
Бир-икки йиллик ўсимликларнинг илдиш чириш касаллигини тупроқдаги турли хил микроорганизмлар келтириб чиқаради. Марказий Осиё шароитида бу касалликни “rhizoctonia solani kuehn” замбуруғи қўзғатади. Касалланган ўсимликнинг илдиз бўғзи ингичкалашиб, қўнғир тусли ярачалар ҳосил бўлиши мумкин, илдиз бўғзининг пўсти ёрилади, қуруқ шароитда эса мазкур жой увоқланади, нам шароитда эса чирийди ва натижада ўсимлик нобуд бўлади.
Замбуруғ ўзидан чиқарадиган оксалат ва бошқа органик кислоталар билан тўқима ҳужайраларини ўлдиради, целлюлоза ва пектиназа ферментлари ёрдамида ҳужайра деворчаларини емиради, тўқимадаги озуқа моддаларини ўзлаштиради, тез ўсади ҳамда унинг гифаларида узоқ вақт сақланишга мўлжалланган, йўғон, тўқ қўнғир склероцийлар ривожланади. Вақт ўтиши билан склероцийлар қора тусга киради ва ўлчами 1 мм ёки каттароқ диаметрга етади. Бу йўғон ҳужайра ва склероцийлар тупроқда, ўсимлик қолдиқларида, касалликка мойил хўжайин экиннинг тўқималари яна пайдо бўлгунча сақланаверади. Ниҳол поясининг тупроқ юзасига яқин қисми нозиклашиб ҳалқасимон яра билан қопланиши, “rhizoctonia solani” замбуруғи учун хос характерли белги бўлиб ҳисобланади. Ниҳолларнинг зарарланиши уруғ барг чиқарган давридан бошлаб, 3-4 чинбарг чиқариш давригача давом этади.
Инфекция манбаи бўлиб, тупроқ ва зарарланган ўсимлик қолдиқлари ҳисобланади. Бу замбуруғ бошқа қишлоқ хўжалик экинларини ҳам зарарлайди. Паразит ривожланиш даври мобайнида тупроқда узоқ сақланиб қолувчи хламидоспорага ва мицелийга эгадир, лекин конидия ва споралар ҳосил қилмайди.
Бу замбуруғнинг асосий зарари – ўсимликни чиритиб, уларнинг сонини камайтириб юборишидадир. Олиб борилган тажрибаларнинг кўрсатишича, баъзан экин майдонларида ниҳоллар сони “rhizoctonia solani” таъсиридан 50% гача камаяр экан. Бу касаллик билан эндигина янги униб чиққан ғўза майсалари ва ниҳоллари ҳам зарарланади. Ғўзанинг майсалари касаллик билан кучли зарарланганда, унинг илдизида ботиқ ярачалар ҳосил бўлади ва қурийди.
Бу замбуруғга қарши курашда уруғ экишдан олдин иссиқхоналардаги тупроқни дезинфекция қилиш ёки алмаштириш лозим. Тупроқни буғ ёки кимёвий препаратлар ёрдамида зарарсизлантириш керак. Кўчат ўстириш жараёнида тупроқ ҳарорати 18С дан паст ва намлиги керагидан ортиқ бўлмаслиги зарур. Агротехник қоидаларга тўла риоя қилиш, касалликка чалинган, нимжон ниҳолларни ягана пайтида олиб ташлаш керак.
Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фарғона тумани ўсимликлар карантини инспектори Ботиржон Абдураҳимов



















