Картошкани ёзги, кечки муддатда етиштириш бўйича тавсиялар

86

Кечки картошка етиштиришнинг энг аҳамиятли жиҳати – ушбу муддатда картошка ҳосилдорлиги эртагига нисбатан анча юқори бўлади, узоқ муддат сақланиб, келгуси йилнинг май ойигача ёки эртаги картошка ҳосили пишиб етилгунча етади.

Ушбу ойда картошканинг ўртапишар ва ўртакечпишар навлари экилади. Экиш ишлари марказий вилоятларда жойлашган хўжаликларда 10–30 июнгача муддатда амалга оширилади. Жанубий вилоятларда шундан 15–20 кун кейинроқ, шимолий вилоятларда эса 15-20 кун олдинроқ экиш тавсия этилади.

Картошканинг “Розара”, “Санте”, “Алвара”, “Аринда”, “Белуга”, “Умид–2”, “Пском”, “Кондор”, “Драга”, “Карлена”, “Латона”, “Палма”, “Марфона”, “Пикассо”, “Романо” каби ўртапишар ва ўрта кечпишар – “Тўйимли”, “Диамат”, “Симфония” каби республикамизда экиш учун рухсат этилган бошқа навлари экилади.

Кечки картошка экинига ерни тайёрлашда экин қолдиқларидан тозаланиб, органик ва минерал ўғитлар тавсия асосида солиниб, майдонлар кетма-кет 28–32 см чуқурликда ҳайдалади, ортидан 20–22 см чуқурликда чизелланади. Бороналаш билан бирга молаланиб КРН-2,8 А юмшатгич ёрдамида суғориш эгатлари олинади ва суғорилади. Асосий ер сифатида ажратиб қўйилган ёзги картошка майдонлари 20–25 см чуқурликда юмшатилиб, кейин борона билан бирга молаланади ва суғориш эгатлари олинади.

Дала қондириб суғорилган майдонларга, ер етилиб, экиш механизми кириш мумкин бўлган даврда картошкани СН-4Б русумли мосламада экиш тавсия этилади. Истеъмол учун етиштириладиган картошка туганаклари 70×25-30 см ёки 90×20-25 см оралиқда экилади.

Майдонлар ниҳоллар тўлиқ униб чиқкунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 4–6 кун ўтгач қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига тўрсимон бороналар ёки ротацион борона билан ялписига ишлов бериш катта аҳамиятга эга бўлган муҳим тадбир ҳисобланади. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 10–15 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади, қатор оралари 15–16 см чуқурликда, 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб, юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланиши лозим. Шундан сўнг майдондаги ўсимликлар КРН-2,8 А русумли юмшатгич ёрдамида биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб, кейин қондириб суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов бериш (би-ринчисидан кейин) 25–28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади.

Картошкадан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75–80% бўлиши керак, ана шунда ўсимлик яхши ўсиб-ривожланади.

Бўз тупроқли ерларда тупроқ нами 75–80 фоиздан кам бўлмай, сув даланинг 50–70 см. ли қатламини намласа, ҳар гектардаги картошка 450–600 м3 ҳисобидан, ботқоқ ва ботқоқ-ўтлоқ тупрокли ерларда эса бундан кўра озроқ меъёрда суғорилиши керак. Картошкани неча марта суғориш унинг қайси муддатда экилишига қараб белгиланади.

Кечки картошка ёзда кун айни исиган вақтда экилади. Картошкани экишдан олдин ёки экилиши билан дала албатта суғорилиши зарур. Экиннинг ўсув даври ҳам ҳавонинг айни қуруқ ва тупроқнинг ҳаддан ташқари қизиган пайтида бошланади. Туганаклаш даври кузга тўғри келади, бу вақтда ҳаво ва тупроқ ҳарорати анча пасайиб, ўсув даврининг охирига келганда ёғин-сочин туша бошлайди. Шунинг учун кечки картошка экилиб, майсалар кўриниши биланоқ суғорилиши керак.

Кечки картошка ўсув даврида 8–10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2–3 ҳафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

Сизот суви чукур жойлашган бўз тупроқли ерларда кечки картошка 12–13, сизот суви юза ерларда эса 6–10 марта суғорилади. Уруғлик учун кечроқ экилганларининг ўсув даври қисқароқ бўлганлиги туфайли уларга бир-икки марта сув камроқ берилади.

Картошка ўсимлиги асосий озиқа элементларига ўта талабчан. Кечки муддатда экилган картошкадан юқори ҳосил олиш учун минерал ўғитларни қуйидаги микдорда бериш тавсия этилади:

– қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда етиштирилганда гектарига соф ҳолда 250 кг азот, 180 кг фосфор, 125 кг калий бериш керак.

– ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 200 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади.

Органик ўғитларни жами: фосфорнинг 75 фоизи ерга асосий ишлов бериш олдидан, қолган 25% фосфор, 50% азот билан туганаклар тўлиқ униб чиққанда биринчи комплекс ишловда бериш тавсия этилади. Қолган 50% азот, калий картошканинг қийғос шоналаш даврида ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Р.Ҳакимов, Ф.Расулов

Манба: www.agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!