ТОМОРҚАЛАРДА ПОМИДОР ПАРВАРИШЛАШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

Ўсимликларга 1-ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилгач, 10–12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12–15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгандан сўнг яна бир бор чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Помидор ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.

Помидор етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. Помидор сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5–6 м3 ҳисобидан 18–20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли ерларда 12–15 марта суғорилади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5–7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

Помидорда асосий зараркунандаларидан шира, оққанот, трипс, занг канага қарши 10 сотихга Талстар 10% эм.к. (30–40 мл), Конфидор 20% эм.к. (25–30 мл), Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) ва ғўза тунламга Аваунт 15% эм.к. (40 мл), Тайшин с.д.г. (10–12 г) препаратлари қўлланилади.

Касалликлардан меваларнинг учидан чириши, бактериал қора доғ, фитофтороза, ун шудринг, фузариоз ва вертициллиоз сўлиш, мозаика, столбур учрайди. Ун шудрингга қарши Байлетон 25% н.кук. (100–200 г), фитофтороз, альтернариозга Превикур 72,2% с.э.к. (150 мл) ёки Курзат Р н.кук. (200–250 г), Рирдомил голд 68% с.д.г. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!