Микотоксикозлар ва уларни ташҳислаш усуллари

Аннотация

Ушбу мақолада ҳайвонлар ўртасида кенг тарқалган озуқадан захарланиш – микотоксикозлар, уларнинг этиологияси, замбуруғларга мансуб асосий токсинлар, микотоксикозларни ташҳислаш усуллари ва амалий текшириш натижалари баён қилинган.

Аннотация

В данной статье приводятся данные по этиологии, описание основных токсинов грибкового происхождения, методы диагностики микотоксикозов и результаты практических исследований.

Annotation

This article provides data on etiology, a description of the main toxins of fungal origin, methods of diagnosis of mycotoxicosis and the results of practical research.

 

Калит сўзлар: Ҳайвонлар, микотоксикозлар, афлотоксин, охротоксин, зеареленон, Т-2 токсини, сатротоксинлар, аспергиллёз, фузариотоксикоз, стахиботриотоксикоз.

 

Маълумки, ҳар бир чорвалик хўжаликларида мўл-кўл, тўйимли ва сифатли ем-хашак базасини яратиш чорва моллардиан юқори маҳсулот олишнинг гарови ҳисобланади. Ҳайвонларга бериладиган кундалик озуқалар турли тўйимли моддалар, витаминлар ва минералларга бой бўлиб, ҳайвонлар организмининг талабини қондириши, уларнинг соғлиги, ўсиши ва ривожланиши ҳамда маҳсулотлари сифатига салбий таъсир қилмаслиги лозим. Чунки ҳайвонлар учун бериладиган кундалик озуқалар биринчи навбатда уларнинг маҳсулдорлиги, серпуштлиги, саломатлиги, ўсиши ва ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади.

Чорва моллари, паррандалар ва балиқлар учун мўлжалланган озуқаларни ўз вақтида белгиланган тартибда тайёрлаш, йиғиштириш, ташиш, сақлаш каби тегишли технологик жараёнларни белгиланган тартиблардаа амалга оширмаслик, яъни тегишли технологик талабларга риоя этмаслик ҳолатилари уларнинг озуқавий сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ўсимликларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган турли хил кимёвий моддаларни қўллаган ҳолда ўсимликларни парваришлаб, улардан чорва моллари учун ем-ҳашак жамғариш орқали ёки турли озуқаларни ноқулай шароитларда нотўғри сақлаш натижасида пестицидлар ёки микотоксинлар билан ифлосланишига, бу эса ўз навбатида ҳайвонларнинг заҳарланишига сабаб бўлади. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бўлган қатор чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик балиқчиликка ихтисослашган хўжаликларда мавжуд озуқаларни нотуғри сақлаш натижасида ҳайвонларнинг микотоксикозлари, яъни микротоксинлардан захарланиш холатлари учрамоқда.

Микотоксинлар турли патоген замбуруғлар хаёт фаолияти маҳсулоти бўлиб, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, паррандалар, ўй ҳайвонлари, шунингдек инсонлар учун ҳам ҳавфли захар бўлиб ҳисобланади. Микотоксинлар грекча mukos — замбруғ, toxikon — захар сўзларидан олинган бўлиб, микроскопик моғор замбруғлари томонидан ишлаб чиқариладиган паст молекуляр, иккиламчи метаболитлар табиатига эга бўлган токсинларга айтилади. Микотоксикозлар деб захарли замбуруғларнинг токсинларидан захарланиш натижасида келиб чиқадиган касалликлар гуруҳига айтилади. Бу касалликлар микотоксинлар билан зарарланган озуқалар — омухта-ем, пичан, селос, сенаж каби озуқалар орқали организмга тушиши натижасида пайдо бўлади.

Микотоксикозларга сабаб бўлувчи замбуруғлар 2 гуруҳига бўлинади:

  1. Паразит замбуруғлар — ўсимлик ва ҳайвон организмида яшаб, ўзидан токсин ажратиб зарарлайди.
  2. Сапрофит замбуруғлар — атроф-мўҳитда кенг тарқалган бўлиб, ҳайвонларга бериладиган озуқаларни нотўғри сақлаш, озуқалардаги намлик миқдорининг меъёрдан юқори бўлиши натижасида озуқалар таркибида бундай замбуруғлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетади. Замбуруғларнинг бундай кескин кўпайиши билан бир қаторда улардан ўзига хос токсинлар ажрала бошлайди, пировард натижада бундай озуқалар яроқсиз ҳолга келади ва уларни озуқа мақсадларида қўллаш мумкин эмас. Замбуруғлар ва уларнинг токсинлари билан зарарланган бундай озуқаларни юқори ҳароратда қиздириш орқали замбуруғлардан тозалаш мумкин, бироқ улар томонидан ажратилган токсинларни эса бу усулда йўқотиб бўлмайди. Таассуфки, аксарият фермерларда, чорвадорларда ва хатто мутахассисларда токсинларни термик усулда йўқотиш мумкин деган мазмундаги нотўғри тушунча мавжуд.

Ҳайвонлар замбуруғлар томонидан ажратиладиган токсинларга ўта таъсирчан бўлиб, улар организмида токсин ва захарларга қарши турувчи иммун тизим шаклланмаганлиги туфайли микотоксикозларга қарши имунитет ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳайвонларни озиқлантириш учун бериладиган турли озуқа маҳсулотлари ҳайвонларга беришдан олдин кимё-токсикология лабораторларида тегишли текширишлардан ўтказиш талаб этилади.

Замбуруғларни ташқи муҳитда кўпайиб ривожланиши учун ҳарорат ва намлик энг керакли омиллардан бўлиб ҳисобланади. Агарда қуруқ масса ҳолатига эга бўлган сомон, похол, пичан сингари озуқаларда намлик 16% дан кам бўлса замбуруғлар кўпая олмайди. Аксинча озуқалар таркибида намликнинг 16% кўп ва ҳароратнинг 15°С — 37°С атрофида, оптимал ҳарорат эса 26°С — 32°С бўлиши уларни гуркираб ривожланишига сабаб бўлади. Ёруғлик нури эса замбруғларнинг кўпайиши ва ривожланиши учун аҳамиятсиздир. Пичан, сенаж, силос, омухта-ем, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни нотўғри сақлаш, уларда намликнинг юқори бўлиши, шунингдек силос ва сенаж таркибида мой кислотанинг кўп бўлиши микотоксинларнинг купайиши учун қулай шароит хисобланади.

 

Микотоксинлар классификацияси

Микотоксинлар қайси турга кирувчи замбуруғлар томонидан ажратилишига кўра бир нечта турларга бўлинади. Булар қуйидагилар:

  1. Афлотоксинлар – поликетидлар синфига кирувчи ўта хавфли микотоксинлар гуруҳи бўлиб, Aspergillus замбруғлар авлодининг A. flavus ва A. parasiticus турлари томонидан ишлаб чиқарилади. Бу замбуруғлар асосан намгарчилик юқори бўлган минтақаларда, шу жумладан юртимизда ўсимликларнинг донларида, уруғларида ва меваларида ривожланади.
  2. Охротоксинлар – микотоксинлар гуруҳи бўлиб, Aspergillus ва Penicillium авлодига мансуб замбуруғлари томонидан ажратилади. Охратоксинларнинг қуйидаги турлари мавжуд: охратоксин А, охратоксин В, охратоксин С ва охратоксин D. Улардан энг кўпроқ захарлиси охратоксин А бўлиб ҳисобланади. Организмга тушган бу токсин мушак тўқимасида 2 ҳафта, жигарда — 3 ҳафта, буйракларда — 4 ҳафтагача сақланади.
  3. Зеареленон – замбруғларнинг Fusarium авлодига кирувчи F. graminearum, F. tricinctum турлари томонидан ажаратилади, резорцил кислотасининг лактон гуруҳи қаторига кириб, анаболик ва эстроген таъсири билан таърифланади.
  4. Т-2 токсини – моғор замбуруғларининг Fusarium авлодига мансуб турлари томонидан ажратилади. Т-2 токсини органик бирикма трихотеценли микотоксин бўлиб, ҳайвонлар ва одамлар учун кучли захар бўлиб ҳисобланади. Т-2 токсини иссиқ ҳароратга чидамли, унинг эриш ҳарорати 151-152° С ни ташкил этади. Захарланиш моғорлаган ғалла ёки уни истеъмол қилиш оқибатида юзага чиқади.
  5. Сатротоксинлар (A, H ва G, роридин E, веррукарин-1 ва бошқа токсинлар) — Stachybotrys alternans моғор замбуруғи томонидан ажратилади. Қишлоқ хўжалик ҳайвонларида оғир, ўткир кечувчи стахиботриотоксикоз захарланиш касаллигини келтириб чиқаради. Ҳайвонлар St. alternans замбуруғлари билан зарарланган озуқаларни истеъмол қилиши ёки зарарланган тўшамалар орқали касалланади.

 

Микотоксикозлар ва уларнинг ҳайвон организмига таъсири

Микотоксикозлар – бу қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг озуқадан захарланиши натижасида келиб чиқадиган касалликлар гуруҳи бўлиб, бундай касалликлар ҳайвонлар организмига микроскопик замбуруғларларга мансуб захарларнинг тушиши натижасида вужудга келади. Бунда замбуруғларнинг ўзлари ҳайвон организмида паразитлик қилмайди.

Аспергиллёз. Аспергиллёз одам ва ҳайвонларнинг Aspergillus авлодига мансуб замбуруғларнинг токсинларидан захарланиши натижасида келиб чиқадиган касаллик бўлиб ҳисобланади. Бронхопульмонал аспергиллёз, ноинвазив аспергиллёз ва ўпкаларнинг инвазив аспергиллёзи касалликнинг кўпроқ тарқалган шаклларидан бўлиб ҳисобланади. Замбуруғ 16-30% бўлган намликда яхши кўпаяди ва токсин ажратади. Замбуруғ токсилари озуқалар орқали алиментар йўл билан ҳайвон организмига кириб, қонга сўрилади. Натижада организмда оқсил ва нуклеин кислота синтези бузилиб, ишқорий фосфотазанинг фаоллигини ошади. Аспергиллёз касаллигини чақирувчи токсинларига ёш моллар, шу жумладан жўжалар жуда сезгир бўлиб, катта ёшдаги ва бўрдоқига боқилган ҳайвонларнинг сезгирлиги паст бўлади.

Захарланган ҳайвон организмининг қўзғалувчанлиги вақтинча ошади. Мувозанат бузилиб, мускуллар қалтираши, ошқозон-ичак тизими физиологик ҳолати издан чиқади. Ич кетиши содир бўлади, юракда тахикардия кузатилади, касалланган ҳайвонда пульс ва нафас олиш сони камаяди. Бўғоз ҳайвонларда бола ташлаш ҳолати қайд қилинади.

Охратоксикоз. Охратоксикоз охратоксинлар билан зарарланган озуқаларнинг ҳайвонлар организмига тушиши натижасида вужудга келади. Охратоксикоз касаллиги шиллиқ пардалар яллиғланиши, иштаха йўқолиши билан намоён бўлиб, ҳайвон қонида оқсил, ишқорий фосфотаза, мачевина активлиги ошади. Айниқса охратоксинлар буйракларга жиддий таъсир кўрсатади, жумладан буйрак тўқималарининг некрозига олиб келади. Шунингдек охратоксикоз билан касалланган бўғоз ҳайвонларда бола ташлаш ҳолати кузатилади.

Фузариотоксикоз. Фузариотоксикоз замбруғларнинг Fusarium авлоди томонидан ажратиладиган микотоксинлар билан зарарланган озуқалар билан боқилган қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ва паррандаларда учрайдиган касаллик. Замбуруғлар кўпинча дала ва боғда қор тагида қолган, қуриган ўсимликлар, пичан, ҳашаклар, донли емишларда ривожланади ва токсин ажратади. Чорва моллари орасида яйловларда ана шу микотоксинлар билан зарарланган озуқаларни истеъмол қилиши натижасида захарланишлар рўй беради. Микотоксинга барча турдаги ҳайвонлар, паррандалар, қушлар ва хаттоки одамлар сезгирдир. Бу касаллик асосан кеч куз ва эрта баҳорда кўпроқ учрайди. Ҳайвонларда касаллик ўткир, ярим ўткир, сурункали шаклларда кечади. Асосан иштаха йўқолиши, ич кетиши, умумий титроқ билан намоён бўлади, нафас олиш ва юрак уриш сони ошади, мувозанат йўқолади. Агар ветеринария ёрдами кўрсатилмаса ҳайвон нобуд бўлади.

Стахиботриотоксикоз. Стахиботриотоксикоз ҳайвонларнинг Stachybotrys alternaus захарли замбуруғлар билан зарарланган озуқаларни қабул қилиши натижасида пайдо бўлувчи оғир, юқумсиз захарланиш касаллиги бўлиб, геморрагик диатез, шиллиқ пардаланинг некрози, ошқозон ичак йўли функциясининг бузилиши билан намоён бўлади. Замбуруғлар асосан намлик миқдори меъёридан юқори даражада бўлган ҳолларда силос, сенаж, дағал хашак, сомон, похол, омухта ем, макка жўхорини зарарлаб, уларнинг сиртини қора рангга бўяйди. Касаллик отларда оғир формада кечади, табиий шароитда қорамол, қўй, эчки, чўчқалар камроқ касалланади. Касалланган ҳайвонларнинг сути орқали, уларнинг сутини қабул қиладиган ёш ҳайвонлар ҳам захарланади. Токсинлар ҳайвон организмининг марказий нерв системасига таъсир кўрсатади, шиллиқ қаватларда яллиғланиш ва некроз холатларини чақиради, қон қуюлишлар, бурун ва оғиздан шиллиқлар оқиши кузатилади. Ҳайвонлар озуқа қабул қилишга қийналади, иштаҳаси йўқолади, тана ҳарорати дастлабки пайтларда меъёрида бўлиб, кейинчалик кўтарилади.

 

Лабораторияда озуқаларни микотоксинларга текшириш усуллари

Чорвачилик ва балиқчиликка ихтисослашган хўжаликларида мавжуд озуқалар сифат кўрсаткичлари барқарорлигини таъминлаш учун хўжалик омборларида барча турдаги озуқаларнинг тўғри сақланишига эътиборни қаратиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек чорва моллари, паррандалар ва балиқларни боқиш учун ишлаб чиқарилган ёки омухта ем корхоналаридан келтирилган озуқа маҳсулотлари ишлатишдан олдин, даставвал лабаратория текширувидан ўтказилиши керак. Ҳайвонларга мўлжалланган озуқалар ўтказилган лаборатория текшириш натижаларига кўра мутахассис томонидан озуқадан фойдаланиш мумкинлиги ёки уни йўқ қилиш ҳақида кўрсатмалар берилади. Давлат ветеринария хизмати тизимига кирувчи Давлат ташхис марказларининг токсикология лабараторияларида, шунингдек корхона ва хўжаликларнинг хусусий лабораторияларида ҳайвонлар озуқасини органолептик, микроскопик, микологик, биологиc усулларда текшириш йўлга қўйиган.

 

Органолептик усул

Дастлаб озуқаларнинг барча тўри кўздан кечирилади ва уларни сақлаш шароити ўрганилади, сўнгра лаборатория текширишлари учун алоҳида намуналар дастлабки ҳамда ўртача намуналар сифатида танлаб олинади.

Намуналарнинг ташқи кўриниши, консистенцияси, намлиги, сочилувчанлиги кўздан кечирилади. Озуқа маҳсулотлари органолептик усулда текширилганда уларнинг ҳиди ва рангига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳиди: текшириладиган озуқадан 20 гр намуна олиниб чинни (фарфор) идишга солиниб, устидан 60-70°С сув қуйилади. Сўнгра 2-3 дақиқадан ўтгач сув тўкиб ташланиб, ҳидлаб кўрилади. Агар намунада айниган, чириган, моғор ҳиди бўлса, унда замбуруғ борлигига тахмин қилинади.

Ранги: қуруқ озуқа намунаси оқ қоғозга солиб кўрилади. Агар намуна таркибида замбуруғ бўлса қора, унда кўк, яшил ранглар кўрилади.

Стахиботриослар — қора, фузариумлар — хира қора рангли, баъзан пушти, қизил-қўнғир рангли, аспергилус ва пинитсиллиум — яшил, кулранг, кўкимтир рангда бўлади.

Ҳар доим ҳам озуқа маҳсулотларини органолептик усулда текшириш аниқ ташхис қўйишга имкон бермайди. Шунинг учун намуналарни бошқа усулларда текшириш давом эттирилади.

 

Микроскопик усул

Озуқа намунасида зарарланиш жойлари ёки шубҳали ўчоғлар топилганда замбуруғли пленкалар олинади ва предмет ойнасидаги физиологик эритма ёки сув томчисига аралаштирилади, ёпқич шиша билан ёпилади ва микроскоп остида қаралиди. Бунда микроскоп остида замбуруғлар спорасини кўриш мумкин.

 

Микологик усул

Намуналарни микологик усулда текшириш учун улар тегишли озуқа муҳитларига экиб кўрилади. Замбуруғларни унли ва донли озуқалардан бирламчи ажратиб олиш учун бирламчи экмалар экилади. Бирламчи экмалар учун одатда Чапек агарли муҳити, кейинчалик Сабуро муҳитлари ишлатилади. Замбуруғлар турлари ва хилларини дифференциация қилиш мақсадида ҳар бир алоҳида ҳолатда экма экишнинг махсус усул ва техник приёмлари қўлланилади. Бу усул орқали озуқада айнан қандай замбуруғ борлигини, уларнинг дифференциациясини, озуқа муҳитларга экиб улардан култура ажратиш орқали аниқ ташхис қўйиш мумкин.

 

Биологик усул

Бу усул намуналаридан суспензиялар олиниб, микроскопик инфузорияларга ва лабаратория ҳайвонларидан оқ сичқон ва қуёнларга бевосита юбориш, биосинов қўйиш орқали амалга оширилади. Биологик усулда озуқадаги токсин бор-йўқлиги, унинг миқдори аниқланади.

  1. Инфузорияларда аниқлаш: Келтирилган намунадан 20 гр тегирмонда майдалаб колбага соламиз ва устига 100 мл дистилланган сув қуйиб 15 дақиқа чайқатилади. Сўнгра 20 дақиқа тиндирилади. Тиндирилган экстрактни фильтр қоғоздан ўтқазиб, махсус чуқурчали буюм ойначасига 3 томчи томизилади. Сўнгра инфузориялар авлодига мансуб парамециялар сақланаётган сувдан 3 томчи томизилади. Микроскоп орқали парамециялар ҳолати текширилади. Уларни ўлиши ёки тирик қолишига қараб токсин бор ёки йўқлиги аниқланади. Бу тезкор усул бўлиб, 3-4 соат давомида таҳлил натижаси чиқади. Бу усулнинг камчилиги хона ҳарорати паст даражада, яъни совуқ бўлганда парамециялар карахт ҳолатга тушади, уларнинг ҳаракати сусаяди. Микроскопда кузатилганда бу ҳолат уларнинг ўлган ҳолатига ўхшаб кўринади. Бундай ҳолатда аниқ ташхис қўйиб бўлмайди. Шунинг учун текшириш ўтказилаётган хона ҳарорати илиқ даражада бўлиши талаб этилади.
  2. Қуёнлар терисига биосинов қўйиш: Тажриба учун оқ рангли қуёнлар танлаб олинади. Текширилаётган намунадан ГОСТ-31674-2012 бўйича экстракт тайёрлаб олинади. Сўнгра тажриба қуёнларининг сон, ёнбош, курак соҳаларидаги мўйнаси (жуни) олинади. Бунда эҳтиёткорлик билан қуён терисига шикаст етказмасдан майдончалар очилади. Сўнг бу майдончаларга тайёрланган экстракт суртилади. Намуна экстракти қуённинг тозаланган терисига 3 кун давомида суртилади. Экстракт таркиби бузилмаслиги учун музлатгичда сақланади.

Қуён ҳолати кузатиб борилади. Агар 3 кундан сўнг қуён терисида оддий қизариш ҳолатлари пайдо бўлиб, бу қизаришлар тез орада йўқолиб кетса салбий натижа ҳисобланади. Агар қуён терисида геморрагия, турли катталикдаги яра-чақалар, шунингдек дермонекрозлар ҳосил бўлса ижобий натижа ҳисобланади. Тажриба учун олинган қуёнлар ушбу тажриба учун бир маротаба қўлланилиши мумкин.

  1. Оқ сичқонларга биосинов қўйиш: Тажриба учун 5 бош оқ сичқонлар олинади. ГОСТ-31674-2012 бўйича экстракт тайёрлаб олинади. Ушбу экстракт учи тўмтоқ махсус шприц ёрдамида 0,5 см куб миқдорда сичқонларга ичирилади ва уларнинг ҳолати 3 кун давомида кузатилади. Агар текширилаётган намунада захар бўлмаса сичқонлар тирик қолади. Уларнинг танаси ёриб кўрилганда ҳеч қандай патологик ҳолатлар кузатилмайди. Агар намунада захар бўлса, сичқонлар орасида ўлим кузатилади. Тажриба остида бўлган сичқонлар ёриб кўрилганда ошқозон-ичак тизимида геморрогик яллиғланишлар, жигар, талоқ, буйрак, паренхиматоз органларда қон қуюлишлар кузатилади.

Ҳозирги кунда микотоксинларни замонавий технологиялар ёрдамида ташҳис қўйиш йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун озуқа маҳсулотлари таркибидаги замбуруғларнинг токсинлари ИФТ (иммунофермент тахлил) ва ЮССХ (юқори самарадорли суюқлик хромотографияси) ёрдамида аниқланади. Бу текшириш усуллари ўта сезгир усуллар бўлиб, замбуруғларнинг токсинларини, уларнинг миқдорини тез, осон ва юқори самара билан аниқлаш имконини беради.

 

Амалий текшириш натижалари

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат марказига қарашли Токсикология лабораториясида 2018-йил давомида келтирилган 77 та (озиқ-овқат маҳсулотлари, омухта-ем, пичан, селос, сенаж, турли озуқалар) намуналар токсикологик текширишлардан ўтказилди. Натижада 57 та таҳлилда салбий (заҳарсиз), 19 та таҳлилда кучсиз заҳарли ва 1 та таҳлилда ўта заҳарли натижалар қайд қилинди. Олинган натижалар бўйича мурожаатчиларга тегишли хулоса ва тавсиялар берилди.

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Арестов И.Г., Толкач Н.Г. Ветеринарная токсикология -Минск “Ураджай” 2000. — 344 с.
  2. Антонов Б.И., Федотова В.И., Сухая И.А. Лабораторные исследова-ния в ветеринарии. Под ред. Антонова Б.И.М.: Агропромиздат, 1989.-319с.
  3. ЖуленкоВ.Н., Рабинович М.И., Таланов Г.А. Ветеринарная токсикология. М.: Колос, 2001.
  4. Ветеринарная токсикология / В.Н. Белявский // Учебно-методическое пособие к проведению лабораторно-практических занятий. – Гродно, 2006. -80 с.
  5. Вильнер А.М. Кормовые отравления. Л.: Колос. 1974. — 408 с.
  6. Гусынин И.А. Токсикология ядовитых растений. Л.: Сельхозгиз. 1962. — 624 с.
  7. Кондрахин, И.П. Справочник ветеринарного терапевта и токсиколог: справочник / И.П. Кондрахин, В.И. Левченко, Г.А. Таланов; под редакцией проф. И.П. Кондрахина. – М.: Колос С, 2005. – 544 с.
  8. Котик А., Труфанов О. В., Труфанова В. А. Словарь токсикологических терминов, Харьков: НТМТ, 2006.— 100 с.

(ТДАУ)  оцент, Ҳ.П.Нурмаматов, (ТДАУ) ассистент, М.А.Шарапов,

Республика хайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат махсулотлари хавсизлиги Давлат маркази ходими А.А.Юсубахмедов

 

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!