Республикамизда 2022 йил ҳосили учун жами 1 млн. 33 минг 104 гектар майдонга бошоқли дон экинларини экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 945 минг 339 гектар майдонга бошоқли дон экинларини экиш ишлари амалга оширилган. Ушбу ғалла экилган майдонларнинг 501 минг 951 гектар ёки 48.6 фоизида суғориш ишлари амалга оширилган.
Бошоқли дон экинларини суғориш ишлари Қашқадарё вилоятида 17 фоиз, Сирдарё вилоятида 19 фоиз, Бухоро вилоятида 32.3 фоиз, Тошкент вилоятида 42 фоиз, Самарқанд вилоятида 44 фоиз ғалла экилган майдонларда амалга оширилган холос. Республикамизда бошоқли дон экинлари экилган майдонларнинг 301 минг 645 гектар ёки 32 фоизида ниҳоллар тўла униб чиққан. Униб чиққан майдонларнинг 207
минг 452 гектар ёки 68.8 фоизида ниҳоллар 1-2 барг, 58 минг 53 гектари ёки 19 фоизида 3-4 барг ҳамда 36 минг 140 гектар ёки 12 фоизи тупланган ҳолатда ривожланмоқда.
Бу йилги шароитда республикамизда пахта ҳосилини, такрорий экинларни йиғиштириб олиш ишларининг бироз кечикиши, бошоқли дон экинлари ўз муддатида экилмасдан, экиш ишлари ҳар йилгидан бир мунча кечикканлиги, куз ойларининг қуруқ ва илиқ келиши, ёғингарчиликни кам бўлаётгани, сув танқислиги натижасида 2022 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида ниҳолларни униб чиқиши ҳамда ривожланиши
орқада қолаётгани кузатилмоқда.
Кузги бошоқли дон экинларини куз-қиш ойларида парваришлашда ғаллачилик соҳасидаги маъсул мутахассислари ва фермер хўжаликлари томонидан амалга оширишлари зарур бўлган энг мухим агротехник чора-тадбирларни қуйидагилардан иборат.
Республикамизда бошоқли дон экинларини экиш ишларини тез кунларда 1-ноябргача сифатли қилиб, тўла якунлаш чораларини кўриш.
Бошоқли дон экинлар экилган майдонларни зудлик билан суғориш ишларини сифатли амалга ошириш. Акс ҳолда, уруғлар тунги салқин нам ҳавода намликни ўзига олиши
ҳамда кундузги иссиқ таъсирида намликни кўтарилиши натижасида, экилган ғалла уруғларини униб чиқиш энергияси пасаяди ва ниҳоллар тўла униб чиқмайди. Униб чиққан ғалла ниҳоллари эса нимжон бўлиб қолади. Бунинг натижасида 1 гектар майдондан 1,3 млн. гача ғалла ниҳоли кам бўлади ёки ғаллани ҳосили 10-30 центнергача камайиб кетиши мумкин.
Бу йилги куз ойларининг қуруқ ва илиқ келиши, ёғингарчиликнинг кам бўлаётгани, сув танқислигини, сувдан самарали фойдаланиш мақсадида кўндаланг ўқариқларни
қисқа 50-60 метр узунликда олиб суғориш ишларини сифатли, кўллатмасдан амалга ошириш.
Кузги бошоқли дон экинлари экилган майдонлардаги ўсимлик ҳолати таҳлил қилиниб, буғдой тупланиши ва қишга тайёргарлик ҳолатини кучайтириш мақсадида энг биринчи навбатда буғдой майсалари сарғайган ва эндигина униб чиққан, унумдорлиги паст майдонларни гектарига соф ҳолда 30-35 кг ёки физик ҳолда 100-150 кг меъёрда азотли ўғитлар билан озиқлантирилиб, суғориш ишлари сифатли амалга оширилса,
ўсимликнинг генератив органларини шаклланишига, тупланиш жараёнига, ўсимликни тупланиш бўғинининг бақуват, ниҳолларни қишга, совуққа чидамлилигини оширади.
Ғалласи униб чиққан ва 1-2 та туплаган майдонларга карбамид ўғитидан гектарига 100 кг дан, агар аммиакли селитра ёки сульфат аммоний ўғитидан бериладиган бўлса гектарига 150 кг дан бериш тавсия этилади.
Эрта муддатларда экилган ва ғалласи ер устини тўлиқ қоплаган майдонларда гектарига 10-12 кг дан карбамид ва биоўғитлардан иборат суспензия тайёрлаб сепиш тавсия қилинади. Бундай майдонларга азотли ўғитлар билан озиқлантириш тавсия қилинмайди. Эрта феврал ойининг бошида ўғитлаш тавсия этилади.
Айрим сабабларга кўра, экиш олдидан фосфорли ва калийли ўғитлар билан озиқлантирилмаган ёки кеч экилган майдонларга соф ҳолда 60-70 кг дан фосфорли ва 60 кг дан калийли ўғитларни солиш тавсия этилади. Бунда аммофос бериладиган бўлса физик ҳолда 200 кг/га, оддий суперфосфат бериладиган бўлса 500 кг/га.
Калийли ўғит сифатида калий хлор ўғитидан 100 кг/га миқдорида берилиши тавсия этилади. Озиқлантирилган майдонларни енгил кўллатмай суғориш мақсадга мувофиқ
бўлади.
Кеч экилган, энди униб чиқаётган майдонларни ҳар гектарига 10 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариб, суғориш ишларини сифатли, шарбат усулида бажариш тавсия этилади.
Юқорида берилган тавсияларнинг жойларда бажарилиши бўйича тегишли соҳа раҳбарларига кўрсатмалар берилиши 2022 йилда бошоқли дон экинларидан гектаридан 70-80 центнер ва ундан ортиқ ҳосил олинишига замин бўлади.
Равшанбек СИДДИҚОВ, қ.х.ф.д., РФА академиги, Дон ва дуккакли экинлар илмий-адқиқот институти директори, Насрулло ЮСУПОВ, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири.
Манба: Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги журнали №11. 2021



















