Анғизда мош етиштиришда молибден (Мo) микроэлементидан турли усулларда фойдаланиш

Дуккакли-дон экинлари орасида мош экиладиган майдон ҳажми жиҳатидан жаҳонда соядан кейин иккинчи ўринда туради (25 млн. гектарга яқин). Маълумотларга кўра, республикамизда ҳар йили мош такрорий экин сифатида 18-20 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилади.
Илмий манбалардан маълум бўлишича, мош вегетация даврида тупроқда 50-100 кг/га биологик азот ва органик моддалар тўплаб, табиий унумдорликни оширади.
Такрорий экин сифатида дуккакли экин экилиши ҳисобига ҳар гектар майдонда буғдой ва мош ўсимлигидан жами 4,40 тонна анғиз ва илдиз қолдиқлари тупроқда тўпланади. Тупроқдаги қолдиқ анғиз ва илдизлар чириши ҳисобига тупроқдаги гумус миқдори ортади. Натижада тупроқ унумдорлигини сақлаб қолишга эришилади.
Маълумотларига кўра, молибден таъсирида дуккакли экинлар илдизида нафақат туганаклар миқдори кўпаяди, балки нитратлар аммиаккача қайта тикланади. Молибден таъсирида ўсимликда углевод, каротин ва аскорбин кислотаси миқдори кўпаяди. Молибден таъсирида ўсимликда хлорофилл миқдори кўпаяди ва фотосинтез жадаллиги ошади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2018-2019 йилларда анғизда мош етиштиришда молибден микроўғитини турли усулларда қўллашнинг ўсимликнинг ўсиши,  ривожланиши, ҳосилдорлигига таъсири ўрганилди.
Дала тажрибаси бир ярусда, тўрт қайтариқда ўтказилиб, пайкалнинг узунлиги 50 метр, ҳар бир вариант саккиз қатордан, қатор ораси 60 см, эни 4,8 м, майдони 240 м2,, ҳисоб майдончаси эса 120 м2 ташкил этди.
Тажрибада вегетация даври давомийлигини ҳисобга олишдан маълум бўлишича, уруғни сувда ивитиш (назорат) вариантида ушбу кўрсаткич 78 кунни, молибденнинг 0,05% ли эритмаси қўлланилган вариантларда вегетация даври 3-9 кунга ўзгарганлиги кузатилди.
Эътиборли томони шундаки, N35 P70 K40 (фон) вариантида ғунчалаш-гуллаш давомийлиги 26 кунни ташкил этган бўлса, молибден микроўғити турли усул ва муддатларда қўлланилганда бу давр қисқарди, демак, молибден микроўғити ўсимликнинг гуллаш фазасига киришини тезлаштиради. Бироқ, донларнинг
тўлишишидан тўлиқ пишишигача бўлган давр N35 P70 K40 (фон) вариантида 17 кунни ташкил этган бўлса, молибден таъсирида бу давр 2-3 кунга кечикканлиги қайд этилди. Бу ҳолат ўсимликда физиологик жараёнлар давом этганлиги, ўсимлик кўплаб қуруқ модда тўплаганлиги билан изоҳланади.
Олинган маълумотларга қараганда, анғизда етиштирилган мош дуккакларининг шаклланиши макро- ва микроўғитларга мутаносиб равишда ўзгарди. Дуккаклар сони тажриба вариантларида ўрта ҳисобда ҳар бир ўсимликда 12,3 донадан 15,4 донагача бўлишини кўрсатди. Масалан, N35P70K40(фон)+уруғни сувда ивитиш (назорат) вариантда дуккаклар сони ўртача 12,3 донани ташкил этган бўлса, макроўғитлар фонида уруғларни аммоний молибдатнинг 0,05%ли эритмасида ивитиб экиш вариантида 13,6 дона ёки назорат вариантга нисбатан 10,6% кўп бўлиши таъминланди. Энг юқори кўрсаткич макроўғитлар фонида уруғни аммоний молибдатнинг 0,05% ли эритмасида ивитиш билан бирга 5-6 барглик фазасида
аммоний молибдатни 0,5 кг/га меъёрда тупроққа қўллаш вариантида кузатилиб, дуккаклар сони 15,4 донани ташкил этди ёки назорат вариантга қараганда 25,2% га кўп бўлди.
Микроўғитни тупроққа қўллаш кечиктирилганда (ғунчалашда) дуккаклар сони нисбатан камайиб, битта ўсимликда 15,0 донани ёки назоратга нисбатан 21,6% ни ташкил этди.
Тажрибада аммоний молибдатнинг 0,05% ли эритмасини барг орқали пуркаш вариантларида ҳам дуккаклар сони кўпайиши таъминланди, бироқ микроўғитни тупроққа қўллашга қараганда самарадорлиги бирмунча кам бўлганлиги қайд қилинди.
Масалан, макроўғитлар фонида уруғларни аммоний молибдатнинг 0,05% ли эритмасида ивитиб экиш билан биргаликда ғунчалаш фазасида унинг 0,05% ли эритмаси барг орқали пуркалган вариантда ҳар бир ўсимликда ўрта ҳисобда 15,1
дона дуккак шаклланган бўлиб, назоратга нисбатан 22,8% зиёдлиги аниқланди.
Ўсимликни фақатгина макроўғитлар билан ўғитлашга қараганда, макроўғитлар фонида аммоний молибдатни турли усулларда қўллаш билан дуккакдаги донлар сони ва салмоғи бироз ўзгариши ҳисобга олинди. Масалан, N35 P70 K40(фон)+у-руғни сувда ивитиш (назорат) вариантда дуккакдаги донлар сони ўртача 13,4 донани ташкил этган бўлса, макроўғитлар фонида уруғларни аммоний молибдатнинг 0,05% ли эритмасида ивитиб экиш вариантида 14,0 дона ёки назорат вариантга нисбатан 4,5% кўп бўлиши таъминланди. Энг юқори кўрсаткич макроўғитлар фонида уруғни аммоний молибдат-
нинг 0,05% ли эритмасида ивитиш билан бирга 5-6 барглик фазасида аммоний молибдатни 0,5 кг/га меъёрда тупроққа қўллаш вариантида кузатилиб, дуккакдаги донлар сони 14,6 донани ташкил этди ёки назорат вариантга қараганда 9,0%
га кўп бўлди. Микроўғитни тупроққа қўллаш кечиктирилганда (ғунчалашда) дуккакдаги донлар сони нисбатан камайиб, битта ўсимликда 14,0 донани ёки назоратга нисбатан 4,5% кўп бўлди.
Тажриба натижаларининг кўрсатишича, макроўғитлар фонида аммоний молибдатни тупроққа қўллаш қўллаш таъсирида ҳосилдорлик сезиларли ўзгарди. N35 P70 K40 (фон) + уруғларни (0,05% ли Мо) ивитиш+5-6 баргликда (0,5 кг/га Мо) тупроққа қўллаш вариантида ҳосилдорлик назоратга нисбатан 28,2% га ошган бўлса, N35 P70 K40 (фон)+уруғларни (0,05% ли Мо) ивитиш+ғунчалашда (0,5 кг/га Мо) тупроққа қўллаш вариантида 19,5% зиёд бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, мош етиштиришда молибден микроэлементини турли усулларда қўллаш орқали ўсимликнинг ўсиши, ривожланишида ижобий ўзгаришлар кузатилади ҳамда ҳосилдорлиги назорат вариантга нисбатан 17,4-28,2%
ошишига, шу билан бирга, тупроқда қолдирган анғиз ва илдиз қолдиқлари, биологик азот тўплаши ҳисобига тупроқ унумдорлигининг яхшиланишига олиб келади.

Феруза ХАЛИЛОВА, мустақил тадқиқотчи, СамВМИ.
Акмал CАНАКУЛОВ, қ.х.ф.д., профессор, СамДУ.

Манба: ЎЗБEКИСТОН ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ аграр-иқтисодий,илмий-оммабоп журнал 2021 йил,сентябрь №9.