Кузги буғдой

40

Дон экинлари – буғдой, жавдар, арпа, шоли, сули, маккажўхори, жўхори ва бошқалар.

Дуккакли дон экинлари – ловия, мош, нўхот, соя, вика ва бошқалар.

Мойли экинлар – ерёнғоқ, кунгабоқар, зайтун, рапс, кунжут, зиғир ва бошқалар.

Экиш учун тавсия этилган навлар:  ноқулай шароитларга чидамли, серҳосил, дон сифати юқори, тезпишар ва ўта тезпишар Ёнбош, Андижон–4, Чиллаки, Оқбуғдой,  Туркистон, Жайхун, Яксарт, Хисорак, Бобур, Само, Ниҳол, Фазо каби навларни экиш тавсия қилинади.

Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиш учун йирик, 1000 дона доннинг вазни 40–42 г. дан кам бўлмаган, сараланган, бутун (синмаган), уруғликларни танлаш зарур. Экишдан олдин уруғлик дон бегона аралашмалардан тозаланади. Сифатсиз уруғлар экилганда ниҳоллар тўла униб чиқмайди, униб чиққан майсалар ҳам нимжон, турли ноқулай омилларга чидамсиз бўлади, яхши тупламайди, қишки совуқлардан қаттиқ зарарланади. Демакки, ниҳол сони кескин камайиб кетади.

Ер тайёрлаш. Дастлаб экин майдони ўтмишдош экинлар қолдиқларидан, бегона ўт поялари ва илдизлари, бошқа ёт нарсалардан тозаланади. 1 сотихга      180–200 кг (10 сотихга 1,8–2 т) чириган, тоза гўнг солинади. Ер 18–20 см чуқурликда юмшатилиб, катта кесаклар майдалангач экишга тайёрланади.

Экиш. Мақбул экиш муддати 20 октябрдан 20 ноябрьгача. Уруғлик 1 сотихга 2–2,5 кг (10 сотихга 20–25 кг) ҳисобида сепилади ҳамда тупроққа 3–4 см чуқурликда вертикал симли паншаха (грабли) ёрдамида аралаштирилади. Агар уруғлар тупроққа белгиланган чуқурликка кўмилмаса, ўсимликни тупланиш бўғини юза жойлашиб, уни ётиб қолишга мойиллиги ошади. Пояларнинг ётиб қолиши эса ҳосилдорликнинг камайишига олиб келади. Уруғлар тупроққа яхшилаб аралаштирилгандан сўнг жўяк ёки пол олинади. Экишни асло кечиктирмаслик керак. Акс ҳолда ниҳоллар қишки тиним даврига тўла туплаган ҳолда кирмайди ҳамда қишки совуқлар ва турли касалликларга чидамсиз бўлиб қолади.

Парваришлаш. Кузги буғдой уруғи экилиб, жўяк ёки пол олингандан кейин ниҳолларни тўла ундириб олиш учун дарҳол уруғ суви берилади. Бунда ер, айниқса, жўяклар тўла намланиши лозим. Кейинги суғоришлар баргларининг ҳолатига қараб ўтказилади. Ўсимлик чанқаса барги тўқлашади, букланганда синмайди. Умуман, ғаллани 3–4 марта шарбат усулида суғориш зарур. 1 сотих майдонга соф ҳолда 1,5–2 кг азотли ўғит сепилади. Ғаллазорни бегона ўтлардан тозалаш доимий равишда амалга оширилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Аҳоли томорқаларига экилган бошоқли дон экинлари асосан қўл кучи ёрдамида ўрилиб, ғарамланади. Ҳосил янчиш мосламалари ёки комбайнлар ёрдамида янчиб олинади. Етиштирилган дон ҳосилини муддатидан кечиктириб йиғиштириш ҳосилдорликнинг пасайишига, доннинг бекорга нобуд бўлишига олиб келади. Буғдой сомони чорва моллари учун озуқадир.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!