Олма қурти (Carpocapsa pomonella L) зараркунанда тангақанотлилар туркумига, баргхўрлар оиласига киради. У Европада, Крим, Кавказ, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Ўрта Осиё мамлакатларида кенг тарқалган. Бу зараркунанда олма мевасига, баъзан нок, беҳи, ўрик, шафтоли ва анорга ҳам жиддий зарар келтиради.
Олма қурти, агар олди олинмаса, меваларнинг 60-70 фоизига зарар келтиради. Зараркунанда билан зарарланган мевалар тўкилиб кетади, сифати паст бўлади. Бу зараркунанда олигофог ҳашаротлар гуруҳига киради. Ҳашарот ривожланиш даврида тўлиқ ривожланиш фазаларини ўтайди. Яъни тухумлик, қуртлик, ғумбаклик ва вояга етган имого капалаклик даврларни бошидан кечиради. Олма қуртининг оғзи кемирувчи бўлиб, гипогнатик типга киради. Бу зараркунанда кўпроқ уруғлик мевали дарахтларга жиддий зарар келтиради. Олма қурти капалагининг олдинги қанотлари тўқ кулранг бўлиб, улар ёзилганда 14–22 мм. га тенг, қанотларининг орқа тарафи очроқ. Қуртнинг танаси оқиш, орқаси эса пушти ранг бўлади. Вояга етган қуртлар пўстлоқлар остидаги ўргимчак пиллаларда, олма дарахти ёриқлари ва шохларидаги кавакларда, олма сақланадиган омборхона, тупроқ юза қатламида ва барглар остида қишлайди.
Эрта баҳорда ҳаво ҳарорати ўртача 10 даражадан паст бўлмаганда, олма ғунчалари ранг олаётган вақтда қуртлар ғумбакка айланади. Олма гуллаган вақтидан 2–3 ҳафта ўтгач, ғумбакдан капалаклар чиқа бошлайди. Яъни улар вояга етган имаголик даврига ўтади. Капалаклар асосан қоронғи тушиши билан дарахт устида учади. Урғочиси 15 даража иссиқ бўлганда олма, нок, беҳи, ўрик, шафтоли ва анор шохларининг тепа қисмидаги барг ва тугунчаларига тухум қўяди. Олма қурти билан зарарланиш дарахтларнинг юқори қисмида кўпроқ бўлади. Битта капалак 50–60 тагача тухум қўяди. Тухумдан чиққан қуртлар меванинг ичидаги эти ва уруғи билан озиқланади. Қурт меванинг сиртидан томирига ўтиши учун бурама канал очади. Ҳар бир қурт 4–5 та мевага зарар келтиради. Қурт олма ичига кирган жой пўкак бўлиб қолади. Юртимизда олма қурти 3 марта насл беради. Жорий йил қиш нисбатан илиқ келди. Бу кўплаб зараркунанда ва касалликларнинг кўпайиш эҳтимолини оширди. Шу боис боғбонлар, фермерлар, томорқа эгалари унга қарши курашни ҳозирданоқ бошлашлари лозим. Бунинг учун шу кунларда дарахт зудлик билан нобуд бўлган эски пўстлоқларидан тозаланади. Дарахтларни тозалашда ишлатиладиган асбоб-ускуналар қайноқ сувда ювилади. Кимёвий усулда ўз-ўзидан ўлдирувчи белбоғларни, тиофоснинг 10 фоизли сувли суспензияси ёки 30 фоизли тиофос концентратининг 2,5 фоизли суспензияси шимдирилган қоплардан тайёрлаш лозим. Биологик усулда қарши курашда тухумхўр – трихограмма гектарига 150 мингта яхши натижа беради.
Мазкур маслаҳатимизга жиддий эътибор берган ва олма қуртига қарши тадбирларни сифатли ўтказган боғбонларнинг ҳосили баракали бўлади, нобудгарчиликлар кескин камаяди.
О.Рахмонов, А.Тўрахонов, Л.Норқизилов agro.uz