Сабзавот яшил нўхатини қайта ишлаш учун етиштиришда уларнинг эртапишар, ўртапишар ва кечпишар навлари маълум муддатлар оралиғида экилиб, ҳосилни қайта ишловчи корхонанинг талабига асосан шакллантирилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда етиштирилаётган яшил нўхат маҳсулоти қайта ишлаш корхонасини узлуксиз маҳсулот билан таъминлаш имкониятини беради.
Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ноанъанавий ўсимликлар генофондидан самарали фойдаланиш ва экинлар диверсификацияси йўналишида олиб борилган изланишлар асосида яшил нўхатнинг “Сюрприз”
нави яратилди ва 2004 йили Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилди, республикамизнинг барча ҳудудларида экиб етиштириш учун рухсат берилди.
Ҳозирги даврда республикамизда яшил нўхатнинг чет эл селекциясига оид Альфа 2, Веста, Авола, Талбот, Винко, Ресал, Комби, Милор каби навлари ҳам етиштирилмоқда.
Республикамизда яшил нўхатни қайта ишлаш корхоналари мавжуд эмас. Айрим кичик корхоналар етиштирилган маҳсулотларни қадоқланган кичик бочкаларда олиб келиб,
ўзимизнинг шароитда қадоқлаш билан шуғулланишмоқда.
Республикамизда сабзавот нўхатини етиштириш ва қайта ишлаш йўлга қўйилса, импорт қилиш учун сарфланаётган валюта маблағларини қисқартиришга ва аҳолимизни арзон маҳсулот билан таъминлашга эришилган бўларди.
Сабзавот ёки яшил нўхатнинг “Сюрприз” нави Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтида муаллифлар – Г.А. Айрапетов, Р.Ф. Мавлянова, Ф. Ходжиев ва А. Абдурахимовлар томонидан яратилган ва 2004 йили Ўзбекистон Республикаси
ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган.
Сабзавот нўхати “Сюрприз” навининг барглари яшил рангда, узун юмалоқ, пояси кучсиз тўрт қиррали, шохланган, узунлиги 70-130 см, гуллари йирик сиёҳранг, дуккаклари юмалоқ учли. Уруғлари янгилигида яшил ва физиологик етилганда тўқ
яшил, жигарранг ва оч зарғалдоқ рангга киради.
Нав эртапишар бўлиб, унинг ўсиш даври 65-80 кунни ташкил этади. Ҳосилдорлиги
33 ц/га. 1000 дона уруғ вазни 220 г. таъми 10 балл. Уруғлари техник пишиш даврида яшил, физиологик пишиб етилиш даврида эса жигарранг тусга киради. Қайта ишлаш ва янгилигича истеъмол қилишга мўлжалланган.
Сабзавот нўхатининг “Альфа 2” нави эртапишар, биринчи дуккаклари ўсимликнинг 6-7 бўғимларида пайдо бўлади. Навининг мевалари йирик, таъми мазали, ранги яшил.
Ўсиш даври 55-60 кун, техник пишиб етилиш даври жанубий ҳудудларда апрель ойининг охири ва май ойининг биринчи декадасига, марказий ҳудудларда эса май ойининг охири ва июнь ойининг биринчи декадасига тўғри келади. Пояси оддий, узунлиги 65-75 см, қисқа бўғинли, дуккаклари кам эгилган, учли, 9-10 см. узунликда, бир ўсимликдаги дуккаклар 8-12 дона, ҳар бир дуккакда 7-9 дона уруғлар жойлашган.
Уруғларининг биокимёвий ва технологик сифатлари юқори, техник пишиш даврида яшил, биологик пишиш даврида сариқ рангли, 1000 дона уруғ вазни 210-225 г. Механизация ёрдамида йиғиштириб олишга яроқли. Қайта ишлашда яшил нўхат
консерваларини тайёрлаш ва тез музлатиш усулида сақлашга мўлжалланган.
Сабзавот нўхатининг “Веста” нави ўрта эртапишар. Ўсиш даври 65-70 кун, яшил нўхат етиштириш учун техник пишиш даври май ойининг иккинчи декадасига тўғри келади, ҳосилдорлиги 8,10 т/га. Поясининг узунлиги 60-65 см, бўғим оралиғи қисқа. Дуккакларининг узунлиги 9, 10 см, кенглиги – 1,2 см. Бир ўсимликда 7-10 донадан 13 донагача. Дуккаклардаги дон сони 7-9 дона, ранги техник пишиш даврида яшил, биологик пишиш даврида оч жигарранг. 1000 дона уруғ вазни 190-200 г. Нав илдиз чириш касалликларига чидамли, қайта ишлашга яроқли.

Манба: «ЯШИЛ НЎХАТ ВА ЯСМИҚ ЕТИШТИРИШ»Тузувчилар: М.Э. Аманова – Тошкент давлат аграр университети Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик кафедраси мудири қ.х.ф.д. профессор. Ж.Б. Худайқулов – Тошкент давлат аграр университети Ўсимлик-шунослик кафедраси мудири қ.х.ф.д. профессор. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ



















