Тут баргидан чой ичадиган дамлар ҳам яқин

Бухоро вилояти

Тут барги етти хазинанинг бири бўлган ипак қурти учун озуқа манбаи эканлигини яхши биламиз. Аммо ундан кишига ҳам шифо, ҳам роҳат бахш этувчи дамлама тайёрлаш мумкинлигидан кўпчиликнинг хабари йўқ. “Жанубипаксаноати” масъулияти чекланган жамияти, “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонаси мутахассислари хитойлик сармоядорлар билан биргаликда айнан шу йўналишга ихтисослашган корхона ташкил этишга ҳаракат қилишмоқда.

Корхона биносини қуриш учун “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасидан жой берилган. Бундан ташқари, мутасаддилар ихтиёрига Ғиждувон, Пешку ва Шофиркон туманларидан 7,5 миллион туп хориж ва маҳаллий тут кўчатлари экиб, плантациялар барпо этиш учун ер майдони ажратилган. Амалий ишлар бошлаб юборилган бу тутзорлардан йилига уч-тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар гектар ердан бир йил ичида ўрта ҳисобда 5 тоннадан ортиқ тут барги Хитойдан келтириладиган замонавий ускуналар ёрдамида қуритилиб, қайта ишланади ва қадоқланади.

Юртимиз истеъмол бозори учун янгилик бўлган бундай маҳсулот ички бозорга ва экспортга йўналтирилади. Режага кўра, тут баргидан тайёрланадиган чойдан келгуси йилда 218 тонна ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 1,4 миллион АҚШ долларига тенг қисми чет эллик мижозларга етказиб берилади.

Мазкур йирик лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, ушбу маб­лағнинг тенг ярми маҳаллий инвес­торлар, қолгани эса зарур технологик ускуналар олиб келишга, чет эллик малакали мутахассисларни жалб қилишга йўналтирилади. Лойи­ҳа тўла қувват билан ишга тушса, 50 та доимий, 1500 та мавсумий иш ўрни яратилади.

– Тут баргидан ичимлик тайёрлаш технологияси Шарқий Осиё мамлакатларида, хусусан, Хитойда кенг тарқалган, – дейди “Жанубипаксаноати” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акмал Ғойибов. – Албатта, бундай маҳсулотни истеъмолчилар дидига мос тарзда тайёрлаш мураккаб жараён. Шу боис, ўтган йили 30 га яқин мутахассисларимиз Хитойнинг Ханжоу ва Шаньдун шаҳарларида бўлиб, зарур технологик жиҳатларни ўрганишди.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, тут баргидан тайёрланган дамлама инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Унинг таркибида протеин бор. Бу модда қондаги ортиқча қанд миқдорини камайтиришдек шифобахш хусусиятга эга. Дамлама киши организми учун ўта зарур цинк, натрий, кальций, темир, калий сингари минерал моддаларга одатий чойдан кўра бир неча баробар бой. Ўз навбатида, унда танин ҳамда кофеин моддаси одатий кўк чойга нисбатан 200 карра кам.

Айнан янги маҳсулотнинг импорт ўрнини босиши, сердаромад эканлиги, айниқса, саломатликка фойдали бўлгани боис, мазкур инновацион лойиҳанинг амалга оширилишига алоҳида қизиқиш билдирилмоқда.

Ҳамроз АЛИ,

“Qishloq hayoti” газетаси мухбири.