Қува анорлари экспорт қилинмоқда

Бу борада Жанубий Корея, Хитой, Россия, Украина, Бирлашган Араб Амирлиги, Қозоғистон, Қирғизистон билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. 
Шу кунга қадар Фарғона боғларида пишиб етилган 3 минг тоннадан ортиқ анор экспортга жўнатилди.
Фарғоналиклар зироатчиликда бой тажрибага эга. Айниқса, қирмизи анор етиштиришнинг ҳадисини олган.
Қадимдан анорчилик улкан даромад манбаи, камёб ва шифобахш неъмат сифатида баҳоланган. Замонавий тиббиёт, халқ табобатида жуда фойдали хусусиятлари билан ажралиб туради. Жаҳон бозорида ушбу маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф юқори. Шу боис анорзорларни кенгайтириш, серҳосил, эртапишар навлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар Риштон ва Олтиариқ туманларида 1400 гектар янги анорзорлар ташкил этилди.
2025 йилга бориб вилоятдаги анор майдонлари 20 минг гектарни ташкил қилади ва йилига 200 минг тоннадан ортиқ анор етиштирилади. Бу мавсум давомида 120 минг тоннадан ортиқ анор экспортини амалга ошириш имкониятини беради.
— Жорий йилнинг ўзида агрофирма ташаббуси билан Қува туманида 950 гектар янги анорзорлар барпо этилди, — дейди “Қува анори” агрофирма раҳбари Мастурахон Сайфутдинова. — Бу анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортга йўналтириш, экотуризмни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.
Ана шу мақсадда агрофирма қошидаги анорчилик мактаби, ўсимликлар генетикаси институти билан ҳамкорликда она кўчатлар етиштириш ишларига алоҳида эътибор қаратганмиз. Бу усул ишончли навлар яратиш, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот сифатини яхшилашда қўл келади.
Анор серсув экинлар турига киради. Сув тақчил бўлиб бораётган бугунги кунда суғоришнинг муқобил усулларидан фойдаланиш талаб этилади. Шу мақсадда 25 гектар майдонда томчилатиб, 5 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологияси амалда татбиқ этилди. Бу сувни тежаш, маҳсулот етиштириш билан боғлиқ харажатлар миқдорини иқтисод қилишга ёрдам беради.
— Ҳозирги кунда икки гектардаги анорзоримиздан яхши ҳосил олиб, Россияга экспорт қиляпмиз, — дейди Қува туманидаги “Роҳатой” фермер хўжалиги раҳбари Турсунали Тешабоев. — Айни кунда анорзор боғларни кенгайтириш мақсадида 15 гектар янги боғ барпо этдик. Натижада анор етиштириш ҳажми ошди, қўшимча иш ўринлари яратилди.
Уфққа туташган далалар бўйлаб ястаниб ётган анорзорларда маржондек тобланиб, кўзни қамаштираётган қирмизи анор мевалари ҳосил мўллигидан дарак бериб турибди. Боғбонлар эса уларни саралаб, узоқ ва яқин мамлакатларга экспорт қилиш ҳозирлигини кўрмоқда.

 

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири. uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!