Ишбилгичлар маскани – Олтиариқ

Мамлакатимиздаги шиддатли ривожланишлар, мислсиз бунёдкорликлар, янгиликлар яратишга ёниқиб интилишлар, фуқаролар онги ва турмушида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, одамлар кайфиятидаги кўтаринкиликнинг аксини бугун Олтиариқда ҳам яққол кўриш мумкин.

Олтиариқ илгарилари доривор турплари, айниқса, сеҳргар деҳқонларининг уддабуронлиги боис юртимиз бозорларига баҳорнинг бош­ларидаёқ биринчи бўлиб кириб борувчи “қорапўстлоқ”, “олақашқа” каби бодринглари билан донг таратганди. Энди республикамизнинг ҳар гўшасида иссиқхоналар кўпайиб, бодринг дегани қишин-ёзин расталарда тўлиб ётадиган бўлгач, олтиариқликлар бир силкиниб, миришкорликда тенгсиз узумчига айланди қолди.
Водийда тилга тушган Ҳусанбой узумчининг хонадонидамиз. Отаси Абдулла бува ўн олти сотихли узумзорини унга мерос қолдираётиб, агар болангга қарагандек қарасанг, бу токлар болаларингнинг болалариниям боқади, деган экан.
– Отам раҳматлининг гапи тўғри чиқди, – дейди Ҳусанбой. – Узумчиликка меҳр қўйиб, шунинг даромадидан беш фарзандни кам-кўстсиз ўстирдим. Бировдан бир ти­йин қарз олмай тўрт ўғилга уй қурдим, уйлантирдим, бир қизни узатдим.
Ҳусанбой токзорининг кичик қисмидаги совуққа чидамсизроқ “қизбармоқ”ларни куздаёқ сотиб юборади. “Ҳусайни”лар эса деярли тўлиғича қишга асраб қўйилади. Ҳозир ҳам токларнинг ташқи ҳовли иморатлари орасидаги қисмида устига кенг плёнка тортилган узумлар қоғоз ўранчиқлар тагидан мўралаган асно, мени уз, деб турибди.
Томорқа тарафдаги узумларларнинг меваси эса яшикларга қатор терилиб, узум бандининг икки ёғидан уч-тўрт энлидан қилиб қирқилган калтакларнинг бир учи сувли идишчаларга тиқиб қўйил­ган ҳолда алоҳида уйларда асралмоқда. Бундаги асосий сир маҳсулотни қайси пайтда салгина иситиб, қачон шамоллатиб туришни билишда. Ҳусанбойнинг айтишича, бу меъёрни билишнинг аниқ қўлланмаси йўқ, киши ўзини узум деб фараз қила олиши, унинг ҳолатини ўз танасидек ҳис эта билиши керак.

Томирлаб кетган калтакчалардан узлуксиз нафланиб ётган узумлар ишкомдан янги узилгандек яшноқланиб турибди. Бир шингилини татиб кўрдик, совуткичларда сақланадиганлардан фарқли ўлароқ булар ширасини заррачаям йўқотмабди. Ҳар йилдагидек, охиргиларини Наврўз айёмида сотиб тугатмагунча, буларнинг мазаси шундайлигича тураверади.
Узумнинг ўша кунлардаги нархини тахминан билганим учун, қанчадан сотяпсиз, деб сўрамадим. Кўз тегишидан чўчидим. Даромадни чамалаш осон, лекин бунинг ортида ётган тинимсиз меҳнатни, парваришлаш, ҳашаротлардан ҳимоялаш уқубатларини, ҳавонинг қиттай ўзгаришидан ҳосил бўлувчи кўнгил ғашлик­ларию тунги бедорликлар заҳмини ўзи бошдан ўтказмаган одамга уқтириш қийин. Эски мақолни пича ўзгартириб айтадиган бўлсак, узумини егину, машаққатини суриштирма.
Туманда узумчилик шу қадар оммалашиб боряптики, 2017 йилнинг ўзида фермерлар токзорлари яна бир юз қирқ гектарга кенгайиб, жами икки юз ўн беш гектарга етди, аҳоли томорқаларининг ўзида бир ярим минг гектар узумзор бор. Президентимизнинг тавсиясига кўра туман асосан шу соҳага ихтисослашяпти. Шу мақсадда логистика маркази барпо қилинди, маҳсулотни қайта ишловчи замонавий цехлар пайдо бўляпти. Яқин-яқинлардаям юз, икки юз тонналик совуткичли омбор қурилгани шов-шувга айланиб кетган бўлса, ҳозир биргина Адҳамжон Абдураҳмонов бош­лиқ фермер хўжалигида икки минг тонналик ана шундай омбор қурилди. Бозорнинг чаққонлигини қарангки, бу хўжалик ихтиёридаги “тенд”­га “Олтиариқтранс” тамғаси туширилган ўттиз бешта “фура” юк машинаси чет давлатларга сотилаётган маҳсулотларни ташиб улгурмаяпти.
Экспортдан ташқари ички бозорда ҳам нархларни имкон қадар мўътадил ушлаб туришда муҳим аҳамият касб этувчи совуткичли омборлар тобора кўпайтирилмоқда. Бири фермер, бири тадбиркор бўлган Соҳибназар Жалолов, Ҳожиакбар Юсупов, Шукуржон Холматов, Солижон Болтабоев, Мухторжон Пўлатов янглиғ ташаббускорларнинг ҳам уч юз, беш юз тонналик ана шундай омборлари бор. Умуман олганда, кейинги йилнинг ўзида вилоятда пайдо бўлган ўн саккизта совуткичли омборнинг ўнтаси Олтиариқда қурилиб, умумий сони ўттиз бештага, маҳсулот сақлаш имконияти ўттиз етти минг тоннага етди.
Иқтисодий бақувватликка эришиш омили бўлган кўп тармоқли фермер хўжалик­лари туманда кўпайиб бормоқда. Бу йўналишда “чўл лочини” Лолахон Муродовага тенг келадигани кам. У ҳақда Энахон Сиддиқова алоҳида китоб ёзгани боис, ортиқча тўхталиб ўтирмайман. Фақат шуни мамнуният билан қайд этиб ўтмоқчиманки, кўксини безаб турган “Эл-юрт ҳурмати” орденининг ёнига энди “Фидокорона хизматлари учун” ордени ҳам қўшилди.
Ташаббускор фермерлардан ҳисобланмиш Исоқжон Бойматов билан Икромали Холмуродов бу жабҳада кўп касбдошларига ўрнак бўлмоқда. Ушбу хўжаликларда шартнома режаларидагидан мўлроқ ҳосил етиштирилаётгани туфайли хирмонлар тошиб, ишчиларга бири олтмиш икки тонна буғдой, қирқ тонна картошкани, иккинчиси олтмиш беш тонна буғдой, йигирма тонна картошкани қўшимча рағбат сифатида тақсимлаб берди. Ҳар бирида бир юз йигирма нафар атрофида ишчи бор, уларнинг ўртача ойлик маоши етти юз минг сўм атрофида.
Ўтган йили Исоқжоннинг хўжалигида бир юз эллик тонна узум, тўрт юз эллик тонна сабзавот етиштирилган, бир қисми четга экспорт қилинган, мева-сабзавот сақлаш учун уч юз тонналик совуткичли омбор қурилган бўлса, Икромалининг хўжалигида бир юз етмиш тонна узум, уч юз ўттиз тонна сабзавот етиштирилди; уларнинг бир қисми ўзи қурган тўрт юз тонна сиғимли совуткичларга босиб қўйилди; қўйлар сони юзтага, хориждан келтирилган соғин қорамоллар сони бир юз йигирма бошга етди. Кунига етти юз литргача сут сотилмоқда, ўрдак-товуқларни кўпайтиришга киришилди. Даромад ортгани сайин ишчиларнинг иссиқ-совуқ маъракаларига кўмак маб­лағи ажратиш, хайриялар қилиш учун кенг имкон туғилмоқда. Исоқжон маҳаллани ободонлаштиришга кўпроқ эътибор қаратаётган бўлса, Икромали иккита эҳтиёжманд оилага намунали уйлардан олиб берди.
Абдураҳим Оламов деган йигит бор. Қапчуғай қиридан ўн гектар ер ўзлаштириб, гилосзор ташкил этишга бел боғлаганида, бу қақроқ жойда тирикчилик қилиш мумкинлигига кўплар ишонмаганди. Мана, ҳозирда дарахтлари бирин-кетин мевага кирди. Унинг фаолияти асосида ўртоғи Набижон Қодиров сценарий ёзиб, “Ўзбекфильм” киностудиясида “Армонли дунё” фильми суратга олинди, қаҳрамоннинг исми ҳам Абдураҳим. Боғ насос орқали суғорилиши боис электр тўловининг ўзи ўттиз беш миллион сўмни ташкил этиб, ерни озиқлантириш, солиқ, ишчиларга меҳнат ҳақи бериш кабилар билан боғлиқ харажатлар гоҳо даромаднинг тўқсон фоизига тенглашиб қолса-­да, борига шукур қилиб, боғни янада кенгайтир­япти. Жиззахнинг Ғаллаоролида, Қашқадарёнинг Китобида бўлиб, писта етиштириш сирларини ўргангач, янги ўзлаштирган ерларида пистазор барпо қилишга киришди. Илгари ким ўйлабди дейсиз, Олтиариқда писта ўсса-я! Ҳа, ютуқлар сари интилмоқ кишидан фақат ғайрату ишбилгичликни эмас, ўжарликни ҳам талаб этади, шекилли.
Бундай жонбозликлардан оилаларда кирим кўпайиб, юрт хазинасига ҳам қут ёғилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида Олтиариқда фермерлар ихтиёридаги етти юз саксон саккиз гектар боғларда, минглаб томорқаларда етиштирилган маҳсулотлар ички бозорларни тўкинлаштирибгина қолмай, салкам ўн беш миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг, “Агар тадбиркор ўзидан ташқари лоақал яна икки кишини ишли қилаётган бўлса ҳам, уни бошимга кўтаришга тайёрман”, деганида жуда чуқур маъно бор. Баъзилар ўзини ўзи эплолмаётган бир пайтда, сандиқда бехавотиргина ётган ўз маблағини чўчимасдан сарфлаб ёки гаровга тикилган мулки эвазига кредит олиб бўлса-да, ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган, бу билан ўзгаларга ҳам ризқ улашаётган дангалчиларга ҳар қанча тасанно айтсак арзийди.
Раҳматли ўқитувчимиз Неъматжон Абдураҳимовнинг Фарҳод деган ўғли ҳамма болага ўхшаб кечагина кўчада варрак учириб юрарди. Замоннинг зайлини қарангки, у учта тўн эскиргунича таниқли тадбиркорга дўниб, акаси Одилжон билан бирга “Фромода текстиль” деган тикувчилик цехини ташкил этди. Бир неча йил олдин тўнғич ўғлимнинг ҳовлиси ёнидаги дўкончада олти-еттита тикувчи билан фаолият бошлагани эсимда. Бора-бора иши юришиб, Россиянинг Екатеринбургидан доимий мижоз топиб олгач, янги бино қурди, ўнлаб тикув машиналари сотиб олди, шу зайл, ишчилар сони аввал ўттиз, кейин эллик беш нафарга етди. Аксарият қисмини “АТА” брендли ички кийимлар ташкил этувчи маҳсулотнинг тўқсон беш фоизи экспорт қилинмоқда. Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам янги харидорлар пайдо бўляпти. Тадбиркорлик учун беҳад қулай шароитлар яратиб берилаётгани қўл келиб, илгари тайёр газлама келтирилиб тикилган бўлса, энди кредитга Хитойдан ускуна олиниб, шу ернинг ўзида газлама тўқиш йўлга қўйилди. Галдаги мақсад – футболкаларга гулдор расм босиш ускунасини харид қилиш.
Азизжон Ҳакимов ўзининг чорвачилик фермер хўжалиги ичида ташкил этган цех ҳам тикувчиликка ихтисослашган. Ундаги ускуналар Жанубий Кореядан сотиб олиниб, дастлаб наманганлик мутахассислар ёрдамида ўттиз нафарга яқин қиз тикувчилик сирини ўрганди, ҳозир уларнинг сони икки бараварга кўпайди. Қўшним Набижон Холбобоев отасидан қолган кичик ошхонани бошқариб юриб, секин-аста фаолиятини кенгайтираверди, автомашиналарга бензин, газ қуйиш шохобчалари очди, янгитдан катта ошхона, дўкон, автомобилларни ювиш жойлари қурди. Ташкил этган иш ўринлари олтмиштадан ошиб кетди.
Элда азалдан жуда қадрли бўлиб келган бахмал кейинги йилларда бозорда тақчиллашиб қолганди. Шу аснода Лазизбек Иброҳимов “Олтиариқ бахмали” хусусий корхонасини ишга туширгани айни муддао бўлди. Ҳозирда эллик олти нафар ишчини доимий маош билан таъминлаб келаётган бу корхона маҳсулотларининг асосий қисми экспорт қилинмоқда. Бундай ишбилармонлар йилма-йил эмас, ойма-ой кўпайиб боряпти.
Ҳозирда меҳнатда жонбоз­лик кўрсатаётганларни қадрлаш, фаолиятини ўстириш учун янада кенг шароитлар яратиб беравериш – ҳар қанча олқишга арзигуликдир. Шу билан бирга, оиласига, эл-­юртига берадиганини бериб, эндиликда ҳаловатга муҳтожланиб қолган қарияларини эъзозлай билиш ҳам жуда муҳим. Бунга алоҳида эътибор қаратаётган мамлакатдан ҳеч қачон қут-барака аримагай, инша Аллоҳ.
Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов неча йиллар олдин дам олишга келганида: “Латофатига кўра бу жувон ҳақиқий Шоҳсанам экан”, деб баҳо берган Шоҳсанам Мингалиева раҳбарлигидаги кексалар ва ногиронлар санаторийсида юз бераётган катта ўзгаришларни кўриб, севинчимиз тошқинланди. Илгари уч юз ўринли бўлган, энди яна юз ўринли қаватдор муҳташам бино қад кўтарган бу масканда ўтган йили салкам тўққиз минг нафар уруш ва меҳнат фахрийсига даволаш хизматлари кўрсатилди. Ошхона ҳам яна юз ўринга кенгайтирилди.
Суви ўта шафобахш бўлган ушбу санаторий Қизилтепа чўлида жойлашган эса-да, шинам сайлгоҳ тусини олган. Баҳор келиши билан бири манзарали, бири мевали дарахтлар соясидаги йўлаклар чети анвойи гул-чечакларга бурканади. Ярмидан кўпи олма, қолгани ёнғоқ, анор, гилос, шафтоли каби дарахтлардан иборат бир ярим гектарли боғнинг мевалари муассаса ошхонаси дастурхонига янада тўкинлик киритмоқда. Сабзавот маҳсулотларининг талай қисми ҳам шу ернинг ўзида етиштирилади.
Энг замонавий ускуналар билан жиҳозланувчи лаборатория-диагностика биноси, ёпиқ ва очиқ спорт майдонлари, рангли фаввора, ёзги амфитеатр қуриляпти.
Қаерга бормайлик, кўпроқ бир нарса диққатимизни тортаверди – қурилиш, қурилиш, қурилиш… Маъмурий, саноат қурилишларини қўя турайлик, ўн еттинчи йилнинг ўзида туманда бир юз ўнта намунавий уй битказилиб, уларнинг умумий сони беш юз саксон биттага етди. Бу йил яна бир юз етмиш олтита хонадон мана шундай арзон уйларга кўчиб ўтади. Ер юзининг қайсидир минтақаларидаги уруш вайронгарчиликларини кўз олдимизга келтирсак, ўзимиздаги бу манзаралар тинчлик рамзи сифатида дилларга шукроналик бағишлайверади…
… Олтиариқнинг тавсифини, бу гўшада кечаётган яратувчанликларни тўрт-беш варақ қоғозга сиғдириш қийин. Унинг кўрку салобатини тўлиқ тасаввур этиш учун меҳмонга бориб, киши ҳаммасини ўз кўзи билан кўриши лозим бўлади.

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!