Маккажўхорини озуқалантириш бўйича тавсиялар

Замонавий дурагайлар 1 тонна дон хосил қилиш учун ердан 24-32 кг азот, 10-14 кг фосфор, 25-35 кг калий, 6-10 кг магний ва кальций, 3-4 кг олтингугурт, 11 гр бор, 14 гр мис, 110 гр марганец, 0,9 гр молибден, 85 гр цинк, 200 гр темир тортиб олади.
Маккажўхори озиқланиш ва ривожланиш даврини иккита мухим босқичга бўлиш мақсадга мувофиқ: 5-7 барг ва 9-10 барг чиқариш давридан то попук чиқаришгача бўлган давр.
Маккажўхорининг биринчи ривожланиш даврида репродуктив органлари шаклланади. Келажакдаги хосилнинг юқори бўлиши биринчи даврдаги озуқа моддалари, айниқса фосфор моддасига жуда боғлиқдир. Ушбу даврда маккажўхори нимжон бўлиб ўсади, озуқа моддаларидан кам фойдаланади. Илдиз системаси кучсиз ривожланган ва ердаги озуқа моддаларини яхши ўзлаштира олмайдиган бу даврда, осон ўзлаштириладиган моддалар, айниқса фосфор билан таъминлаш мухим шартлардан бири хисобланади. Маккажўхори униб чиққандан сўнг 10-15 кун ўтиб, унинг фосфорга бўлган талаби критик нуқтага етади. Фосфор моддаси илдиз системасини ривожлантириб, маккажўхорининг кўпроқ озуқаланишига ва репродуктив органларининг шаклланишига олиб келади. Маккажўхорини 5-7 барг чиқарганидан сўнг баргидан озиқлантиришни бошлаш керак. Озиқлантириш 3 хафта давомида, ҳар хафта 2 мартадан, ОВХ ѐки қўл пуркагичларида амалга ошириш керак бўлади. Бу даврда маккажўхори фосфор моддаси ва микроэлементларга жуда талабчан бўлади. Ушбу даврда карбамиднинг 4% лик эритмасида (100 литр сувга 4 кг карбамид) баргдан озиқлантириш хам яхши натижа беради. Баргдан озиқлантириш эрталаб ва кечки пайт, 20 ° С даражадан баланд бўлмаган ҳароратда амалга оширилса таркибдаги азотни ўзлаштириш осон бўлади. Бунда таркибдаги азотнинг 90-95%и тез ва осон ўзлаштирилади. Карбамид билан баргдан озуқани пестицид ва турли микроўғитлар билан биргаликда қўллаш кимѐвий воситалар таъсирини ошириб, улар келтириб чиқарадиган стрессли омиллардан асрайди.
Маккажўхорининг иккинчи ривожланиш даври жадал ўсиш даври хисобланиб, 17-20 сутка давом этади. Ушбу қисқа давр мобайнида ўсимликнинг асосий массаси шаклланиб, озуқа моддалардан азот ва фосфорнинг умумий миқдоридан 50%, калийнинг эса 70% ни ўзлаштиради. Ушбу давр азотли ўғитга кескин талабчан давр хисобланади. Бу даврда ўсимликни азот билан таъминлаш самарали хисобланади.
Маккажўхори попук чиқариб, гуллаш ва сут тўлиш даврида калийга талаби ошади.
Минерал ўғитлар ривожланиш даврининг турли фазаларида қўлланилади. Уруғ экишдан 10-14 кун олдин фосфорли ўғитларнинг 100%ни, маккажўхорининг 1-ривожланиш даврида азотли ўғитнинг 20%, 2-ривожланиш даврида эса 80% ни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Фосфор етишмовчилиги

Манба: zea.uz