Такрорий экин сифатида кечки картошка етиштириш

Ҳайдалган бедапоя, кузги ғалла ва оралиқ экинлардан бўшаган ерларга ёзда кечки картошка экилади. Ерни тайёрлаш суғориш, чуқур ағдармай ҳайдаш,
чизел ва бир йўла бороналашдан иборат. Кечки картошкага ерни ҳайдаш олдидан гектарига 25-30 тонна чириган гўнг, 300-350 кг аммофос ва 150-200 кг
калий тузи солинади. Ёзда экиб, қишки ва уруғлик картошка ҳосили олишда ўрта ва ўртакечпишар навларни (Кардинал, Дезире, Пикассо кабиларни) 15-
30 июнларда, тезпишар ва ўртатезпишар навларни (Сантэ, Марфона, Аринда, Арнова, Аладин, Яроқли-2010, Курадо, Розара, Алвара, Эскорд, Романо, Импала, Бинелла, Космос, Кондор, Мемфис ва Севиля сингариларни) 5-15 июлгача экиш мақсадга мувофиқ. Кечки қилиб ёзда экишгача сақланган уруғлик туганаклар ҳаддан ташқари кўкариб кетади. Узун ўсимтали туганакларни экиш қийин ва бундай уруғликлар ҳосили кўпинча кам бўлади. Шунинг учун ўсимталар узунлиги 8-12 см га етганда 1-2 марта синдирилади. Охирги марта ўсимталарни синдириш экишга 10-12 кун қолганда ўтказилади. Натижада экилган туганакларнинг анча эрта ва қийғос униб чиқиши таъминланади.

Уруғни экишга тайёрлаш ва экиш
Экиш учун уруғлик туганакларни шакли, ранги ва ўсимталарининг йўғонлигига қараб эътибор билан танлаш мўл ҳосил гаровидир. Уруғлик туганакларни экишга тайёрлаш вазни 30-80 граммлик туганаклар бутун, йириклари эса кесиб экилади. Кесилган ва бутун туганаклар ҳар 3-3,5 тоннаси 100 литр сувга 5- 6 кг, Рослин ёки ТМТД, 2-3 грамм қаҳрабо кислотаси ва 4-5 кг аммофос аралаштирилиб, ивитилиб сўнгра экилади. Кечки картошка гектарига 3,3-3,5 тонна уруғлик туганаклари экилади. Пайкалларда 14-18 кун ўтгач, ўсимликлар кўкариб чиқади. Шунинг учун майдонлар ўсимлик кўкаргунча 1-2 марта енгил (400-500 м3) га меъёрда суғорилади. Натижада ҳар бир гектарда етарли туп сони таъминланиб, сийракланиб қолишига йўл қўйилмайди.

Кечки картошка ўсув даврида 2 марта озиқлантирилади:

  • биринчи марта униб чиқиш бошланиши билан биринчи қатор орасига ишлов бериш чоғида мочевина ёки аммоний селитраси билан (200-250 кг/га);
  • иккинчи озиқлантириш эса шоналаш даврида иккинчи марта қатор орасига ишлов беришда гектарига 300-350 килограмм мочевина ёки аммоний
    селитраси билан амалга оширилади.

Ёзда эски туганаги билан экилган картошка тупроқ намлигини дала нам сиғимига нисбатан 70-80 % даражада ушлаш учун 10-12 марта (экилгандан
кўкаргунча 1-2, кўкаришдан ғунчалашгача ҳам 1-2, ғунчалашдан пишишгача 6-7 марта) суғорилади. Суғориш ҳар 8-14 кунда, гектарига 500-800 м3
ҳисобида берилади.

Ҳосилни йиғиш олиш ва асраш.

Ҳосил палак сарғайиб, пастки барглари қуригач, туганак пўсти қалинлашиб, столонлардан осонгина узиладиган бўлгач, октябрь охири ноябрь ойи бошларида йиғиб олинади. Картошка ковлангандан кейин даланинг ўзида бир неча соат давомида қуритилади ва майда-йириклигига қараб сараланади. Бунда вазни 25-30 г дан юқори бўлган йирик туганаклар товар маҳсулот сифатида ажратилади. майда ва шикастланган туганаклар бракка чиқарилади. Ёғин-сочинли кунларда ковланган картошка омбор ёки усти берк бостирмаларда 2-3 кун давомида қуритилади. Агар ҳосилни йиғиш даврида қора совуқлар тушиб қолгудек бўлса, совуқ урган туганакларни аниқлаш мақсадида картошка иссиқ биноларда бир неча кунгача сақланади. Бунда совуқ урган туганакларнинг ҳамма қисми ёки айрим жойлари юмшаб, ажралиб қолади.

Манба: «Такрорий экинлар — Фаровонлик манбаи», Т.Э.Остонақулов,
Н.Х.Халилов

Дўстларингизга ҳам улашинг!