Хашаки лавлаги етиштириш бўйича тавсиялар

Хашаки лавлаги енгил ҳазм бўладиган, қорамолларда сутни кўпайтирадиган озиқа экини. Хўжаликларда сут берадиган қорамоллар рационида хашаки
лавлаги 40-50 % га етади.
Лавлаги илдизмеваси фойдали маъданли моддалар, витаминлардан С, B, B1, B2, PP ва каротинга бой. Илдизмевалар ҳазмланиши бўйича яйлов ўтларидан
қолишмайди, дағал озиқаларнинг ҳазмланишини енгиллаштиради. Концентрат емни тежашга имкон беради ҳамда насл беришни яхшилайди.
Хашаки лавлаги уруғлари 4-5°C да уна бошлайди. Қийғос униб чиқиши учун ҳарорат 10°C дан кам бўлмаслиги лозим. Ер усти қисми 1-2°C совуқда нобуд
бўлади. Хашаки лавлаги ўсиши ва ривожланишининг бошланишида сувга талабчан. Ўзбекистонда фақат суғориладиган ерларда ўстирилади. Ўсув даври
160-180 кун. Қумоқ, қумлоқ тупроқларда яхши ўсади. Ботқоқ, шўр, шўртоб, тошлоқ тупроқларда яхши ўсмайди. Ўзбекистонда хашаки лавлагининг
Ўзбекистон яримқанд, Ўзбекистон-83 навлари Давлат реестрига киритилган.
Хашаки лавлаги қатор оралари ишланадиган, серҳосил экин. У унумдорлиги юқори, ғовак, структурали, тупроқ реакцияси нейтрал бўлган тупроқларга
экилади. Хашаки лавлаги ғўза, кўп йиллик ўтлар экилган майдонларга ҳамда кузги дон экинларидан кейин жойлаштирилади.


Хашаки лавлаги 100 с илдизмева ва слиунга мувофиқ барглар ҳосил қилиш учун тупроқдан 25-30 кг азот, 9-10 кг фосфор, 45-50 кг калий ўзлаштиради. У,
айниқса, азотли, калийли ўғитларга талабчан. Маъданли ўғитларнинг йиллик меъёри азот 150-200, фосфор 100-120, калий 80-100 кг/га ни ташкил қилади.
Фосфорли, калийли ўғитларнинг ҳаммаси ерни ҳайдаш олдидан солинади. Азот экишдан олдин 50 кг/га, суғоришдан олдин икки марта 50—75 кг/га
озиқлантириш сифатида берилади. Органик ўғит, гўнг гектарига 20-30 т ерни ҳайдаш олдидан солинади. Тупроқни асосий ишлашда, кузги шудгор 30-35
см чуқурликда ўтказилади. Эрта баҳорда нам сақлаш учун кузги шудгор бороналанади, экиш олдидан чизелланади, бороналанади, мола босилади.
Ҳосилни йиғиштириш июл охирида, август бошларида тугалланади. Ҳосил йиғиштирилиши билан культивация қилинади ва бир йўла гектарига 100-110
кг азот солиниб, суғорилади. Натижада ўсимлик тез тикланади, илдизлар тез катталашади. Октябр ойининг охиригача 3-4 суғориш ўтказилади, бегона
ўтлар йўқотилиб, қатор оралари суғоришлардан кейин ер етилиши билан культивация қилинади.
Илдизмевани йиғиштирадиган махсус комбайнлар бўлмаса, ҳосил ғўзани корчевка қиладиган агрегатлар ёрдамида ковланади. Бунда корчевкани ишлатиш
чуқурлиги созланади. Барглар қўл билан тозаланиб, илдизмевалар уюмланади ва транспортларга ортилади.
Манба: «Ўсимликшунослик», Р.О.Орипов, Н.Х.Халилов