Гречиха экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Маржумак (гречиха) ёрмаси тўйимли ва тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. Унинг оқсилида аминокислоталардан лизин, аргинин кўп бўлади.
Шунингдек, дони таркибида фойдали маъданли бирикмалар, темир, фосфор, кальций, олма, отқулоқ кислоталари, витаминлардан В1, В2, Р (рутин) сақланади. Дони  таркибида 10% оқсил, 82% крахмал, 3% ёғ, 2% клетчатка, 0,3% қанд сақланади.
Ўзбекистонда маржумак асосий ва такрорий экин сифатида экилади. Биологик хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда самарали агротехника тадбирлари қўлланилса барқарор ҳосил беради. Ҳосилдорлиги ўртача 15-25 ц/га тенг бўлади. Самарқанд вилоятида ўтказилган тажрибаларда анғизга экилган маржумак ҳосилдорлиги 20-24 ц/га эришилган. Маржумакнинг кенг тарқалган навлари: «Крупинка» ва «Қозон» навлари ҳисобланади.

Маржумак такрорий экин сифатида сабзовот экинлари, картошка ва бошоқли дон экинлари ҳосилидан бўшаган майдонларга экилади.
Маржумак даланинг фитосанитар ҳолатини яхшилайди. Шунинг учун жуда кўп экинлар учун айниқса кузги дон экинлари учун яхши ўтмишдош
ҳисобланади.
Экиладиган уруғлар сифатли бўлиши ва 1 тонна уруққа 2 кг Фундазол ёки Витовакс 200 ФФ билан экишдан камида 22-24 кун олдин ишланган бўлиши
керак. Уруғлар қаторлаб, тор қаторлаб ёки кенг қаторлаб экилади. Суғориладиган ерларда қатор ораси 45 см қилиб экилганда 15 см қилиб экилишга
нисбатан 5-6 ц қўшимча ҳосил олишни таъминлайди. Ўзбекистон шароитида маржумакни қўшқаторлаб (60х15) экиш ҳам яхши натижа беради.
Маржумакнинг экиш чуқурлиги 4-5 см бўлиб, қумоқ тупроқларда 10 см гача ошириш мумкин. Нам кам бўлганда экишдан олдин гектарга 600-700 м3,
ўсув даврида 500–600 м3 меъёрда 2-3 марта суғорилади.
Маржумак 1 ц дон ва шунга мувофиқ поя, барглар массасини ҳосил қилиш учун 3,4 кг азот, 1,82 кг фосфор ва 3,31 кг калий ўзлаштиради. Зарафшон
водийсида ўтказилган тажрибаларда анғизга экилган маржумак гектарига N90 P90 K45 солинганда ҳосилдорлиги 21,4 ц/га ни ташкил этган. Ўғитларни
солишда тупроқ агрокимёвий кўрсаткичлари ҳисобга олинади.
Ўсимликда 75-80% мевалар қўнғир тусга кириши билан ўрим-йиғим бошланади. Қирқиш баландлиги 15-20 см бўлиб, ўрим 4-5 кунда тугалланади.
Комбайн барабанларининг айланиш тезлиги минутига 760-900 айланиш қилиб созланади. Ўзбекистонда бир фазали ўриш кенг тарқалган. Бу усулда
маржумак мевалари тўла пишганда ўришга киришилади. Ҳосил тезда тозаланади ва намлиги 14 % га етказилиб қуритилади.
Манба: Т.Э.Остонақулов, Н.Х.Халилов, М.Қ.Луков «Такрорий экинлар фаровонлик манбаи»

Дўстларингизга ҳам улашинг!