Шолғом етиштириш сирлари

Аҳамияти. Шолғом илдизмеваси хомлигича, қовурилган, димланган ва қиймаланган ҳолда истеъмол этилади, шунингдек чорвага берилади. У углеводлар, оқсиллар, витаминлар ва минерал тузларга ниҳоятда бой.
Экиш учун тавсия этиладиган навлар. Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллийси, Муяссар навлари экилади.
Уруғ танлаш. Экиладиган шолғом уруғи тоза, юқори унувчан, касалликдан холи, ўртача катталикда, бутун ва тўла бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш. Шолғом экиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан яхшилаб тозаланади. 1 сотих ерга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Шолғом асосан ёзда экилади. Шолғом уруғи марказий минтақа ва водий ҳудудларида 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июл–10 август, жанубий минтақаларда 20 август–20 сентябрда сепилади. Шу билан бирга эрта ҳосил олиш учун шолғом уруғини феврал ойининг охирларида сочма ҳамда уч-қатор (лентасимон) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 25–30 г шолғом уруғи сарфланиб, 1,5 см чуқурликка экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланиб уруғлар кўмилади.
ДИҚҚАТ! Шолғом, редиска, турп, сабзи, кўкатлар, бодринг, помидор, бақлажон, қалампир, ош лавлаги, пиёз экинларининг майда уруғларини сувда намлаб, кул, қум ёки қуруқ гўнг билан аралаштиринг, яъни ғўлакланг. Ғўлакланган уруғлар яхши сочилади, тупроқ юзасига бир текис тушади, сарфи эса камаяди.
Парваришлаш. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўтоқ ва ягана қилинади. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқаргандан кейин ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ва ўсимлик атрофини қўлда ёки кичик кетмон билан 15–16 см чуқурликда юмшатиб туриш лозим. сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида 10-12 марта суғорилади. Хар икки-уч суғоришдан сўнг қатор оралари юмшатилиб бегона ўтдан тозаланади.
Ўғитлаш. Шолғом экилган майдон бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотихга соф ҳолда сульфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг меъёрда солинади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Зараркунандалардан узунбурун, шира, барг бургалари, касалликлардан ун-шудринг ва оқ чириш кўп кузатилади. Зараркунандаларга қарши 10 сотих майдонга – ДВА-трин 10% эм.к. 40 мл, Моспилан 20% н.кук. 25–30 г меъёрда қўлланилади. Касалликларга қарши –Превикур 72,2% с.э.к. 150 мл, Курзат Р н.кук. 200–250 г, Ридомил голд 68% с.д.г. 200–250 г ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини 60–70 литр сувга тайёрланган аралашмасини пуркаш яхши самара беради.
Ҳосилни йиғиштириш. Экин совуққа чидамли бўлсада, илдизмевани тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиш керак. Ўртача катталикдаги шолғомнинг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 7–10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.
Иқтисодий самараси. 10 сотих майдонга 200 г шолғом уруғига 40 минг сўм сарфланади. Умумий харажатлар 500-600 сўмни ташкил этади. Хосил нархи бир килограми энг паст нархда 500 сўмдан сотилганда 1 млн. 250 минг сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 750 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Манба: Томорқа – даромад манбаи