Шоли

60

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Искандар, Гулжаҳон, Нукус–2, Нукус–70.

Кўчат танлаш. Кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида экиладиган шоли кўчатлари 30–40 кунлик, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган ва соғлом бўлиши лозим.

Ер тайёрлаш. Дастлаб майдон ғалла қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотихга 180–200 кг (10 сотихга 1,8–2 т) чириган, тоза гўнг солинади. Ер 15–20 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланади, яхшилаб текислангач пол олинади ва сув бостирилади.

Экиш схемаси. Кўчат экишдан олдин челлар 4–6 см қалинликда сув билан бостирилади. Қаторлар ораси 15 см, уялар ораси 10 см, ҳар бир уядаги кўчат сони 2–4 та.

“Девзира ош емабсан – бу дунёга келмабсан”.

“Девзира палов – юракка олов”.

Оталар сўзи.

Парваришлаш. Кўчат ўтқазилгандан кейин полдаги сув сатҳи 10–15 кун давомида 5–8, кейинчалик 10–12 см бўлиши керак.

Шоли азотли (карбамид, сульфат аммоний), фосфорли (аммофос) ва калийли ўғитлар билан уч марта озиқлантирилади. Кўчат ўтказилгандан бир ҳафта ўтгач, 1 сотихга 0,4 кг (10 сотихга 4 кг) меъёрда биринчи озиқлантириш, кўчат 8–9 та барг чиқарганда 1 сотихга 0,3 кг (10 сотихга 3 кг) меъёрда иккинчи озиқлантириш ва бошоқлаш даврида 1 сотихга 0,3 кг меъёрда учинчи озиқлантириш ўтказилади. Шоли майдони бегона ўтлардан доимий равишда тозалаб турилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Шолининг тез учрайдиган прикуляриоз касаллигига қарши Фолиар БТ фунгицидининг 22,5 фоизли эмульсияланувчи концентрати 10 сотихга 500 граммм меъёрида ишлатилади. 10 литрли челакка 34 граммм фунгицид солинади ва яхшилаб аралаштирилиб, ўсимликларга сепилади. 10 сотихга 15 челак аралашма ишлатилади.

Шолининг шира зараркунандасига қарши Каратэ 5 фоизли эмульцияланувчи концентрати худди шу миқдорларда ва тартибда тайёрланади ва сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Шолининг сут пишиш даври бошланиши билан полларга кирадиган сув камайтирилади. Мум пишиш даври бошланганда эса батамом тўхтатилади. Ер етилиши билан шоли поялари ўриб олинади. Ўриб олинган шоли 3–4 кун ичида комбайн ёрдамида янчилади ва дони олинади. Шолини янчиш муддати бундан чўзилиб кетса, дон руваклардан тўкилиб нобуд бўлади. Шоли поялари майдаланиб, ивитилиб, кепакка аралаштирилиб молларга берилади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!