Кутилаётган совуқлар мевали дарахтларнинг куртаклари ва гулларига зарар етказади — «Ўзгидромет»

25-27 февралда кутилаётган совуқлар мевали дарахтларнинг ёзилган куртаклари ва гулларига зарар етказади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» эълон қилган маълумотда айтилган.

Қайд этилишича, февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида ғайритабиий юқори ҳаво ҳарорати ҳисобига мевали дарахтлар, тут ва токнинг баҳорги вегетацияси ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 2,5 – 3 ҳафта эрта бошланди.

«Ўн кунликнинг биринчи ярмида республика ҳудудининг катта қисмида мевали дарахтларда ялпи куртакларнинг бўртиши ва очилиши бошланди, ўн кунликнинг охирига келиб эса эрта гуллайдиган мевали дарахтлар гуллаши бошланди.

Республика жанубида эрта гуллайдиган мевали дарахтларнинг гуллаши февраль ойининг биринчи ўн кунлигида бошланди. Иккинчи ўн кунликнинг охирига келиб гуллаш ялпи бўлди», – дейилади маълумотда.

Маълум қилинишича, 25-27 февралда кутилаётган совуқлар мевали дарахтларнинг ёзилган куртаклари ва гулларига зарар етказади.

Аввалроқ, Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқими кириб келиши, мамлакат шимолида ҳарорат 22 даража совуқ бўлиши кутилаётгани хабар берилганди.