Қуёнчилик-сердаромад соҳа

Чорвачиликда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан бир қаторда қуён гўшти етиштириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, қуёнчилик етти хазинанинг биридир. Қолаверса, қуён гўшти парҳезбоп ҳисобланади.
Қуён товушқонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон бўлиб, Антарктидадан ташқари ер юзининг ҳамма қисмида тарқалган. Ҳозирги вақтда қуённинг 50 дан ортиқ зотлари бор.
Маҳсулот беришига қараб қуёнлар иккита катта гуруҳга ажратилади. Биринчи гуруҳга гўшт ва тери берадиган қуён зотлари киради: оқ великан, кулранг великан, шиншила, капалаксимон, олмахонсимон, кумушсимон, қора қўнғир, вена зангори ва бошқалар.
Иккинчи гуруҳга тивит берадиган қуёнлар кириб, ангор зоти, оқ момиқ зоти, киров зоти шулар сирасидандир. Бу гуруҳ вакиллари кам тарқалган бўлиб, гўштдорлиги паст. Мўйна толаларининг деярли 95–98 фоизи тивитдан иборат. Битта етук қуёндан 1 кг. гача тивит олинади.
Тўғри парваришлаш – маҳсулдорлик гарови. Қуёнлар тез етилувчанлиги, серпуштлиги, жадал ўсиши билан ажралиб туради. Бўғозлик даври 30 кунни ташкил этади. Урғочи қуёнлар 4–6 ойлигида қочирилиши мумкин. Эркак қуёнлар 3,5–4 ойлигида жинсий вояга етади. Наслчилик ишларида       8 ойлик қуёнлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Қуёнлар йил давомида 5–6 марта болалайди. Умуман, битта қуёндан бир йилда 50–60 та бола олиш мумкин. Бу эса 70–80 кг гўшт, 50 дона тери демакдир. Қуён болалари туксиз ва кўзлари юмуқ ҳолда туғилади. Уларнинг кўзи 10–14 кунда очилади. 17–21-кунлари ташқарига чиқиб озиқлана бошлайди. Унгача улар она сути билан озиқланади.
Қуёнлар тез етилиши, кўп бола бериши билан бошқа чорва ҳайвонларидан фарқ қилади. Масалан, қуёнлар 4–4,5 ойлигида сўйишга тайёр бўлади. Тўғри рацион асосида боқилса, бу муддатда уларнинг тирик вазни ўртача 3–4 кг тош босади.
Янги туққан қуёнларни бир кеча-кундузда 4–5 марта озиқлантириш зарур. Улар асосан кўк озуқалар: кўк беда, маккажўхори, қоқи ўт, қўйпечак, полиз экинларининг барги, дарахт шохлари, олма, тол ва ток новдаларини хўш кўриб ейди.
Қуёнлар озуқасига қўшимча тарзда суяк уни, картошка, сабзи, лавлаги, нўхат ҳамда макро элементларни қўшиб бериш мақсадга мувофиқ. Концентрат озуқалар қуён озуқасининг асосий қисмини (70 %) ташкил қилади. Шунингдек, Улар сули ва арпани хуш кўради.
Қуёнларга арпа намланган ёки ширали озуқаларга аралаштирилган ҳолда берилади. Бўғоз қуёнларга алоҳида эътибор бериш зарур. Уларнинг рациони тинчлик давридагига нисбатан бўғозлигининг бошида 30, охирида эса 70 % кўпайтириш керак.
Қуёнларни тез-тез суяк, гўшт ва балиқ уни, сут, ипак қурти ғумбаги билан озиқлантириш яхши самара беради. Она қуёнларга бир кеча-кундузда 30–50 г ёғи олинган ёки олинмаган сигир сути берилади. Қуёнларнинг маҳсулдорлиги кўп жиҳатдан уларни сақлаш шароитига боғлиқ. Уларни қафасларда сақлаш бошқа усуллардан кўра афзалроқдир. Чунки қафасларда сақланган қуёнлар касалликка кам учрайди ва микроиқлим шароити яхшиланади.
Ҳозирги шароитда икки уяли, иккитадан қуёнга мўлжалланган қуёнхоналар қуриш самаралидир. Битта катакниниг майдони 0,5–0,7 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Икки уяли катакнинг узунлиги 2 м, полдан томигача бўлган баландлиги 50, эни 55 см бўлиб, ҳар иккала қуён учун озуқа солинадиган охур катакнинг ўртасида жойлашган, сув идишлар эса ҳар бир қуёнга алоҳида бўлиши керак. Маҳсулдорликни ошириш учун қуёнларни гуруҳларга ажратиш ва уларни катакларга 4 тадан жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Айрим ҳолларда қуёнлар сим турлар билан ўралган ерда боқилади.
Таъкидлаш жоизки, қуёнлар ўта иссиқлик, намлик ва кучли шамолни ёқтирмайди. Фермер хўжаликлари шароитида қуёнларни атрофи да¬рахт¬лар билан ўралган жойларда сақлаш яхши самара беради. Хонаки қуёнлар 5–12 йилгача яшайди. Уларни юқумли ва юқумсиз касалликлар, яъни совуқ ва қуёш уриши, юқумли стоматит, сил, лишай, пастериллиоз, кокцидиоз, фасцилёз ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилишга жиддий эътибор бериш зарур.
Қуён гўшти – фойдали ва парҳезбоп. Қуён гўшти таркибида ёғ ва холестерин моддаси камлиги боис аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар хасталикларида даво бўлади. Гўшти инсон организмида тез ҳазм бўлади ва тўлақонли оқсил моддасига эҳтиёжи юқори бўлган мактабгача ёшдаги болалар, ўсмирлар, эмизикли аёллар, кекса ёшдагилар учун жуда фойдалидир.
Истеъмол қилинган 100 грамм қорамол гўштининг 62 фоизигина организмимизда ҳазм бўлса, бу кўрсаткич қуён гўштида 90 фоизни ташкил этади. Олимларнинг маълумотига кўра, ҳайвонларнинг 100 г ёғи ва гўшти таркибидаги холестерин миқдори қуйидагича: мол ёғида 1,25, қўй ёғида 1,40 г, чўчқаникида 0,33, бузоқ гўштида 0,11, қуён гўштида эса атига 0,4 г. ни ташкил этади.
Ҳозир мамлакатимизда қуёнбоқарлар уй шароитида кўпроқ оқ великан, кулранг великан, оқмомиқ ва ангор зотли қуёнларни кўпайтиришмоқда. Уларнинг момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан касалланган беморларга тавсия этилади. Қуён момиғи иссиқни қўй жунидан 10 баробар кўпроқ сақлаши аниқланган.
Мухтасар айтганда, фермер хўжаликлари, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси хонадонлари, мактаблар, академик лецейлар, касб-ҳунар коллежларда қуёнчиликни ривожлантириш, республикамиз аҳолисини чорвачилик маҳсулотлари, жумладан, қуён гўшти, мўйнаси, тивити билан етарлича таъминлаш имконини беради.
У.Балласов, А.Турдиев

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!