Сигирларнинг кетоз касаллигини олдини олиш усуллари

КЕТОЗ – кетон таначаларининг тўпланиб қолиши, оқибатда гипофизар – буйрак усти безлари, жигар, юрак, буйраклар ва бошқа аъзоларнинг жароҳатланиши билан характерланади.

Сабаблари. Сигирлар кетози – полиэтиологик касаллик бўлиб, касалликнинг келиб чиқишида сут беришнинг кучайган даврида энергия танқислиги, ўта оқсилли озиқлантириш, мой кислотаси сақловчи озиқаларнинг берилиши асосий сабаблар ҳисобланади. Касаллик сут беришнинг 6 – 10 – ҳафтасида, сут ҳосил бўлиши учун зарур энергиянинг танқислиги оқибатида яққол намоён бўлади.

Кетоз асосан юқори концентрат типида боқиш жорий этиган хўжаликларда ҳайвонлар рационида дағал озиқалар етишмаганда озиқаларнинг катта қоринда ҳазмланишининг бузилиши оқибатида кузатилади. Кўп ҳолларда сигирларнинг кетоз билан касалланишига таркибида кўп миқдорда мой ва сирка кислотаси сақловчи озиқалар (силос, сенаж, жом, барда) берилиши сабаб бўлади.

Белгилари. Янги туққан сигирларда касалликнинг ўткир кечишида вақти – вақти билан безовталаниш, қўзғалиш ҳолати, тери сезувчанлигининг ортиши (гиперестезия) қайд этилади. Қўзғалиш ҳолати тезликда ҳолсизланиш билан алмашади. Ҳайвон ҳолсизланган, уйқусираган ҳолатда кўпинча ётиб қолади. Катта қорин ҳаракати сусайган, ич қотиши ёки узоқ муддат кучли ич кетиши кузатилади. Туғруқ парези пайтидагидек сопороз ёки коматоз ҳолати қайд этилади.

Кетознинг ярим ўткир ва сурункали кечишида касал ҳайвонда тери қопламасининг ҳўрпайиши, туёқлар ялтироқлигининг пасайиши, ҳолсизланиш, лоқайдлик, ўрнидан секин туриш ва секин ҳаракатланиш, иштаҳанинг ўзгариши, омихта емларни хохламаслик ва дағал озиқалар, илдизмевалиларни иштаҳа билан истеъмол қилиш кузатилади. Катта қорин ҳаракати периодик равишда сусаяди, қисқаришлари кучсиз, қисқа, кавш қайтариш бетартиб равишда бўлади. Касалликнинг бошланишида нафас тезлашган бўлади. Кўпчилик ҳайвонларда семизлик даражаси ва маҳсулдорлик пасаяди, жинсий цикл бузилади, сервис даври узаяди ёки қисир қолиш кузатилади, бузоқлар гипотрофик ҳолатда туғилиб, организм резистентлигининг пасайиши оқибатида ҳазм тизими ва бошқа касалликларга тез берилувчан бўлади.

Кетоз пайтида кетонемия, кетонурия, кетонолактия ва гипогликемия характерли бўлади.

Даволаш. Касалликнинг сабаблари йўқотилади. Оқсилли ва энергетик озиқлантириш маромлаштирилади. Рационда оқсиллар ортиқчалиги аниқланганда омихта емлар бериш камайтирилиб, сифатли пичан, сенаж ва илдизмевалилар билан бойитилади.

Касал ҳайвонлар парҳез озиқлантирилиб, сифатли пичан (8-10 кг), ўт уни (2-3 кг), сенаж (8-10 кг), илдизмевалилар (8-10 кг) ёки картошка (6-8 кг), омихта емлар сифатида арпа ёрмаси берилади.

Организмдаги глюкоза ва гликоген миқдорининг меъёрида бўлиши ҳазм тракти, юрак ва бошқа аъзоларни меъёрда фаолиятини таъминлаш мақсадида 2-3 кун давомида, вена қон томирига 0,25-0,5 г/кг ҳисобида 10-20%-ли глюкоза эритмаси кунига 1-2 марта юборилиб турилади. Мускул орасига кунига 1-2 марта 100-150 ҲБ инсулин инъекция қилинади. Гидрокортизон, дексаметазон каби кортикотроп гормонал препаратлар тавсияномасига кўра қўлланилади. Оғиз орқали 150-500 г қанд ёки бошқа гликоген воситалар: натрий пропионат, натрий лактат, пропиленгликоль, глицерин ва бошқалар қўлланилади.

Олдини олиш. Кетоз касаллигининг олдини олиш учун рациондаги клетчатка миқдорининг, қанд – оқсил нисбатининг меъёрлар даражасида бўлишини таъминлаш, оқсиллар ортиқчалиги ва энергия танқислигига, узоқ муддат ўта оқсилли рационда, силос – концентрат типида боқишга йўл қўймаслик лозим. Юқори маҳсулдор сигирлар рационида 6-8 кг пичан, 8-9 кг лавлаги ёки 5-7 кг картошка бўлиши керак. омихта емлар лактациянинг кучайган даврида сигирлар рационининг 40-45, маҳсулдорликнинг пасайган даврида эса 25-30 % ни ташкил этиши лозим.

Рацион қуруқ моддасидаги клетчатканинг миқдори бир кунлик сут маҳсулдорлиги 10-20 кг ташкил этганда 24-28%, 21-30 кг да – 20% ва 30кг дан ортиқ бўлганда – 16-18% ни, сутдан чиқарилган даврда буғоз сигирлар учун – 25-30% ни ташкил этиши лозим. Меъёрлаштирилган рационларда 1 г ҳазмланувчи протеинга 0,8-1,2 қанд тўғри келиши, қанд ва крахмалнинг ҳазмланувчи протеинга нисбати 1:1 ни ташкил этиши лозим.

Ҳайвонларга бериладиган силосда рН –3,8-4,2 бўлиши, таркибида мой кислотаси бўлмаслиги керак. Сифатли сенаж 45-55% намликга эга, рН 4,2-5,4 атрофида бўлиб, унинг таркибида мой кислотаси бўлмайди.

Режали равишда яйратиш, бўғоз сигирларнинг ўта оқсилли ва юқори энергетик озиқлантирилишининг олдини олиш, она ҳайвонларда йилнинг ҳар чорагида бир марта режали равишда диспансерлаш ўтказилиб турилиши кетознинг олдини олишда катта аҳамиятга эга.

Манба: Б.М.Эшбўриев-“Сигирларни сунъий уруғлантириш, сигир ва бузоқларларнинг касалликлари ва уларни олдини олиш бўйича тавсиялар”