Помидорни ўғитлаш схемаси

Қуйидаги тавсияда помидор ривожланишининг турли даврларида асосан азот, фосфор, калий (N, P, K) билан озиқлантириш тартиби кўриб чиқилади.

Тавсиямизда биз агродўконлардан топилиши осон бўлган, энг кенг тарқалган ўғитларни асос қилиб олдик.

Очиқ майдон ёки иссиқхонага экилганидан кейин помидорларни нима билан озиқлантириш керак?

Помидор кўчатлари асосий жойга экилганидан кейин 2 ҳафта ўтиб, илк ўғитлашни амалга ошириш лозим. Чунки унгача кўчатлар янги жойга мослашиб, илдиз отиб олиши керак. Ўсимликнинг бу давридаги ривожланиши учун етадиган энг кенг тарқалган озиқлантириш, минерал ўғитлардан ташкил топган аралашмадан иборат: бир челак сувга 25 г аммиакли селитра, 40 г суперфосфат ва 15 г калий сульфат (сернокислый калий) аралаштирилади. Бу аралашмани помидорни илдизидан ҳар бир кўчатга 0,7 л ҳисобидан қуйиб чиқасиз.

Гуллаш даврида ўғитлаш

Помидорлар гуллаганида улар кўпроқ мева шаклланишини таъминлайдиган макро ва микро элементларга эҳтиёж сезади. Бу даврда помидорларга мева тугиш ва ҳосил етилишини тезлаштириш учун барглардан (палакдан) бериладиган озиқлантиришлар ҳам тавсия этилади. Илк гулшода 6-11 ҳақиқий баргдан кейин шаклланади ва помидорларга бу даврда азот унчалик муҳим эмас. Энди уларга кўпроқ фосфор (P) ва калий (K) керак. Таркибида кўпроқ фосфор ва калий бўлган ва азот камроқ бўлган ҳар қандай тайёр ўғитни қўлланинг.

Помидорлар фақат илдиздан эмас, балки баргдан ҳам озиқланиши мумкин. Шунинг учун озиқлантиришни илдиздан ва баргдан амалга ошириш мумкин. Агар кун иссиқ бўлса, бор кислотаси билан ишлов бериб гулларни мевага айланишига ёрдам беринг.

Баъзи маълумотларда иссиқхонадаги помидорларни асосан илдиздан озиқлантириш кераклиги қайд этилган. У ерда айтилишича, баргдан озиқлантириш иссиқхонанинг нам муҳитида инфекцияларни келтириб чиқариши мумкин ва шунинг учун баргдан озиқлантиришни имкон қадар камроқ амалга ошириш лозим.

Ҳосилга кираётган вақтда помидорларни нима билан озиқлантириш керак?

Мева тугиш ва меваларнинг каттариши даврида помидорни озиқлантириш жуда оз миқдорда азот ва кўпроқ калийдан иборат бўлиши керак. Бир челак сувда 2 чой қошиқ суперфосфатни эритиб, унга 1 чой қошиқ калий гумат қўшинг. Ҳосил бўлган аралашмани ҳар бир илдиз остига 1 литрдан қуйиб чиқинг. Калийга бўлган катта миқдордаги эҳтиёжни помидорларни кул аралашмаси (бир челак сувга 1 стакан кул) ёки ўғитни магний билан мужассамлаштириб Калимаг ўғити ёрдамида (1 м2 га 10-12 г) қондириш мумкин.

Қуйида помидорни ўғитлаш тартиби бўйича соддароқ шаклдаги жадвал келтирилган.

Помидорни ўғитлаш жадвали

Ўғитлаш даври Бу ривожланиш даврида озиқлантириш элементлари нисбати — N:P:K Аралашмани тайёрлаш Озиқлантириш меъёри
Ерга экилгандан кейин 1:0,8:1 Бир челак сувга (10 л) Мочевина (карбамид): 10,9 грамм

Қўш суперфосфат: 8,9 грамм

Калий сульфат: 10,2 грамм

Битта ўсимликка 0,5 л тайёр аралашма талаб этилади
Гуллашидан олдин 1:6:1 Бир челак сувга (10 л)

Мочевина (карбамид): 3,7 грамм

Қўш суперфосфат: 22,8 грамм

Калий сульфат: 3,5 грамм

Битта ўсимликка 0,57 л тайёр аралашма талаб этилади
Илк гулдан биринчи гулшодадаги мевалари ҳосил бўлгунига қадар 0,5:0,5:1,7 Бир челак сувга (10 л)

Мочевина (карбамид): 5,8 грамм

Қўш суперфосфат: 5,9 грамм

Калий сульфат: 18,3 грамм

Битта ўсимликка 0,5 л тайёр аралашма талаб этилади
Илк шингил (гулшода) мевалари ҳосил бўлишидан илк шингил мевалари пишиб бошлагунига қадар 0,5:0,5:2,1 Бир челак сувга (10 л)

Мочевина (карбамид): 5 грамм

Қўш суперфосфат: 5,1 грамм

Калий сульфат: 19,8 грамм

Битта ўсимликка 0,5 л тайёр аралашма талаб этилади
Меваларнинг етилиш (пишиш) даврида 0,5:0,5:2,1 Бир челак сувга (10 л)

Мочевина (карбамид): 5 грамм

Қўш суперфосфат: 5,1 грамм

Калий сульфат: 19,8 грамм

Битта ўсимликка 0,5 л тайёр аралашма талаб этилади

Эслатиб ўтамиз, помидор экишдан олдин куз вақтида ерга органик (чириндилар) ва минерал ўғит солинган бўлиши лозим. Чириган мол ва қўй гўнгини ерга ҳар 2-3 йилда бир марта кузда солса бўлади. Кучсиз ерда ҳар қандай минерал ўғитлар билан озиқлантириш катта ҳосил олишга ёрдам бермайди. Чиримаган, янги гўнг помидор остига солинмайди!

Манба: dehqon.uz dizajn-sada.ru

Дўстларингизга ҳам улашинг!