа турдаги дарахтлардан касаллик, зараркунандалар ўтиши мумкин. Бир қарашда, павловнияни ўстиришда мураккаб агротехник тадбирлар талаб этилмаса­да, парваришда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар йўқ эмас. Бу борада ўз маслаҳатларини аямайдиган профессор Алишер Тўраев 600 га яқин деҳқон ва фермерлар учун павловния дарахтини ўстириш бўйича ўқув­семинарлар ташкил этиб, зарур қўлланмалар ишлаб чиққан.

— Павловния дарахтининг мақсадга қараб, экилиш усуллари кўп, — деди олим тажрибаси билан ўртоқлашар экан. — Ёғоч олиш учун экканда, павловния ниҳолларини камида 4 метрга 4 метр масофада жойлаштирган маъқул. У жуда тез ўсгани боис, ораларини зич экиш ярамайди. Акс ҳолда, дарахт шохлаб кетганда бир-бирига халақит бера бошлайди. Орадаги очиқ ердан унумли фойдаланиш учун ниҳол бир йилда 4 метрга ўсиб олганидан кейин тагига исталган ўсимлик, маккажўхори ёки соя экиш мумкин. Кўпчилик менга “павловнияни ҳовли ёки томорқамда ўстирсам бўладими?”, деган савол билан мурожаат қилади.

Мен буни тавсия этмаган бўлардим. Сабаби павловниянинг илдизи тасодифан горизонтал йўналишда кенгая бошласа, асфальт, бетонларни кўтариб юбориши мумкин. Шу боис, бу дарахт навларини кенг дала, катта майдонлар, плантацияларнинг ҳар гектарига 625 донадан экиш мақсадга мувофиқ. Асосийси, павловниянинг яхши ўсиши учун сувли жой бўлиши, тупроғи доим нам бўлиб туриши керак. Сув бўлмаса, павловния ўлмайди, лекин яхши ривожлана олмайди ҳам. Ниҳолни доимий сув билан таъминлашнинг энг яхши йўли — томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш ҳисобланади. Оддий суғоришда ариқнинг боши ва охиридаги ниҳоллар кўп сув ичиб, ўртадагиси ичолмайди. Томчилатиб суғоришда эса бундай муаммолар бўлмайди. Шунингдек, павловнияни ҳар қандай тирик организмлар каби мунтазам равишда макро ва микроэлементлар билан озиқлантириб туриш зарур. Ҳозирги кунда павловния дарахти Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиб, ўстирилмоқда. Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари павловнияни кўпайтириш учун энг оптимал ҳудудлар ҳисобланса, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоийнинг иссиқ иқлим шароити ўсимликни ўстиришда бироз қийинчиликларни юзага келтиради. Профессор А. Тўраев ушбу вилоятларда ёзда ҳар 2­3 кунда павловния дарахти баргларига ёмғир шаклида сув сепиб туришни тавсия этади.

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЯГОНА ЛАБОРАТОРИЯ

Айни пайтда ёғоч маҳсулотларининг 90 фоизини хориждан импорт қилаётган Ўзбекистонда ёғоч олиш мақсадида павловния дарахтини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги “Республикада тез ўсувчи ва саноатбоп павловния дарахти плантацияларини барпо қилиш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимиз тупроқ­иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ер ости сувлари 30 метр дан пастда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонлар ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида павловния плантацияларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Дарахтни кўпайтириш учун, аввало, ниҳоллар зарур. Алишер Тўраев бундан 7 йил олдин кўпайтириш қийин бўлган ўсимлик турлари, хусусан, павловния ниҳол ва кўчатини ин­витро усулида тайёрлайдиган Марказий Осиё да ягона лаборатория ташкил қилди. “De Nova Agro” лабораториясида бугунги кунда павловния дан ташқари, узумнинг 35 хил нави, реза мевалар ҳамда интенсив боғлар учун барча турдаги мева кўчатлари ин­витро усулида тайёрланмоқда. — Жаҳон тажрибасида ўсимликларни кўпайтиришнинг бир қанча усуллари мавжуд бўлиб, замонавий ин­витро технологияси энг самаралиси ҳисобланади, — деди лаборатория раҳбари Алишер Тўраев. — Одатда, ўсимликлар, хусусан, павловнияни уруғдан, новдадан кўпайтириш кутилган натижа бермайди. Масалан, павловниянинг Таминтоза деган ёввойи турини уруғидан кўпайтириш мумкин, лекин уруғдан чиққан ўсимликнинг ирсияти бир хил бўлмагани боис, ҳажми ва шакли ҳам турлича бўлади. Натижада ундан кам ёғоч олинади. Новдадан чиққан павловния ҳам синовдан ўтказиб кўрилганида, дарахт бир текис ўсмаганига гувоҳ бўлганмиз. Шу боис, павлонияни кўпайтиришда ин­витро усули дунёда энг илғор, қулай усул сифатида тан олинган. Жараёнда ўсимлик куртаги олиниб, махсус усул ёрдамида вирус, замбуруғлардан тозаланади­да, сунъий озуқа моддага ўтказилади. Сўнг ўша куртакдан биринчи ниҳол олиниб, ундан яна бошқа ўсимликлар чиқарилади. Лабораторияда павловния дарахти харидорларга уларнинг талабига қараб ниҳол ёки кўчат шаклида етказилади. Уларнинг асосий қисми Қозоғистон, Қирғизистон, Индонезия, Украина, Россия каби хорижий давлатларга экспорт қилинади. Бир йиллик экспорт ҳажми 2 миллион донадан кўпроқни ташкил этади. Лабораторияда 30 кишининг бандлиги таъминланган. Бир сўз билан айтганда, дунё бозорида қарағай ёғочидан икки марта қиммат турадиган павловнияга айниқса, мебельсозлик, қурилиш соҳаларида кун сайин талаб ортиб бормоқда. Ушбу дарахт турини юртимизда кўпайтириш, барча ҳудудларда павловния майдонлари, плантацияларини яратиш келгусида ёғоч импортига бўлган талабни камайтириб, арзон ва сифатли муқобил энергия манбаини яратишга хизмат қилади.

Ҳозирги кунда павловния дарахти Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиб, ўстирилмоқда. Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари павловнияни кўпайтириш учун энг оптимал ҳудудлар ҳисобланса, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоийнинг иссиқ иқлим шароити ўсимликни ўстиришда бироз қийинчиликларни юзага келтиради. Профессор А. Тўраев ушбу вилоятларда ёзда ҳар 2-3 кунда павловния дарахти баргларига ёмғир шаклида сув сепиб туришни тавсия этади.

Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ўзбекистонда ноёб In Vitro лаборатория кўчатлари фақат бизда!
De Novo Agro Барча турдаги энг сифатли ва олий навли кўчатларни айнан бизнинг канал орқалик сотиб олишингиз мумкин
☎️ +99897 716-65-16

Телеграмда ҳам бизни кузатиб боринг @denovaagro

💻www.denovaagro.com