Шоли – тупроқни даволаб, баракали даромад келтиради

Мамлакатимизнинг шоли етиштириладиган барча минтақаларида шолининг тупроқ-иқлим шароитларига мослашган, серҳосил, истиқболли навлари экилмоқда. Халқимиз орасида шоли шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиловчи қимматли экин сифатида қадрланади. Шолипояларга узоқ вақт сув бостирилиши натижасида шўр ерларнинг тузи ювилади. Энг асосийси, шоли экилган ерларда ғўзанинг хавфли касаллиги-вилт йўқолиб кетади.

Шудгорланган майдон экишдан один трактор орқасига “зиг-заг” тиркама ва мола ёрдамида текисланади.Экишдан олдин калийли ўғитининг 50 фоиз ва азотли ўғитнинг 35 фоиз берилади. Ерни текислашда энг содда қадимий агротехника тадбири сув бостириб текислашдир.

Шоли асосан учта минтақада қуйидаги муддатларда экилади: шимолий минтақада (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) асосий экин сифатида ўртапишар навлар Авангард, Истиқбол, Истиқлол, Искандар 10-20 майгача, такрорий экин сиқатида шоли фақат кўчат усулида 15-25 июнгача эртапишар навлар экилади. Марказий минтақада (Сирдарё,Тошкент, Фарғона водийси вилоятлари) асосий экин сифатида кечпишар навлар (УЗРОС-7/13, Лазурьний, Мустақиллик )10-25 майгача, ўртапишар навлар 10-20 майгача, эртапишар навлар (Нукус-2, Гулзор, Жайхун, маҳаллий Арпа шоли, Оқ қилтиқ, Буғдой бошоқ) 10-20 июнгача, такрорий экин сифатида кўчат усулида 1-20 июлгача, жанубий минтақа (Сурхондарё вилоятида) асосий экин сифатида кечпишар навлар 5-15 майгача, ўртапишар навлар 10-25 майгача экилади.

Уруғлик меъёри навнинг хусусияти, тупроқ унумдорлиги, экиш муддати ва уруғлик сифатида асосан гектарига 5,5-6,0 миллион дона (180-200 кг/га) белгиланади.

Уруғлик экилган шолипояларда сув сатҳи дастлаб 12-15 см. майсалар униб чиққач 6-8 см. гача бўлиши керак. Майсалар барглари сув юзасидан кўтарила боришига мос равишда оширилиб борилиб,12-15 см. қалинликда сув бостирилади. Сув сарфлаш меъёри ернинг тупроқ иқлим шароитига қараб бир гектарга эртапишар навлар учун 16000-18000 , ўртапишар навлар учун 18000-22000, кечпишар навлар учун 22000-24000 м3 сув талаб қилинади.

Шолининг нав хусусиятига қараб азотнинг йиллик меъёри ўзгариши мумкин.Эртапишар навлар учун соф холда 110-120, ўртапишар навлар учун 140-160, кечпишар навлар учун 180-200 кг/га таъсир этувчи модда ҳисобида азот солиш тавсия этилади.Фосфорли ўғитлар жами 100-120 кг/га, калийли ўғитлар 120-150 кг/га солинади.

Хусанбой ИДРИСОВ,
Шоличилик илмий-тадқиқот институти
матбуот хизмати ходими. iim.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!