Томорқасини ўрмонга айлантирган боғбон

Фарғона вилояти

Қувалик Ашурали Умрзоқов 500 турдаги ноёб ўсимликни Фарғона иқлимига мослаштиришга аҳд қилган.

У яшайдиган Бойистон маҳалласидаги хонадонга кириб борар экансиз, аҳдининг қатъийлигига ишонасиз – турфа кўчатларга кўзингиз тушади. Қиш кунлари бўлишига қарамай, айвон устунига чирмашиб кўм-кўк бўлиб печаксимон ўсимлик ўсмоқда.

– Бу Плюш, – дейди Ашурали ака. – Ёпишқоқ ўсимлик, уни дарахт ҳам дейишади. Қишин-ёзин шу тахлит кўм-кўк бўлиб ўсаверади. Ватани Африка. Тошкентга борганимда бир дўстим орқали уруғини топиб, олиб келган эдим. Ичкарида кўпайтиряп­ман. Мана бу ариқ лабида ўсаётган кўчатлар эса арчанинг ноёб турлари, унинг харидори жуда кўп. Кўчириб, томири ўраб қўйилган мана бу кўчатлар эса лола дарахт­лари. Унинг ҳам бир неча турини кўпайтиряпман. Март ойи бошидан гуллайди. Шунда одамнинг баҳри-дили очилиб кетади.
Эшикдан ичкарига кириб, янада ҳайратимиз ошди. Дарвозахонанинг ўзидаёқ ўнлаб турдаги ўсимликлар яшнаб турибди.
– Юраверинг экскурсияни яхшиси томорқанинг охиридан бошлай қолайлик, – дея кулади Ашурали ака.
Ортидан бордик. Томорқанинг адоғида 15 метр баланд­ликка бўй чўзган сосна дарахтлари кўрк тўкиб турибди. Танасининг йўғонлиги 30-40 сантиметрча келади. Пальма дарахтлари ҳам барқ уриб ўсяпти. Суптропик ўрмонлардаги каби ингичка сўқмоқдан бошқа ерлар бутунлай банд. Уй эгаси эса бизга тушунтириб боряпти:
– Мана бу 20 туп суман дарахти, буниси эса шамшод. Унинг 4 хили бор. доим бир хилда – кўм-кўк ўсади. Мана булар арчалар. Булар 1000 тупдан ортиқ каштан дарахт кўчатлари. Яқинда Сўхда яшовчи бир шифокор дўстим Эфиопиядан пальма дарахт­ларининг бизда йўқ 6 хил уруғини олиб келиб берди, экиб кўпайтиряпман. Каштан уруғини  алоҳида, 30 сотихлик ерда кўпайтирганман, ҳозир улар экишга тайёр турибди. Мен раҳматли селекционер олим Исмоилжон Неъматовдан кўп нарсаларни ўрганганман. Ҳозир ҳам олимлар билан биргаликда иш олиб боряпман.
Шундан сўнг Ашурали ака каштан етиштириш хусусида гапирди.
– Каштан кўчатларини тайёрлаш қийин, деган гаплар юради, – дейди у. – Тўғри, бироз мураккаб. Лекин агротехникасига риоя қилинса, яхши самарага эришилади. Ёввойи узум, оқ гул дарахтларини ҳам ўстирганман. Мана бу оқ гул дарахти, “жартезия”, деб аталади. Танаси анорникига ўхшайди, гуллаганида шунақа чиройли бўладики, асти қўяверасиз.
Суҳбатимиз давомида Ашурали ака: “Умрим давомида 500 турдаги кўчат етиштириб, одамларга тарқатишни кўнглимга тугиб қўйганман”, деди. Унинг ғайратига, меҳнатсеварлигига таҳсин айтмай илож йўқ.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ, 
“Qishloq hayoti” газетаси мухбири.

Манба: qishloqhayoti.uz