Eтти хазинанинг бирини топдик

Озод Турушев бундан беш йил илгари коллежни тамомлаб, ҳануз бирор ишнинг этагидан тутмаганди. Маълум муддат мавсумий ишлар билан банд бўларди. Жорий йил бошида банк ходимларининг тадбиркорликни бошлаган ёшларни имтиёзли кредит маблағлари билан таъминлаш тўғрисидаги тарғиботи Озодни эътиборсиз қолдирмади.

 

— Бизга ўхшаган ёшларга Президентимиз топшириғи билан имтиёзли кредит маблағлари ажратиляпти. Мен ҳам ана шу имкониятдан фойдаланмоқчиман!

Озоднинг бу гаплари отаси Йўлдош акани бироз ўйлантириб қўйди. Эплай олармикин, деган ҳадик уни маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги «Маслаҳат маркази»га етаклади.

— Албатта, эплайди,— деди «Маслаҳат маркази» раҳбари Раъно Юсупова. — Озод интилувчан йигит. У ўз олдига қўйган мақсадига, албатта, эришади. Қолаверса, укаси коллежни тугатган. Синглиси ҳам ёрдамлашади.

Бу гапларни эшитган Йўлдош ака ич-ичидан хурсанд бўлди. Шундай қилиб, уч ака-сингил тадбиркорликни бошлашди. Банкдан ажратилган 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига Озод 200 та, укаси Аъзам 200 та, синглиси Азиза эса 100 та сермаҳсул товуқ сотиб олишди. Маблағнинг бир қисмига товуқлар учун катак ва бир ойга етадиган озуқа харид қилинди. Йўлдош аканинг хонадонида бир йўла 500 та парранда парвариши йўлга қўйилди.

— Бизнесда ҳисоб-китоб муҳим, — дейди ёш тадбиркор Озод Турушев. — Бошида паррандаларнинг бир ойлик озуқасини сотиб олдик. Қисқа фурсатда рацион таркибини ўрганиб чиқдим. Ўйлаб кўрсам, уни ўзимиз тайёрлашимиз мумкин экан. Шундай қилдик ҳам. Ҳозир емишини ўз томорқамизда ундирмоқдамиз.

— Биз парвариш қилаётган товуқлар 18 ой тухум берар экан,— дейди суҳбатимизга қўшилган Аъзам Турушев. — Маҳсулдорликнинг юқори бўлиши озуқанинг сифати ва белгиланган рационга амал қилинишига боғлиқ. Ёз фаслида тухум бериш бироз камаяди. Қишда эса парранда сонига нисбатан 90 фоизгача маҳсулот олиш мумкин.

Тадбиркорлар нафақат парранда парвариши, балки маҳсулдорликни ошириш, қолаверса, қандай шароитда юқори натижага эришиш йўлларини ҳам мунтазам ўрганиб боришмоқда.

Азиза Турушеванинг айтишича, хона ҳарорати бир хилда, яъни 16-20 даражада ушлаб турилиши шарт. Вақти-вақти билан шамоллатиш, бир меъёрда озиқлантириш кўзланган натижага эришнинг асосий омилидир.

Айни пайтда ёш тадбиркорлар ветеринария талабларига риоя этаётгани боис кунига 350-400 донагача тухум олишяпти. Маҳсулотнинг асосий қисми қандолат ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга, дўконларга пешма-пеш етказиб берилмоқда. Маблағнинг бир қисми озуқа хариди, бир қисми кредит тўловига, қолгани эса оила эҳтиёжларига сарфланмоқда.

Бугун Фориш тумани марказидаги маҳаллалар аҳолиси тухумни ёш тадбиркорлардан арзон нархда харид қилишмоқда. Ҳам маҳалладошларига, ҳам оиласига фойдаси тегиб, ўз тадбиркорлигини дадил қадамлар билан бошлаган ишбилармон ака-сингилларнинг олдиларига янги мақсадларни қўяётгани ишбилармон йигит-қизлар сафининг кенгайишига сабаб бўлаётир.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

«Mahalla» газетаси