Балиқ боқиладиган ҳовузларни оҳаклаш ҳақида ешитганмисиз?

Ҳовузларни оҳаклаш – балиқлар касалликларини олдини олиш (профилактика), сувни кальцийга бойитиш, мелиорация мақсадида ўтказиладиган мажмуавий биотехник усулдир.
Ҳовузда парчаланиш учун кўп эриган кислород миқдорини талаб қиладиган, гидрокимёвий тартиботга салбий таъсир этадиган органик бирикмалар катта миқдорда тўпланиб қолади ва бунда ҳовузлар гидрокимёвий холатини яхшилаш ҳамда органик моддаларнинг тез парчаланиши учун оҳакдан фойдаланилади.
Оҳак:
Сув қатламидаги катта миқдордаги муаллақ органик моддаларни чўктиради (сувни тиндиради), микроорганизмлар ривожланиши ҳамда органик моддаларни минералга айланиш жараёни тезлашиши учун мувофиқ шароит яратади;
сувда эриган кислороднинг кўпайиши ҳисобига ҳовуздаги газ режимини яхшилайди;
ҳовуз тубида йиғилиб қолган органик бирикмаларни қисман консервациялайди ва кейинчалик улар аста-секин минераллашади.
Минералга айланиш натижасида сувда азот, фосфор ва бошқа шу каби биогенлар миқори кўпаяди.
Оҳаклаш учун сўндирилмаган оҳак СаО, сўндирилган оҳак Са(ОН)2 ҳамда туйилган оҳактоши СаСО3 қўлланилади. Сўндирилмаган оҳакка нисбатан сўндирилган оҳакнинг нейтраллаш қобилияти 1,3 марта, оҳактошда эса 1,8 марта камлиги туфайли уларни киритиш миқдори ҳам тегишли равишда кўпроқ бўлади. Оҳак киритишнинг умумий меъёри – 1-2 ц/га.
Оҳак баҳорда ҳовузнинг қуруқ тубига, у сувга тўлдирилгандан кейин, сув устига солинади. Баҳорда оҳак азот-фосфорли ўғитлар солинишидан 2-3 сутка олдин ҳар 15 кунда киритилади. Ёзда оҳак ҳар 7-10 кунда солиниб турилади.
Диққат: балиқларнинг оммавий касалланишида ҳар 2-3 суткада 1-3 ц/га ҳисобидан 5-10 кун мобайнида фақат сўндирилмаган оҳак солинади.

Манба: «КАРП ТУРИДАГИ БАЛИҚЛАРИНИ ПОЛИКУЛЬТУРА УСУЛИДА ЕТИШТИРИШ АСОСЛАРИ» Муаллифлар: Камилов Б.Г, Кенгерлинский Ф.У, биология фанлари номзодлари, Курбанов Р.Б, Ким С.И. катта илмий ходимлар ва Курбанов А.Р. Валиев Ж.А. кичик илмий ходимлар.

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.