Ўртача 10 т туганак ҳосили учун тупроқдан 50 кг N, 20 кг Р2О5 ва 90 кг К2О ўзлаштирилади.
Азотли озиқланиш экиннинг ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Тупроқ муҳити нейтрал бўлганда картошка аммоний (NH4+) ионларини, кислоталида – нитрат (NO3–) ионларини яхши ўзлаштиради. Нитратлар ўсимликда аммиакли бирикмаларга айланади. Азот етишмаса поялар кучсиз шохланади ва ўсади, барглар ранги оч-яшил бўлиб пасткилари тўкилади, туганакларга углеводларнинг келиши камаяди, ҳосил ва туганаклардаги қуруқ модда миқдори пасаяди.
Азот меъёридан ортиқ ёки етишмаса ҳам ўсимликка салбий таъсир кўрсатади. Тупроқда етарли миқдорда фосфор ва калий сақланса, азот билан тегишли нисбатда бўлса ўсимлик мўл ҳосил тўплайди.
Бир томонлама мўл азотли озиқланиш ўсимликнинг «семириб» кетишига олиб келади, ҳосилга, крахмал миқдорига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳол гуллашнинг бошланишида ҳосил бўлган туганакларда кузатилади. Кейинчалик пишиши бошланиши билан крахмал тўпланиши ортади, аммо гуллаш давридаги етишмасликни қоплай олмайди.
Туганакларда концероген нитрозааминларни ҳосил бўлиши нитратлар тўпланиши билан боғлиқ. Азотли ўғитлар меъёри гектарига 135-150 кг оширилса нитратлар икки баравар кўп тўпланади. Озиқ-овқатга ишлатиладиган 1 кг туганакда 80 мг, озиқа учун ишлатиладиганида 300 мг дан ортиқ нитрат бўлмаслиги лозим.
Фосфорли озиқланиш углевод ва оқсил алмашинувини яхшилайди, ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишини тезлаштиради, илдиз тизимининг яхши ривожланишига кўмаклашади, туганакларнинг эрта ҳосил бўлишига ва унда крахмал тўпланишига олиб келади. У ўсимликнинг қурғоқчиликка чидамлилигини оширади, сув режимини яхшилайди.
Фосфор етишмаса ўсимликнинг ривожланиши секинлашади, барглар майда, тўқ яшил рангга киради. Баргларда безсимон доғлар пайдо бўлиши ҳам фосфор етишмаслигини кўрсатади.
Калий фотосинтезни жадаллаштиради, углеводлар ҳаракатланишини тезлаштиради, қурғоқчиликка ва совуққа чидамлилигини оширади. Калий озиқланишда етарли бўлса, тозаланганда мағзи қораймайди, замбуруғ ва бактерия касалликларига чидамли бўлади.
Фосфор ва калий азотнинг ўзлаштирилишини яхшилайди. Калий етишмаса, айниқса, аммиакли азотнинг ўзлаштирилиши ёмонлашади. Нитратли азотнинг ўзлаштирилиши фосфор миқдорига боғлиқ.
Азотли бирикмалар асосан ўсимлик вегетациясининг биринчи ярмида ўзлаштирилади. Поя ва баргларнинг сўлиш даврида азотнинг ўзлаштирилиши кескин камаяди.
Картошка типик, калийни севадиган ўсимлик. Тупроқда намлик қанча кўп бўлса ўсимлик ўзлаштира оладиган калий миқдори ҳам шунча кўп бўлади. Шунинг учун калий етишмаслиги қурғоқчил шароитда кўп кузатилади.
Картошка учун органик ва маъданли ўғитлар меъёрини белгилашда тупроқ унумдорлиги ундаги ўзлаштириладиган шаклдаги озиқа моддалар миқдори, картошка нави, ўғитнинг кимёвий таркиби ҳисобга олинади.
Минтақанинг тупроқ-иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, бир гектарга солинадиган гўнг меъёри 20-100 т бўлиши мумкин. Ўртача 1 т гўнг ҳисобига 150-200 кг қўшимча ҳосил олиш мумкин. Картошкага солиш учун ярим чириган гўнгдан фойдаланиш маъқул. Янги, чиримаган гўнгни картошкага солганда тупроқдаги микроорганизмлар жадал ривожланади ва улар нафақат гўнг таркибидаги аммоний азотини балки тупроқдаги азотни ҳам ўзлаштира бошлайди. У ҳол ўсимлик учун азотнинг етишмаслигига олиб келади.
Ҳосилдорлик юқори бўлгандамаълум бирликдаги ҳосилнинг шаклланиши учун нисбатан кам озиқа моддалар сарфланади.