Энг тез ўсадиган дарахт юртимизда кўпайтирилмоқда

Наинки атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, балки ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришида дов-дарахтларнинг ўрни беқиёс. Аждодларимизга бошпана, озиқ-овқат манбаи, кийим-кечак ва ҳимоя воситаси сифатида беминнат хизмат қилиб келган бу табиий ресурс бугун қурилиш ва полиграфия маҳсулоти, дори-дармон, косметика, қўйингки, турмуш тарзимизнинг барча соҳасида хом ашё манбаидир.

Ушбу бебаҳо табиат инъомидан иқтисодиёт тармоқларида унумли фойдаланишда дарахтларнинг янги турларини маданийлаштириш, кўпайтириш, уларнинг хусусиятларини кашф этиш муҳим ўрин тутади. Шаҳар ва қишлоқларимизда бўй чўзиб турган нодир экзотик дарахтлар, ёғоч маҳсулотлари таъминотидаги сифат ўзгаришлари, илм-фан фидойиларининг бу борадаги изланишлари Президентимиз раҳнамолигида инновацион фаолият ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг амалдаги тасдиғидир.

2012 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан Буюк Британиянинг Кембриж университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Юқори технологиялар ўқув-тажриба маркази олимлари ишлаб чиққан инновацион лойиҳа мамлакатимизда павловния дарахтининг сунъий уруғларини «in vitro» усулида етиштириш ва кўпайтиришга қаратилган.

– «in vitro» пробиркаларда ўсимликни микроклонлаштириш орқали кўпайтиришда тезкор усул ҳисобланади, – дейди Юқори технологиялар ўқув-тажриба маркази профессори, мазкур инновацион технология муаллифларидан бири Алишер Тўраев. – Табиий шароитдан афзаллиги шундаки, бунда генетик жиҳатдан бир турдаги экин кўчатларини олиш, вируслардан ва бошқа касалликлардан озод қилиш, кўпайтириш коэффициентини чексиз ошириш ва тез ўсишини таъминлаш мумкин бўлади.

Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган тажриба майдонларида бир йилда 7 метргача ўсган павловния дунёда энг тез ўсадиган дарахт сифатида тан олинган. 80 йилгача умр кўрадиган дарахт танасининг диаметри 1 метрга, бўйи 25 метрга етиши мумкин.

Император дарахти, Малика дарахти, Кири, Танг номлари билан машҳур бу дарахтнинг асл ватани Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёдир. Хитой ва Японияда кенг тарқалган бўлиб, Хитойда қарийб 2,5 миллион гектар майдонда ўстирилади. XIX асрда машҳур Хитой чинниларини уммон ортига етказиб бериш чоғида шикаст етмаслиги учун пўкак ўрнида павловния уруғларидан фойдаланилгани дарахтнинг АҚШда ҳам оммавийлашувига олиб келган.

Дарахт ноёб хусусиятларга эга ёғочи, хушбўй ва ранг-баранг гули ҳамда йирик барглари билан иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларига келтираётган фойдаси боис нефть қудуғига ўхшатилади.

Саноат маҳсулоти сифатида павловния Хитой, Япония, Тайвань, Корея, Шимолий Америка, Бразилия ва Австралияда кўпдан бери қўлланиб келинади. Японияда павловния дарахти ёғочга бўлган талабнинг 90 фоизини таъминлайди. Кунчиқар юртда ундан фанер ва мебель, қутилар, шунингдек, пойабзал ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

Павловния ёғочи тез қурийди, жуда енгил. Қиёслаш учун – эман дарахти ёғочининг бир куб метри ўртача 850 килограмм, қарағайники 482 килограммни ташкил этса, павловнияда бу кўрсаткич кўпи билан 282 килограммга етиши мумкин. Мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар фойдаланиш мумкинлиги туфайли павловния ёғочидан шифт, эшиклар, жавон, стол ва стуллар тайёрлашда кенг қўлланилади. Ёғочдаги табиий нақшлар турли қутилар, сурат ромлари, ёғоч дарпардалар, сандиқларга жозибадорлик ва жимжимадорлик бахш этади.

Ёғоч таркибида сув миқдори ва ёниш хавфининг камлиги уни автомобилсозлик, самолётсозлик ва кемасозлик сингари йирик саноат тармоқларида истиқболли хом ашёга айлантирмоқда. Хусусан, халқаро амалиётда автомашиналар салонида павловния ёғочидан фойдаланиш афзал кўрилмоқда.

Намликни қийин ўтказганлиги учун ундан ясалган маҳсулотлар бошқа ёғочларники сингари шишиб ёки уваланиб кетмайди. Қайишқоқлиги миллий ҳунармандлик намуналаридан бўлган бешиксозлик, турли ўйинчоқлар ишлаб чиқаришда қўл келса, ноёб акустикага эгалиги мусиқа асбобларини тайёрлашда катта имконият яратади.

Павловния дарахтидан қисқа фурсатда кўп миқдорда биоёқилғи олиш мумкинлиги уни муҳим муқобил энергия манбаларидан бирига айлантирмоқда. Маълумотларга кўра, павловния дарахти экилган бир гектар майдондан ҳар уч йилда минг тоннагача биомасса олиш мумкин. Ҳар бир кесилган дарахтдан бир нечта новда ўсиб чиқиши ундан кўп йиллар мобайнида энергия манбаи сифатида фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, электр станциялари, заводларда тобора кенг қўлланилаётган ёғоч чиқиндиларидан тайёрланадиган қаттиқ ёқилғи кўринишидаги пеллетлар ишлаб чиқаришда павловниянинг аҳамияти катта.

Пеллетлар ёниш жараёнида ўзининг тежамкорлиги ва юқори иссиқлик самарадорлиги билан ажралиб туради. Павловния пеллетлари эса ёндирилганда ҳавога карбонат ангидрид ҳамда олтингугурт миқдори бирмунча кам чиқади. Ҳаводаги намликни ўзига тортиб олмайдиган бундай қаттиқ ёқилғининг юқори иссиқлик ўтказувчанлиги вақт ўтиши билан ҳам камайиб кетмайди.

Дарахт наинки ўтин ёки ёғоч сифатида, балки ернинг ҳолатини яхшилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чуқур илдиз отадиган павловния ердаги нитрат, оғир металл ва бошқа элементларни ютиб, ернинг таркиби яхшиланишига хизмат қилади. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда унумсиз ерларда павловния плантациялари барпо этилаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Павловниянинг йирик барглари жониворларни озуқа билан таъминлашда қўл келади. Унинг таркибидаги азот, темир, рух, марганец сингари 8 аминокислота ва микроэлемент уй ҳайвонларининг ўсишини таъминлайди.

Дарахтнинг барг ва гулларини бронхит, йўтал каби касалликларни даволашда қўллаш мумкин. Меваси қон босимини пасайтиришга ёрдамлашади. Гулларининг хушбўйлиги атир-упа ишлаб чиқарувчиларнинг диққатини тортмоқда.

Павловния енгил, шаффоф ва хушбўй асали билан ҳам ном қозонган. Бир неча ойлик гуллаш мавсумида битта асалари оиласи 10-15 килограмм нектар йиғиши мумкин. Бу асал хуштаъмлиги баробарида ўпка ва нафас олиш тизимлари касалликларини даволашда, ўт қопи, жигар ва овқат ҳазм қилиш аъзолари ишлашини яхшилашда катта аҳамиятга эга.

Мухтасар айтганда, олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган мазкур инновацион технология келгусида қишлоқ хўжалигини биомасса, биоўғит, озуқа, асал, мебель саноатини ёғоч ва пардозлаш материаллари, атроф-муҳит софлигини таъминлайдиган, шаҳар ва қишлоқларимиз чиройига чирой қўшадиган нодир дарахтнинг мамлакатимизда кўпайтирилишига хизмат қилади.

Беҳзод Бозоров, ЎзА