Гар бедана боқсангиз…

Кўнгил доимо хуш бўлади, ҳамён эса бўш бўлмайди

Битта бедана хўрози ва 3-10 та бедана макиёнини катакда боқиб, кунига ўртача 2-9 тадан тухум олиш мумкин. Демак уй шароитида бедана боқиб, парҳез гўшт ва фойдали моддаларга бой бўлган тухум етиштириш имконияти мавжуд. Шундай экан, бедана боқишда зарур бўладиган маълумотларни билиб қўйиш ҳам фойдадан холи эмас.

Уй беданаларининг
зотлари
Бедананинг “Япон” зоти кўп миқдорда тухум бериши, касалликларга чидамлилиги ва жўжаларининг тухумдан чиқиш фоизи юқорилиги (90% атрофида) билан ажралиб туради. “Фараон” зотлиси юқори сифатли гўшт олишга мўлжалланган. Бу ҳақиқий бедана-бройлер ҳисобланади. Уларнинг тирик вазни япон зотидан 40 фоиз юқори бўлади. “Эстония” зоти кўп тухум бериши (йилига 310 дона) ҳамда гўштининг ўзига хос мазали таъми билан ажралиб туради. Бедананинг “Француз” ва “Эстония” зотлари 45 кунлигида тирик вазни 280-300 граммни ташкил этади. “Британия қора” зоти ўзига хос патлар рангига эга бўлиб, макиёнларнинг тирик вазни оғирлиги 210 граммни ташкил этади.
Бундан ташқари, беданаларнинг “Америка альбинос бройлерлари”, “Англия оқ” зоти, “Маньчжур тилла ранги”, “Смокинг” (тукседо), “Мармар ранг”, “Австралия сариқ-жигар ранг” зотлари ҳам мавжуд.
“Хитой” зотли беданалар декоратив мақсадларда боқилади. Шунингдек, декоратив мақсадда боқиладиган “Калифорния”, “Жигар ранг паҳмоқли”, “Тангачалик” ва “Виржиния” зотлари ҳам маълум. Айрим ҳолларда “Виржиния” зотини гўшт етиштириш мақсадида ҳам етиштирадилар.
Сақлаш ва
парваришлаш қоидалари
Беданаларни узоқ вақт қуёш нурида сақлаш мумкин эмас. Офтоб нури таъсирида беданалар нотинч­ланиб, безовта бўла бошлайди. Уларни шовқинли жойларда сақлаш тавсия этилмайди. Санитария меъёрларига кўра, бедана боқишда биноларни аҳоли яшаш жойидан 300 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштириш тавсия этилади.
Беданалардан истеъмол тухуми олиш учун улар қафасларга 1 м2 майдончага 100-120 та ҳисобидан жойлаштирилади. Агар насл олмоқчи бўлсангиз, улар зичлиги камайтирилади. Тухум олиш учун 15×15 мм. катталикдаги сим катак полларда сақлаш мақсадга мувофиқ. Декоратив мақсадда эса паррандалар кенг вольерларда сақланади.
Беданалардан наслли ва истеъмол тухуми олиш мақсадида уларни боқишнинг турли вариантлари тавсия этилади:
1) Бир катакда 3-5 та макиён ва 1 та хўроз сақланади. Ёруғлик режими бир кунда 18 соат. Хона ҳарорати +17-25ºC бўлади. Катак баландлиги 15-17 см. (“Япон” зоти учун). Бундан баланд катакларда парранда чўчиб кетган пайтлари учишга ҳаракат қилиб ўзини жароҳатлаши мумкин. Катак полининг ўлчами 50×25 см.ни ташкил этади.
2) 20-30 кунлик бедана макиёни полининг ўлчами 15×15 см бўлган 5 қаватли уя катакчалари мавжуд бўлган катакларга жойлаштирилади. Бундай шароитда бедана макиёни ҳар 16-24 соатда тухум беради ва маҳсулдорлик даври узаяди.
3) Бедана макиёнлари 30-50 та паррандага мўлжалланган катак­ларда сақланади. Катак полининг ўлчами 60×60 см. бўлади. Олд томонининг баландлиги – 13 см, орқа томони – 11 см. Эшик катакнинг юқори қисмида жойлашади. Катакнинг олд томонидан полнинг симли тўри ташқарига чиқиб туради ва тухумларнинг йиғилиши учун учи тепага қайрилган бўлади. Полнинг қиялиги тухум думалаши учун мўлжалланган.
Беданаларни ҳафтада бир марта, ювилган йирик ҳажмли қумда чўмилтириш уларни зараркунанда (эктопаразит)лардан тозалашда яхши самара беради.
Боқилаётган хонанинг нисбий намлиги 60-70 фоизни ташкил этиши керак. Агар қушлар патларини ҳурпайтириб, ҳансираб, тумшуғини очиб нафас олса, тухум бериши камайса, билингки, ҳаво таркибидаги нисбий намлик камайиб кетган.
Бундай ҳолатларда катак олдига бир идишда ёки челакда сув қўйиш яхши натижа беради. Хона полини тез-тез ювиб туриш ҳам хонанинг ҳаво нисбий намлигини кўтаради. Аммо беданаларни доимий нам жойларда сақлаш ва боқиш тавсия этилмайди.
Бедана боқилаётган ўлчами 4×4 метр бўлган хонага қуввати 40 ватт бўлган бир дона оддий лампочка етарли бўлади. Ёруғликни ёқишнинг энг қулай вақти тонгда 6:00, ўчириш вақти кечқурун соат 23:00 ҳисобланади.
Бир кунлик ёруғлик вақти узайтирилса, озуқа истеъмоли кўпаяди ва парранда тез қарий бошлайди. Бир кунлик ёруғлик вақти қи

сқартирилса, тухум бериш маҳсулдорлиги камаяди ва парранда кечаси билан оч қолади.
Ёруғлик ва қоронғиликни кетма-кетлик билан қўллаш яхши натижа беради. Масалан: 1 соат ёруғлик ва 2 соат қоронғилик беданаларнинг ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигига ижобий таъсир кўрсатади, яъни ёруғликда парранда бир маромда озиқланади ва қоронғиликда уни ҳазм қилади.
Катакларни 3 ойда бир марта яхшилаб тозалаб, ювиш керак бўлади. Бунинг учун паррандани бошқа жойга вақтинча ўтказиб, катакларни яхшилаб тозалаб, кир ювиш кукуни қўшилган иссиқ сувда чўтка билан ишқалаб ювилади ва қуритилади.
Бедана гўнгидан чиқаётган буғ инсон ва бедана учун зарарли ҳисобланади, шунинг учун уни тез-тез тозалаб туриш тавсия этилади. Парранда нўхат билан боқилганда, улар иштаҳа билан истеъмол қилишади. Гўнгидан кўп миқдорда буғ ажралиб чиқади. Лекин бедана учун нўхат жуда фойдали озуқа бўлгани сабабли уни бериб туриш тавсия этилади.

Беданани озиқлантириш
Беданалар бир кунда 3 ёки 4 марта куннинг ёруғ пайтида бир хил вақтда озиқлантирилади. Вояга етган урғочи беданалар озуқаси таркибида 21-25 фоиз хом протеин бўлиши шарт. Озуқа таркибида протеин моддасининг кам ёки кўплиги тухумнинг сифатига, ҳажмига ва сонига жуда тез таъсир кўрсатади. Озуқа таркибида протеин кам бўлганида беданалар тухум беришни камайтиради, тухумлар майда бўлади ва чўқиб ташлаш ҳоллари кўпаяди.
Озуқа таркибида протеин кўп бўлганда инкубация учун яроқсиз бўлган сариғи иккиталик тухумлар сони кўпаяди. Оддий парранда озуқаси таркибида протеин моддаси кам бўлади, шунинг учун, масалан ПК-1 парранда емига бир кунга ҳар бир бошга 2 граммдан протеинга бой озуқа (творог, балиқ, фарш ёки бошқалар) қўшимчалари қўшилади. Тухум бериши камайган, қариб қолган бедана макиёнлари рационидаги протеин миқдорини камайтириш керак бўлади.
Уйда боқиладиган тухум берувчи беданаларнинг протеинга бўлган талаби оддий ёввойи беданаларга нисбатан кўпроқ бўлади. Озуқанинг кўп миқдори (40%), айниқса, донлар кечаси берилади. Донли озуқаларни парранда секин ҳазм қилиши сабабли, кечаси донли озуқалар берилганда паррандалар эрталабгача ўзини тўқ тутади.
Товуқ озуқаси бедана учун энг яхши озуқа ҳисобланади, фақат озуқа таркибидаги хом протеин моддасини 21-23,5 фоизгача кўтариш керак бўлади. Озуқа нам аралашма ҳолатида берилганда беданалар чанқоқни ҳис этишмайди.
Бир кунда битта бедана 22-27 грамм озуқа истеъмол қилади. 1 кг. тухум массасини олиш учун 5-7 кг. ем сарфланади. Бир йилда битта бедана макиёни 9 кг. атрофида озуқа истеъмол қилади.
Ёруғлик вақтининг узайиши, хона ҳароратининг пасайиши, озуқа рационинининг нотўғри тузилиши ва бошқа беданаларни безовта қиладиган ҳолатларда озуқа-ем сарфи кўпайиши мумкин.

Пўлат Раҳматуллаев,
“Ўзпаррандасаноат” уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи.

«Qishloq hayoti» газетаси