ОЧИҚ ДАЛАДА ҚОРА ПЛЁНКА ЁРДАМИДА МУЛЧАЛАШ ОРҚАЛИ ПОМИДОР ЕТИШТИРИШ

Эни 50 см кенгликдаги қора полиэтилен плёнка билан экиш эгатлари мулчаланади. Плёнканинг ҳар икки тарафидан 10 см қисми тупроқ билан ёпилади. Плёнканинг эгат юзасидаги очиқ қисмини симметриясидан ҳар 30 см оралиқда 2-2,5 см кенгликда тешилиб, 1,5-2 см чуқурликда помидор уруғлари экилади. Қора плёнка экилган уруғларини эрта ва тўлиқ униб чиқишини таъминлайди.

Майдоннинг плёнка билан ҳимояланган қисмида бир йиллик бегона ўтларни униб чиқиши ва ўсиб ривожланиши тўхтайди, тупроқ юмшоқ ва нам ҳолда сақланади. Ўсимликларнинг илдиз қисми баъқувват бўлиб ривожланади, тупроқнинг чуқурроқ катламигача ўсиб бориши таъминланади. Помидор ўсимликларини курғоқчиликка ҳамда касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширади.

Экиш схемаси: 70х30 см, (140х30)2 см. Ўсимликлар сони — 47,6 минг дона/га. Экиш муддати: 20 март — 5 апрел. Плёнканинг қалинлиги-12-15 мк. Плёнка сарфи — 100 кг/га.

Томатдош экинларни кўчатлар орқали етиштиришга нисбатан уруғлари билан экиб, қора плёнка орқали мулчалаб парваришлаш усулини қўллашда 20 дан ортиқ технологик жараёнлар қисқаради, сув сарфи 15-20% иқтисод қилинади ва ҳосилдорлик 18-20% ошиши таъминланади. Кўчат етиштириш учун кетган сарф-харажат қисқаради.

Помидорни ўғитлаш. Ўтлоқ ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларга гектарига 20 тонна гўнг, N160P120 K80кг солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Минерал ўғитлар тук холатида қуйидагича солинади:

карбамид — гектарига 440 кг, аммофос — 261 кг, калий хлор — 160 кг.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у холда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади. Ҳайдовдан олдин аммофос — гектарига 196 кг, калий хлор — 120 кг.

Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг уларни тез ўса бошлаган даврда:

аммофос — гектарига 64,8 кг, калий хлор – 40 кг, карбамид-220 кг ёки сульфат аммоний — гектарига 380 кг бериш тавсия этилади.

Иккинчи озиқлантиришда — ўсимликнинг биринчи ва иккинчи тўпгулни ялпи гуллаши даврида: карбамид гектарига — 220 кг ёки сульфат аммоний гектарига 380 кг бериш тавсия этилади.

Бўз тупроқлар. Помидор етиштиришда суғориладиган бўз тупроқлар гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150 K100 солиниши тавсия этилади.

Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларини 50% га камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат)лар қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус — гектарига 8 тонна, вермигум 8 тонна, органик микробиологик ўғит — 20 кг, биоазот-гектарига 2 литр қўллаш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Помидорни суғориш. Помидор кўчати учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 75-80%, бўлиши лозим. Кўчат қилиб ўстирилган ва ер юзида илдизлар ҳосил қилган ўсимликлар, уруғдан экилиб илдизлари бир мунча чуқур таралган экинларга қараганда сувга анча талабчан бўлади. Помидорни сизот суви юза ерларга экиш ярамайди. Помидор қуруқ иқлим шароитида ўстирилганда ҳамма вақт тупроқ сернам бўлиб туришини ҳоҳлайди.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда помидор ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал гектарига 500 — 600 м3 ҳисобидан 18-20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ–ботқоқ тупроқли ерларда 12-15 марта суғорилади. Аммо бундай ерларда гектарига 600-800 м3 ҳисобидан сув бериш керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10-12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5-7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

Манба: @AGROBLOGER канали

Дўстларингизга ҳам улашинг!