Қовуннинг ун шудринг касаллигига чидамли навлари

38

Мамлакатимиз полизчилиги кўп асрлик тарихга эга. Айниқса, хал¬қимиз қовунни севиб истеъмол қилади. Юртимизда ҳозирда қовуннинг 130 дан ортиқ маданий навлари тарқалган бўлиб, улар пишиб етилиш муддати, ҳосилдорлиги, таъми, мева вазни, сақланиш муддати бўйича ўзаро фарқланади. Ота-боболаримиз томонидан яратилган қовунларнинг кўпчилиги жаҳонда шуҳрат қозонган.
Қовуннинг меваси ажойиб таъмга ҳамда кўпгина фойдали хусусиятларга эга. Унинг таркибида 85–92% сув, 8–15% қуруқ модда, 0,8 % оқсил, 1,8% клетчатка, 6,2% бошқа углеводлар, 0,9% мой, 20–30 мг/% аскорбин кислотаси, темир, калций, магний, калий каби микроэлементлар, органик ва минерал тузлар мавжуд. Юртимиз қовун навлари меваларидаги қанд моддаси миқдори 14–16%га етади. Таркибида фруктоза моддаси миқдори кўп бўлса қовун ширин, глюкоза моддаси кўпроқ бўлса нимширин таъм¬га эга бўлади.
Буюк аллома олим-табиблар – Искари Олим (милоддан аввалги IV аср) ва Абу Али ибн Сино (милодий ХХ аср) асарларида қовун кўпгина касалликларни даволашда ишлатилганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган. Қовуннинг доривор хусусиятлари замонавий тиббиёт илми томонидан ҳам исботланган. Уни истеъмол қилиш кўплаб физиологик жараёнларни бошқаришга ёрдам беради.
У буйрак, меъда, жигар касалликларида ҳамда астеросклероз, бронхит, сил, бод хасталикларида ва камқонликда доривор восита сифатида фойдаланилади. Қовун уруғи дамламаси йўтал, тери ва буйрак-тош касалликларини даволашда ишлатилади. Мамлакатимизда етиштирилаётган қовун навларининг ҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари юқори бўлишига қарамай, улар ун шудринг ва палак сўлиш касаллигига чидамсиздир.
Ушбу касалликлар билан қовун экинининг зарарланиши натижасида ҳосилдорлик 30–35, касаллик кучли тарқалган йиллари 60–65 фоизгача камайиб кетмоқда. Сифатли мўл ҳосил олиш омилларидан бири касалликка чидамли навлар экишдир. Кейинги йилларда селекционерларимиз томонидан маҳаллий қовун навларининг ун шудринг ва палак сўлиш касаллигига чидамлилигини ошириш борасида селекция ишлари олиб борилди ва ун шудринг касаллигига 100% чидамли қуйидаги навлари яратилди.
«Олтин тепа» – ўртапишар, ниҳоллари униб чиққандан қовуни пишгунча 85–90 кун ўтади. Қовун меваси «Йирик ичи қизил» навига ўхшаш, чўзинчоқ, катталиги ўртача, оғирлиги 3,3–4 кг, усти силлиқ, ранги қўнғир-яшил. Гуллари қорамтир яшил узуқ йўлли, тўри сидирға. Пўсти ўртача қалин, қаттиқ. Эти қизил, карсиллайдиган, хуштаъм, таркибидаги қанд миқдори 13–15%. Ҳосилдорлиги 28–35 т/га. Ташишга чидамлили ўртача. Ҳамма вилоятларда иқлимлаштирилган.
«Лаззатли» – эрта-ўртапишар, ниҳоллари униб чиққандан кейин 75–80 кунда меваси пишади. Мевасининг кўриниши «Оқ уруғ–1157» навига ўхшаш. Қовуннинг ўртача вазни 3–4 кг, шакли чўзинчоқ, усти силлиқ, оқ сариқ рангли, у ер-бу ерида узунчоқ сариқ доғлари бор. Тўри йирик катакли. Пўсти юпқа, қаттиқ. Эти ўртача қалин – 4,5 см, оқ рангли, карсиллайдиган, серсув, ширин. Қанд миқдори 14–16%. Ҳосилдорлиги 28–30 т/га. Узоқ масофага ташишга чидамлилиги ўртача. Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларида иқлимлаштирилган. Бош¬қа ҳудудларда ҳам экиш мумкин.
«Суюнчи–2» – ўртапишар, ниҳоллар пайдо бўлгандан сўнг меваси 83–87 кунда пишади. Қовун меваси «Шакар палак–2580» навига ўхшаш. Меваси чўзинчоқ-тухумсимон, оғирлиги 2–2,5 кг, юзаси силлиқ. Тўри тўлиқ, майда катакли, қовунга кулранг тус беради. Пўсти оқиш – лимон рангда, тўқ яшил қўшалоқ жимжима йўли бор. Эти қизил, қарсиллайди, серсув, ширин. Қанд миқдори 13–14%. Ҳосилдорлиги 20–25 т/га. Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Тошкент вилоятларида иқлимлаштирилган. Бошқа ҳудудларда ҳам экишга тавсия этилади.
«Олтин водий»– ўртапишар, ниҳоллари униб чиққандан кейин меваси 86–93 кунда пишади. Қовун ташқи кўринишидан «Шакар палак–554» навига ўхшаш. Қовуннинг ўртача оғирлиги 2–4,1 кг, шакли чўзинчоқ тухумсимон, усти силлиқ, оч яшил рангда, тўқ яшил доғлари бор, тўри тўлиқ. Пўсти қаттиқ, мағзи оқ рангда. Қанд моддаси 13–14%. Ҳосилдорлиги 22–30 т/га. Мевалари узоқ масофага ташишга ўртача чидамли. Юртимизнинг барча минтақаларида иқлимлаштирилган.
«Тўёна» – кечпишар, меваси қишда сақланадиган нав. Ниҳоллари униб чиққанидан кейин меваси 105–115 кунда етилади. Меваси ташқи кўринишидан «Қўй бош–476» навига ўхшаш. Қовуни йирик, тухумсимон, ўртача катталикда. Оғирлиги 4–6 кг. Усти текис, узаётганда ранги қўнғир кулранг тусда бўлади, етилгач сарғиш-қўнғир рангга киради, тўри дағал, тўлиқ, таркибида 9–10% қанд бор. Ҳосилдорлиги 35–40 т/га. Меваси уч ойгача сақланади, ташишга чидамли. Юртимизнинг барча минтақаларида иқлимлаштирилган.
«Гурлан» – кечпишар, ниҳоллари униб чиққандан кейин меваси 108–120 кунда пишади. Қовуни йирик, текис, ранги сариқ, қора рангли узуқ йўллари бор, тўри дағал, тўлиқ, таркибидаги қанд миқдори 8–9%. Ҳосилдорлиги 40–45 т/га. Меваси уч-тўрт ойгача сақланади, ташишга чидамли. Юртимизнинг барча минтақаларида иқлимлаштирилган. «Амударё» – кечпишар, қишда сақланадиган нав. Ниҳоллари униб чиққандан меваси етилгунча бўлган давр 112–120 кун. Қовуни йирик, оғирлиги 4–6 кг, калта цилиндрсимон шаклда. Сирти ғадир-будир, жигарранг, гулсиз. Эти оқ, таркибида 10–12% қанд бор. Ҳосилдорлиги 45–50 т/га. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида иқлимлаштирилган.
«Гулоби Хоразмий» – кечпишар, ниҳоллари униб чиққандан меваси етилгунча бўлган давр 120–125 кун. Палаги кучли ўсади. Меваси йирик, вазни 5–10 кг, узун цилиндирсимон шаклда. Сирти ғадир-будир, қорамтир-кўкиш, гулсиз. Эти қалин – 7–8 см. Таркибидаги қанд миқдори 14–15%. Ҳосилдорлиги 50–55 т/га. Жуда яхши сақланади, транспортда ташишга чидамли. Бухоро, Хоразм вилоятларида иқлимлаштирилган.
«Зар Гулоби» – ўрта кечпишар, ниҳоллари униб чиққандан меваси етилгунча бўлган давр 100 кун. Палаги кучли ўсади, барги юраксимон, чети қиррали, кўм-кўк рангда. Меваси тухумсимон, вазни 4–5 кг. Сирти силлиқ ,мева банди томони бироз сегментлашган, шу қисми тўр билан қопланган. Мевасининг ранги сариқ. Пўстининг қалинлиги ўртача. Эти оқ, этдор – 7–8 см, яримкарсиллама, сақлов даврида эти юмшоқ, серсув, оғизда эрувчан бўлади. Мева таркибидаги қанд миқдори 14–15%. Ҳосилдорлиги 30–35 т/га. Узоқ масофага ташишга чидамли. Бухоро, Хоразм вилоятларида иқлимлаштирилган. Бошқа минтақаларда ҳам экиш мумкин.
«Саховат» – кечпишар, ниҳол униб чиққандан сўнг меваси 120–122 кунда етилади. Қовунлари тухумсимон шаклда, вазни ўртача 4,4 кг. Сирти силлиқ, тўқ жигарранг. Тўр билан қопланган. Пўсти қаттиқ, ўртача қалинликда. Эти қалин оч-яшил рангда. Янги узилганда бироз карсиллайди, сақлангандан сўнг эрувчан бўлади. Мазаси жуда ширин, таркибидаги қуруқ модда миқдори 15,4%. Ҳосилдорлиги 34,6 т/га. Сақланиш муддати 120 кунгача. Бухоро, Хоразм вилоятларида иқлимлаштирилган. Бошқа минтақаларда ҳам экиш тавсия этилади.
«Кичкинтой» – эрта-ўртапишар, ниҳол униб чиққандан сўнг меваси 76–80 кунда пишади. Палаклари бақувват, сершох, барглари қалин, тўқ яшил рангда, қирқимли. Мевасининг ўртача оғирлиги 0,8–1,2 кг, меъёрли, шакли шарсимон, сирти текис, сариқ рангда, тўлиқ майин тўр билан қопланган. Эти оч яшил рангда, тиғиз, майин, ёқимли ҳиди бор. Қанд миқдори 14,4%. Ҳосилдорлиги 19,5–21 т/га. Юртимизнинг барча минтақаларида иқлимлаштирилган.
«Дилхуш» – ўртапишар, ниҳоллар униб чиқандан сўнг меваси 95–100 кунда пишиб етилади. Палаги узун, барги юраксимон, ўртача ҳажмли. Меваси урчуқсимон, вазни 3,5–4,5 кг, юзаси бир оз ғадур-будур, яшил рангли, тўри тўла, майда катакли, пўсти ўртача қаттиқ. Эти оқ, қалинлиги 3,5–4 см, пўсти атрофи яшил, майин, ширин. Таркибидаги эрувчан қуруқ модда миқдори 14–15%. Ҳосилдорлиги 30–32 т/га. 2011 йилда Давлат нав синовига топширилган.
Юқоридаги барча навларни республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда эртаги навлар 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечки навлар 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелгача, кечкилари 10–20 июнда экилади. Шимолий вилоятларда эртаги навларни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда экиш керак.
Р.Ҳакимов, М.Халимова 

Дўстларингизга ҳам улашинг!