Сабзавот ва картошка ҳосилини йиғиб олиш ва сақлаш

СОҲИБКОРГА ҲАР БИР КУН ҲАНИМАТ

Деҳқон аҳли кузнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, ёз бўйи қилган меҳнати маҳсулини йиғиштиришга киришди.

Эндиги юмуш уларни нест-нобуд қилмай сақлашдир.

Картошка. Кечки картошка ҳосили палаклар сарғайиб, пастки барглари қуригач, туганак пўсти қалинлашиб, столонлардан осонгина узиладиган бўлгач, октябрь охирларидан бошлаб йиғиб олинади. Картошка ҳосили ковланиб олингандан сўнг даланинг ўзида бир неча соат давомида қуритилади ва майда-йириклигига қараб сараланади. Бунда вазни 25-30 г дан юқори бўлган йирик ва ўртача туганаклар товар маҳсулот сифатида ажратилади, майда ва шикастланган туганаклар чиқитга чиқарилади. Ковлаб олинган ҳосил омборга келтирилганидан 20-25 кун ўтгач, уларни саралаб, лат еган ёки димиқиш туфайли зарарланганларидан холи қилиб сақлашга қўйилади.

Агар даладан келтирилган картошка дарҳол сақлашга қўйилган бўлса, ташқи кўринишидан зарарланганлиги сезилмайдиган айрим туганаклар 10-15 кундан кейин сасий бошлайди ва чиқит кўпайишига олиб келади. Таъкидлаш жоизки, сақланаётган картошкани 2-3 ойдан кейин, албатта, саралаш зарур. Картошка одатда совутгичли ёки оддий омборларда контейнер, яшик, тўрхалтада тўкма ҳолда сақланади. Омборда ҳарорат 2-4 даража илиқ, нисбий намлик 80-85 фоиз бўлса, маҳсулот яхши сақланади. Бундай шароит сунъий совутиладиган омборхоналарда яратилади.

Картошкани омборда сақлаш имконияти бўлмаган шароитда сизот сувлари яқин бўлмаган ерларда ковланган ўраларга

кўмиб сақлаш мумкин. Бунда ўранинг эни 60-70 см, чуқурлиги 70-80 см, узунлиги 2-3 м бўлиши мақсадга мувофиқ. Ўрага картошка жойлангач, устига 10-15 см қалинликда похол ёки қамиш ёпилади, сўнгра устидан 30-35 см қалинликда тупроқ тортилади. Картошка шундай шароитда апрель ойигача яхши сақланади.

Картошкани уй-рўзғор шароитида сақлаш учун ёруғ тушмайдиган жой танланиши керак. Чунки ёруғ тушадиган

жойда туганак устида кўк ранг пайдо бўлиб, соланин моддаси кўпаяди ва аччиқ бўлиб қолади.

Пиёз. Баҳорда ва кеч кузда экилган пиёзлар сентябрда йиғиб олинади. Пиёз пишганда пиёзбош юмшаб, кейин бўйни қурийди, барглари сўлиб ерга ётиб қолади. Пиёз барглари тўла қуригунча кутиб туриш ярамайди, чунки кечикиб йиғиштириб олинган пиёз яхши сақланмайди. Пиёз махсус маркали ковлагичлар билан ёки қўлда бир марта йиғиштирилади.

Пиёзни сақлашдаги асосий вазифа маҳсулот сифатини пасайтирмасликдир. Сақлаш муддати мумкин қадар узоқроқ

бўлишини таъминлаш лозим. Пиёз совутгичли омборларда тўрхалталарда турли ҳажмли яшик ва контейнерларда штабелланиб, 1-30С гача пасайтирилган ҳароратда сақланиши мақсадга мувофиқ. Умуман,яхши пишиб етилган пиёз +180С да ҳам яхши сақланади.

Маҳсулот сақланадиган жой қуруқ, ҳавоси алмашиб турадиган бўлиши керак. Хонадаги ҳарорат илиқ, нисбий намлик

70-75% атрофида бўлгани маъқул. Пиёз музлаб қолгандан сўнг ҳам ўз ҳолига келиши мумкин. Аммо бу ҳол қайта-қайта

такрорланса, маҳсулот сифати бузилади. Пиёз сақланадиган жойда намлик 75% дан ошадиган бўлса, салбий таъсир этади. Бундан ташқари, вегетация даврида пиёз трипс касаллигига чалинган бўлса, узоқ муддатли сақлаш даврида ост ва бўғиз чириш касаллигига чалиниши, илдиз чиқариб кўкариши мумкин. Шунинг учун омборни доимий назорат қилиб туриш талаб этилади.

Сабзи. Доимий совуқ бошланишдан олдин сабзи ҳосилини йиғиштиришни бошлаш керак. Олдиндан ҳосилни йиғиб

олиш катта йўқотишларга олиб келади. Куз ойларида кимёвий таркибга бой бўлган илдизмевалари ҳосилининг асосий

шаклланиши содир бўлади. Айнан шу даврда фотосинтез маҳсулотларининг 20-30% барглардан илдизмеваларига етиб

боради. Сабзи ҳосилини йиғиштириш пайтида илдизмевалари очиқ ҳавода камроқ қолишини таъминлашга ҳаракат қилиш керак, сўлиган илдизмевалар ўз кўринишини йўқотади ва сақлашга яроқсиз бўлади.

Сабзи ҳосилини йиғиштиришда экин майдонининг ҳажмига қараб, қўл кучи билан илдизмева ковлагичлар ва ўзи юрар

комбайнлар билан амалга оширилади. Сақланадиган сабзини ковлашдан 10 кун олдин суғориш яхши самара беради. Сабзи барги сарғайгандан кейин ковланиб, баргидан тозаланади ва сақлаш жойига келтирилади. Сабзи совутгичли омборларда контейнер ва 30 кг ли яшикларда 0-200 С ҳароратда, нисбий намлик 90-95% бўлган шароитда яхши  сақланади. Сабзининг эни 50-60, чуқурлиги 80-90 см бўйи, 2,5 -3 м ўрада сақлаш ҳам мумкин. Ўра тупроғи нам бўлиши ва ўт ёки барг тушмаслиги талаб этилади. Ўрага сабзи тўлдириш вақтида эланган қум солиб борилса, сабзи сўлимайди ва узоқ сақланади. Ўра тўлдирилгандан кейин усти похол ёки қамиш (5-10 см) билан ёпилади ва 30-35 см тупроқ тортилади.

Сабзини январь-февраль ойларигача салқин ертўлаларда полиэтилен қопларда, яшикларда (ичига полиэтилен тўшама

қилиб) сўлимаслиги учун устига қум ёки нам тупроқ билан ёпиб қўйиб, кунлик эҳтиёж учун ишлатиб бориш мумкин.

Турп. Ёз муддатида экилган турп ҳосили марказий минтақаларда октябр охири-ноябр бошларида, жанубий минтақаларда бундан 2-3 ҳафта кейин ва шимолий вилоятларда эса 2-3 ҳафта олдин йиғиштирилади. Ҳосилни йиғиштириш сурункали ёғингарчилик ва совуқ кунлар бошлангунига қадар тугатилиши керак.

Ҳосилни йиғиш, саралаш, тўплаш, идишларга солиш ва транспортга ортишда турп илдизмеваларини шикастлантирмаслик керак, чунки зарарланган илдизмевалар яхши сақланмайди. Ковлаб олинган илдизмеваларнинг барглари бандидан 2 см қолдириб кесиб ташланади, ундан узун қолдирилса ёки илдизмевага тақаб кесилса, сақлаш вақтида маҳсулотнинг чиришига сабаб бўлади. Барг кесилганидан сўнг илдизмевалар сараланади – ёрилган, майда, зарарланган ҳамда касалланганлари ажратилади.

Турпни узоқ муддат сақлаш учун ҳар бири ўртача 300-500 г келадиганлари танланади. Турп йиғиб олинишидан олдин

баргини пичоқ билан кесиб, суви селгигач, қўлда суғуриболинади. Турп сақланадиган ўра офтоб тушмайдиган, нам

ерлардан ковлаш зарур. Турпни кундалик ишлатиб туриш учун ертўла ва шунга ўхшаш салқин жойларда полиэтилен

қопларда сақлаш мумкин. Узоқ муддатга сақланиши учун ўрага кўмилади. Турп сақланадиган ўра эни 70, чуқурлиги

90-100 см бўлиши мақсадга мувофиқ. Ўрага солинаётганда барг, ўт ва бошқа чиқиндилар, кўкатлар тушмаслиги керак. Ўра тўлишига 10 см қолганда 30 см қалинликда тупроқ ташланади ва икки томони нишаб қилиб текисланади.

Шолғом. Шолғомни сақлаш ҳам турпникига ўхшаш бўлиб, нисбатан нозикроқ ҳисобланади. Шу боис, ўранинг эни

60-70, чуқурлиги 80-90 см, бўйи 1,5-2 м қилиб ковланади. Кўкламда ўра очилиб шолғом сараланади ва захроқ хона ёки ертўлаларда қум остида сақланади. Хўраки лавлаги (қизилча) ҳам худди шолғом сингари сақланади. Карамни сунъий совутиладиган омборхоналарда 0-30С ҳароратда 4 ойгача (март охирларигача) сақлаш мумкин.

Ош лавлаги. Ёзги такрорий муддатда экилган ош лавлаги ҳосили октябрь-ноябрь ойларида ёмғир ва қаттиқ совуқлар

бошланишидан олдин йиғиб олинади, акс ҳолда, илдизмевалар мазасини йўқотади ва узоқ сақланмайди.

Омборхонадаги маҳсулотлар кечаси тезда юзаки қуритилиши ва штабеллардаги ҳарорат +3-50С га туширилиши керак. Ош лавлаги сақланишнинг муҳим шартлари — нав ва дурагайларни танлаш. Кўпчилик лавлаги навлари яхши сақланиб туради, цилиндрсимон лавлаги навлари бироз ёмонроқ, лекин улар асосан қайта ишлашга мўлжалланган.

Илдизмеваларни сақлаш учун энг яхши ҳарорат 0-20С гача, нисбий намлик 85-95 фоиз деб ҳисобланади. Қиш ва эрта

баҳорда илдизмеваларни одатда хандақларда сақланади.

Ўзбекистон шароитида ош лавлаги учун 70-80 см кенгликда ва 80-100 см чуқурликда хандақ ташкил қилинади. Қиш мав-сумида омборхоналарда ош лавлаги 1,5 м.гача қутиларда сақланади.

Ош лавлаги катта ҳажмдаги илдизмеваларини салқин жойларда 3,5-4,0 метргача (5,0-6,0 метргача рухсат этилади) уюмларда сақлаши мумкин бўлади. Лекин бу ҳолатда бир тонна илдизмева хисобига соатига 50 кубометр ҳавони вентиляторлар ёрдамида алмаштириб туриш талаб этилади.

 

Рустам НИЗОМОВ, қ.х.ф.д.,

Фахриддин РАСУЛОВ, қ.х.ф.ф.д.,

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ.

Манба: «Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги» журнали №10. 2021