Культивацияни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар

5

Ғўза ниҳолларини тўлиқ ундириб олиш, уларнинг ўсиб-ривожланишини тезлаштириш ва пахта майдонларини бегона ўтлардан тозалашда экин қатор оралари тупроқларини тўлиқ ва сифатли юмшатиш катта аҳамиятга эга.

Бу кўрсаткичларнинг бажарилиши кўп жиҳатдан КХУ-4, КРХ-4, КРТ-4 культиваторларининг соз­лик даражасига боғлиқ:

— культиватор рамалари эгилмаган бўлиши лозим, улар тракторга маҳкам қилиб, ерга нисбатан параллел ҳолда ўрнатилсин (ишлов бериш чуқурлигининг бирдайлиги таъминланади);

— олдинги ва орқа грядиллар стойка, тутқич ва қулфлар воситасида рамаларга пухта бириктирилсин, бунда штангалар ерга параллел бўлсин (ишлов бериш кенглиги бирдай сақланади);

— грядилларнинг носоз втулкалари янгиларига алмаштирилсин, қулфлардаги маҳкамловчи болтларнинг резбалари едирилмаган бўлсин (грядиллар ортиқча тебранмайди);

— минерал ўғит бункерларида тешиклар ва ёриқлар бўлмасин, ўғит солиш аппаратининг ҳамма қисмлари енгил айлансин, ўғит солиш меъёрини ростловчи механизм соз бўлсин (ўғит нобуд бўлмайди ва бирдай сепилади);

— пичоқлар ва стрелкасимон панжалар штангаларга шундай маҳкамлансинки, бунда уларнинг тиғлари узунасига ер сатҳига тегиб турсин, юмшаткич панжалари ва очарларнинг ерга ботиш бурчаги тупроқ шароитига қараб созлансин (агрегатнинг тортишга қаршилиги ошмайди);

— ишчи органларнинг кўтарилиш баландлиги ҳамда ерга ботиш кучи грядил поводокларидаги пружина қулфи халқаларини суриш билан ростлансин (баландлик ва куч меъёрида сақланади);

— трактор ғилдираклари ва грядиллар ҳимоя кожухлари билан жиҳозлансин (ғўза шохлари ва кўсаклари шикастланмайди);

— ишчи органлар завод шароитида тайёрланган ва стойкаларга пухта маҳкамланган бўлсин (ишчи органлар тезда едирилмайди, сифат таъминланади);

— ҳар бир культиватор учун 8 та пичоқ (4 та чап кесувчи, 4 та ўнг кесувчи), 5 та стрелкасимон панжа (ғозпанжа), 4 та юмшаткич пичоқлар ўрнатилган очар, 28 та ККО типидаги юмшаткич, 8 та дискасимон юмшаткич (4 та чап кесувчи, 4 та ўнг кесувчи), 8 комплект ротацион юлдузча тайёрлаб қўйилсин (улардан ғўза қатор ораларига ишлов бериш турига ва тупроқ ҳолатига қараб фойдаланилади);

— пичоқлар ва панжаларнинг қирқиш қирралари ўткир, қийшаймаган ва кертиксиз бўлсин (бегона ўтлар тўла нобуд бўлади, тупроқ майин чиқади);

— барча ишқаланувчи сиртлар мойлансин, культиватор бўялсин (деталлар узоққа чидайди, ёмғирда зангламайди).

Культиваторлар юқоридаги талабларга жавоб берса, ғўза қатор ораларидаги тупроққа майин ишлов берилади ва ҳосил элементлари сира шикастланмайди.

Ғўза қатор ораларида майин, майдаланган тупроқ ҳосил қилиш, ундаги намликни узоқ сақлаб туриш ва далаларда бегона ўтларнинг ўсиб чиқишига йўл қўймаслик культивациянинг сифат кўрсаткичлари ҳисобланади.

Механизаторлар ғўза қатор ораларини биринчи культивациялашга пухта тайёргарлик кўришлари ва бу тадбирни ўта зийраклик билан амалга оширишлари керак. Чунки бу пайтда ғўза ниҳоллари ва уларнинг илдизлари ниҳоятда нозик ва мўрт бўлади. Эътиборсизлик билан берилган биринчи ишлов бир қисм ниҳолларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва тадбирни сифатли ўтказиш қуйидаги талабларнинг тўла-тўкис бажарилишига боғлиқдир:

— далаларда ғўза ниҳоллари униб чиқиб, қаторлар яққол кўриниши билан биринчи культивацияни бошлаш (акс ҳолда агрегатни тўғри юргизиб бўлмайди);

— ишчи органларни тупроққа бирмунча юза ботадиган қилиб ўрнатиш (акс ҳолда нозик ғўза илдизлари ўрнидан қўзғалади ва ниҳоллар нобуд бўлади);

— биринчи культивацияда трактор тезлигини 2,84–4,88 км/соатдан оширмаслик (агрегат барқарор юради);

— ёмғирдан кейин тупроқ бетини қатқалоқ босган ёки бегона ўтлар эндигина униб чиқаётган бўлса культиваторларга қуйидаги ишчи органларни ўрнатиш: ротацион юлдузча – 8 комплект (ниҳоллардан 3–5 сантиметр узоқликда ва 3–5 см чуқурликда); пичоқлар – 8 та (4 та чап кесувчи, 4 та ўнг кесувчи) 6–8 см чуқурликда; стрелкасимон панжалар (ғозпанжалар) – 5 дона, 12–14 см чуқурликда;

— қатор ораларидаги бегона ўтларни йўқотиш мақсадида культиваторга қуйидаги ишчи органларни ўрнатиш: дисксимон юмшаткич – 8 дона (4 таси чап кесувчи, 4 таси ўнг кесувчи), ниҳоллардан 5–7 см узоқликда ва 6–8 см чуқурликда; пичоқлар – 8 дона (4 таси чап кесувчи, 4 таси ўнг кесувчи), ниҳоллардан 9–10 см узоқликда ва 6–8 см чуқурликда; стрелкасимон панжаларни (ғозпанжалар) – 5 дона, эгатнинг ўртасига 12–14 см чуқурликда ўрнатиш.

Ғўза қатор ораларини иккинчи ва кейинги культивациялаш пахта майдонларини ҳар галги суғоришдан сўнг тупроқ тобига келган пайтда ўтказилади. Шундагина майда ва донадор тупроқ ҳосил бўлади.

Кўриниб турибдики, культивациянинг пировард мақсади ҳосилга ҳосил қўшишдир. Шу боис бу тадбирни бажаришни юқори малакали механизаторлар зиммасига юклаш мақсадга мувофиқдир.
       М.Тошболтаев, А.Қорахонов       agro.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!