Олхўри боғларини барпо қилиш

35

Олхўри  (Японияда Prunus salicinaва Европада, Prunus domestica.)

Олхўри дарахтлари деярли Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига яхши мослаша оладиган мевали дарахтлардан бири ҳисобланади. Уларни ўстириш жуда осон. Олхўри учун ишлатиладиган пайвантаклар турли тупроқ шароитларига чидамли ҳисобланади; уларнинг нисбатан кеч гуллаши баҳорнинг қировли кунларидан сақланишга ёрдам беради ва шу билан бирга уларда турли зараркунанда ҳашоротлар муаммолари кам учрайди.

Олхўри кўчатлари нисбатан кенгроқ масофада экилиши лозим. Яхши ҳосил тугуши учун деярли аксарият олхўри дарахтлари чанглатилишни талаб этади. Бу масалани ҳал қилиш учун олхўри дарахтлари чанглатувчиси билан экилиши тавсия қилинади.

Олхўрининг икки тури мавжуд: Япон олхўриси Prunus salicina, ва Европа олхўриси Prunus domestica. Таъми жуда ширин бўлганлиги сабабли Европа олхўрилари пишган вақтида тўғридан-тўғри истемол қилинади ёки қурутилади. Ҳар икки турдаги олхўри меваларининг етилишига 140–170 кун талаб этилади. Япон олхўриларининг кўпгина турлари эрта гуллайди ва эрта пишади. Яхши ривожланиши учун уларга тиним даврида Европа олхўриларига нисбатан камроқ совуқ кунлар керак бўлади.

Тупроқ шароитига бўлган талаблар

Олхўри дарахтлари ўрта юмшоқ бўз ва қумоқ тупроқларда яхши ўсади. Сув ўтказувчанлиги яхши бўлиши учун экишдан олдин тупроққа бир оз қум аралаштирилиши мумкин ёки кўчатларни чел кўринишида йиғилган туроқ устига ҳам экиш мумкин.  Шундай бўлсада олхўри дарахтлари турли таркибга эга қумли ва клей (сирач) тупроқларда ҳам ўстирилиши мумкин. Шундай бўлсада, клей (сирач) тупроқлардан фойдаланмасликка ҳаракат қилинг, чунки бундай тупроқлар намликни ўзида узоқ ушлаб туради ва бу муаммолар келтириб чиқаради.

Тупроқнинг pH кўрсаткичи барча ўсимликларнинг ўсиб ривожланишида зарур бўлган кислота ёки ишқор даражасини кўрсатади. Олхўри дарахтлари 5.0 — 6.5 pH  кўрсаткичига эга бўлган тупроқларда жуда яхши ўсади, ва ишқорли тупроқда (рН 7 ёки ундан юқори) эса аксарият ҳолларда яхши ривожланмайди. Агар сизнинг иҳтиёрингиздаги тупроқнинг ишқорлилиги юқори бўлса, унинг рН кўрсатгичини дарахт экишдан олдин қурилишда ишлатиладиган гипс ёки таркибида аммоний сульфат бўлган ўғитларни қўллаш орқали нормаллаштириш мумкин. Агар боғингиз тупроғи рН кўрсатгичини билмасангиз унда буни лаборатория анализи орқали аниқлашингиз мумкин.

Суғоришга бўлган талаблар

Олхўри дарахти ўрта даражада сув истъемол қилади. Улар асосан нам аммо яхши сув ўтказувчан тупроқда самарали ўсади, ва серсув, сув туриб қоладиган тупроқларга экилмаслиги маслаҳат берилади. Олхўри дарахтларини экиш учун қаттиқ ёмғирдан сўнг экин майдонини кузатиш кифоя, сув узоқ туриб қоладиган жойларига дарахт экиш тавсия қилинмайди. Олхўри дарахтларини қондириб суғориш орқали уларнинг илдизларини тупроқ юзасидан чуқурроқ жойлашишига ёрдам бериш мумкин. Шунда олхўри дарахтлари сувсизликка чидамлироқ бўлади, айниқса ёзнинг иссиқ кунлари тупроқ ҳарорати юқори бўлган мавсумда. Олхўри дарахтлари сувсизликка бир мунча муддат чидаши мумкин, лекин бундай ҳолат ҳосилдорликка салбий таъсир етказади. Қайси нав бўлишидан қатъий назар, мавсумда олхўри дарахтларни бир хафтада икки марта суғориш самарали натижа беради.

Ўғитлантириш тартиби

Олхўри дарахтининг ўсиши учун одатда унумдорлиги ўртача бўлган тупроқ етарли ҳисобланади, ва бундай тупроқда озуқалар етишмаслиги сезилмаса уни ўғитлаш шарт эмас. Тупроқ таркибини лаборатория ёрдамида ўрганиш орқали унинг рН кўрсатгичи, ундаги озуқавий элементлар миқдорини аниқлаш мумкин ва бу дарахтларни ўғитлаш режасини тузишга ёрдам берида. Азот олхўри дарахтлари учун асосий озуқа манбаи ҳисобланади, ва кўпгина катта боғларда кўчат экишдан олдин 1 гектар майдонга 70-90 кг (соф ҳолда) миқдорда азот  қўллашади. Олхўри дарахтлари тупроқ таркибидаги калий ва рух элементларидан катта миқдорда фойдаланганлиги сабабли бир неча йилдан сўнг тупроқни қўшимча калий ва рух билан бойитиш зарурияти юзага келиши мумкин.

Олхўрм дарахтларини парваришлаш

Тиним даврида охирида

  • Калифорния қалқандориси (щитовка), битлар (шира) ва каналар тухумларига қарши дарахтларга ёғли аралашма сепинг (ёғли аралашма тайёрлаш йўриқномаси билан таниши учун шу ерни босинг).
  • Қуёш нури дарахт ичига яхши кириши учун ҳар йили ўтган мавсумда ўсган шохларни 15-20%га қисқартириб буталанг. Дарахт ичини сўрувчи шохлардан мунтазам равишда тозаланг.
  • Дарахтларни касалланган ва синган шохлардан тоза тутинг.

Дарахт гуллаган пайтда

  • Дарахтлар гуллашни бошлаши билан “мева чириши” касаллиги олдини олиш учун фунгицидлардан фойдаланинг. Об-ҳаво ёмғирли бўлса ҳар 10 кун интервал оралиғида 2-3 марта фунгицид сепиш тавсия қилинади.
  • Етилган (тўлиқ ҳосилга кирган) дарахтларнинг бир мавсумда ҳар бирини 450–900 грам карбамид билан 6-7 мартага (дозага) бўлиб озиқлантиринг. Агар ариқ билан суғорилса ҳар 10 кунда бир марта ёки томчилатиб ҳар 2 кунда бир суғоринг.
  • Дарахтлар озиқлантирилганда албатта суғорилиши шарт. Жадал ўсувчи дарахтларни камроқ нормада (доза) озиқлантиринг. Сифатли ва ҳажми катта меваларни олиш учун мевалар ғўра бўлганда  10-15см масофада сийраклаштиринг.
  • Олхўри битига (шира) қарши курашинг (агар дарахтларнинг 50% барги буришса ёки уларда битлар кузатилса).

Ёзги ўсиш даврида

  • Ёш кўчатларни ҳар ойда мунтазам равишда озиқлантиринг (аперл-июл ойлари оралиғида). Бир мавсумда ҳар бир кўчатни 110–220 грам карбамид билан 6-7 мартага (дозага) бўлиб озиқлантиринг.
  • Агар ариқ билан суғорилса ҳар 10 кунда бир марта ёки томчилатиб ҳар 2 кунда бир суғоринг.

Кўчатлар остини бегона ўтлардан тоза тутинг.

Куз, мева териш мавсуми

  • Мева териб олингандан сўнг дарахтларни 450–900 грам карбамид билан озиқлантиринг ва суғоринг.
  • Барглар 60-70% тўкилгандан “тешикчали доғланиш” замбуруғига қарши дарахтларга 3%ли бордо суюқлиги сепинг.

Манба: mevazor.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!