Зараркунандаларнинг иқтисодий зарар келтириш даражаси қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, ғўзанинг асосий зараркунандаларига қарши курашда заҳарли препарат (инсектицид ва акарицид)ларни қўллашни тартибга солиш мақсадида ўрганилади.
Зараркунандалар экинларга тушган ва кураш эҳтиёжи туғилган тақдирда, уларнинг миқдор кўрсаткичлари ҳимоя ишларини режалаштириш ёки, зарарли турлар оммавий ривожланган йиллари, уларнинг миқдорини қай даражага туширишни мўлжаллаш мақсадида қўлланилади. Бунда зараркунанда сонини унинг иқтисодий зарар келтириш миқдорига солиштириш йўли билан неча марта ишлов бериш эҳтиёжи аниқланади. Масалан, зараркунанда миқдори ўсимликка иқтисодий зарар келтириш даражасидан 9-10 мартадан кўпроқ учраса ва ишлатиладиган препаратнинг техник самарадорлиги 80% ни ташкил қиладиган бўлса, экинга албатта 2 марта ишлов бериш режалаштирилади.
Ғўзанинг айрим зараркунанда (ўргимчаккана, ғўза битлари ва ҳ.)лари миқдорини ҳисоблаш мураккаблигини ва кўп вақт талаб этишини ҳисобга олиб, кейинги йилларда бундай зараркунандаларга қарши ишлов бериш эҳтиёжини оддий йўл билан, яъни зарарланиш даражасига қараб, амалга ошириш тавсия этилди.
Шуни таъкидлаш зарурки, зараркунандалар келтирадиган иқтисодий зарар мўлжал кўрсаткичлари бўлиб, уларни қўллаш ўсимликлар ҳолати, хўжалик ва экологик муҳитларга ҳам бевосита боғлиқдир.
Ғўза зараркунандалари зарар келтириш миқдори кўрсаткичларида бир оз оралиқ бўлиб, қуйи миқдор ноқулай муҳит шароитида ва юқори миқдор одатдаги муҳитда қўлланилади.
Зараркунандалар келтириши мумкин бўлган зарар миқдорига қараб иш юритиш масаласига рационал ёндошмоқ зарур. Масалан, ғўза ҳосилдорлиги паст бўлганида (кам ҳосилли йилларда, янги навлар жорий қилинганда ва ҳ.) зараркунандалар сони иқтисодий зарар келтириш даражасига етмаган тақдирда ҳам уларга қарши ишлов бериш мақсадга мувофиқдир. Экин ҳолати ниҳоятда яхши бўлганда эса зараркунандалар кўп зиён етказишидан чўчимай, ишлов бермаслик лозим.
Маълумки биологик кураш усули биринчи навбатда зараркунандаларнинг табиатда бевосита учрайдиган кушандаларидан фойдаланишга асосланган. Зараркунандаларнинг табиий кушандалари турли-туман бўлиб, ҳар бир йиртқич ва паразит ҳашарот ўз имкониятларига яраша фаоллик даражасида зараркунандалар миқдорини тартибга солиб туришга ҳиссасини қўшади.
Зараркунандалар табиий кушандаларининг миқдори бир хилда бўлмайди. Айрим турлар, масалан, канахўр трипс, кўп учраса, бошқалари камроқ учраб, зараркунанда миқдорини камайтиришда икинчи даражали ҳисобланади. Лекин уларнинг маълум бир ижобий роли сезилиб туради.
Энтомофаглар зараркунандалар миқдорини қанчалик камайтиришига қараб, кимёвий кураш чораси бекор қилиниши ёки кескин қисқартирилиши мумкин.
Ҳар бир табиий кушанданинг аҳамияти зараркунанда миқдорини маълум бир вақт орасида (масалан, 1 суткада) чегаралашда кўрсатадиган самарасига қараб ўлчанади. Шунга асосланиб, агробиоценозда энтомофагнинг мутлоқ самарадорлиги аниқланади.
Маълум зараркунанда турлари ёки комплекс ўсимликхўр (фитофаг) зараркунандалар миқдорини чегаралашни тартибга солиб турувчи энтомофаглар ролига баҳо бериш, аввало уларнинг аҳамияти ва муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, яъни табиий кушанда ёки комплекс энтомофаглар популяцияси қўллаш амалга оширилади.
Энтомофагларнинг фойдали фаолияти йиғиндиси орқали зарарли фитофаг миқдорини чегаралашда йиртқич ҳашаротлар муҳим рол ўйнайди. Масалан, 1 та стеторус қўнғизи 1 кунда 110 дона ўргимчакканага қирон келтиради. Дейлик, 1 туп ўсимликда 3 та қўнғиз ва унинг шунча ўргимчаккана билан озиқланадиган личинкаси ҳам мавжуд бўлса, бунда уларнинг фаолияти йиғиндиси 1 кунда (110х3)+(40х3)=330+120=450 та ўргимчаккана йўқотилишига тенг. Бунга канахўр трипсни қўшсак, у личинкаси билан бирга бир кунда 30+62=92 ўргимчаккана билан озиқланади. Уларнинг сони бир ўсимликда 3 тага тўғри келганда, улар 1 сутка давомида 92х6=552 дона канани йўқотишга қодир бўлади.
Стеторуслар, канахўр трипс билан бирга ҳисобланганда, кўрсатилган миқдорда бир ўсимликда, бир кунда 450+552=1002 та кана билан озиқланади. Мабодо бунга олтинкўз фаолияти йиғиндиси (1 кунда 120 та кана) қўшилса, кампиломмалар, эолотрипслар ва ориуслар (1 кунда ўшанча ўргимчаккана) ҳам ҳисобга олинганда, уларнинг миқдори ҳар бир ўсимликда 3 тага тўғри келса, унда йўқотилган каналар сони (150х3) + (150х3) = 900 тани ташкил этади. Юқорида келтирилган йиртқичлар 1 кун озиқланганда умумий йўқотиладиган каналар сони 1002+900=1902 тага тўғри келади.
Фараз қилайлик, 100 туп ғўза ўсимлигида ўртача 200 та турли йиртқичлар учрайди, унда бир кунда йўқотилган каналар сони 21680 тага етади. Мабодо келтирилган йиртқич турлари популяцияси 5 кун давомида фаолиятини давом эттириб турса, бунда улар 108400 та кана билан озиқланади. Бу эса фойдали ҳашаротлар популяциясининг ғўза агробиоценозида зараркунандалар миқдорини тартибга солиш қобилиятидир.
Энтомо-акарифаглар популяцияси фаолиятининг бундай кўрсаткичи уларнинг ғўза даласи экосистемасидаги ҳақиқий ролини тушунишга имкон беради.
Агар кузатилган 100 та ўсимликнинг 3-5 чинбарг чиқариш фазасида 15-20 тасида ўргимчаккана қайд қилинган бўлиб ва ҳар бир зарарланган ўсимликда 200–250 зараркунанда учраса, бунда зараркунанда миқдори чегараси 3000-4000 канага тенг бўлади. Бу миқдордаги ўргимчаккана 2-3 кун ичида йўқотилиши учун 35-40 йиртқич бўлиши ёки 100 ўсимликда 4 та стеторус қўнғизи ва 4 та личинкаси, 2-3 олтинкўз личинкаси ҳамда кампиломма, эолотрипс ва ориусларнинг 4 тадан зотлари бўлиши кифоядир.
Фойдали ҳашаротларнинг ўсимликларни кимёвий аралашувсиз ҳимоя қила олиш миқдори энтомофагларнинг самарадорлик даражаси (ЭСД) дейилади. Бу эса 100 ўсимликдаги 250-300 табиий кушанда миқдори демакдир.
Ҳар бир зарарли турга нисбатан бу кўрсаткич алоҳида аҳамиятга эга. Ғўза тунламини биологик йўл билан йўқотиш учун комплекс паразитоидларнинг аҳамияти катта. Улар зараркунанданинг турли ривожланиш даврларида тухум ва қуртлари сонини камайтиради. Булар паразит пардасимонқанотлилар, пашшалар, касаллик қўзғатувчи бир ҳужайралилар (протозоидлар), бактериялар, вируслар ва ҳ.
Ғўза тунламининг паразитлар билан зарарланиш кўрсаткичи ўртача 30-35% бўлиб, 100 туп ғўзада 200 та ҳаммахўр йиртқич учраса, унда зараркунандага қарши кимёвий кураш чорасидан воз кечиш мумкин. Ғўза битларини биологик йўл билан камайтириш учун зараркунанда популяциясининг биринчи ривожланиш даврида еттинуқтали ва ўзгарувчан хонқизи қўнғизлари ва олтинкўзлар муҳим рол ўйнаса, кейинроқ афидиид яйдоқчиларининг аҳамияти каттадир. Бунда энтомофагларнинг самарадорлик даражаси беда ва полиз битлари колонияларида 40-50% паразит билан зарарланиб, мумиёлашган битлар учраши ва 100 ғўза тупида 40-50 та йиртқич қайд қилиниши билан белгиланади.
Назорат ва кузатиш натижасида тўпланган маълумотлар зараркунанда ва касалликларга қарши курашнинг самарали муддатларини белгилашга имкон беради. Ғўза тунлами капалакларининг учиш муддатларини белгилашда, ғўза тунлами тухумига қарши трихограмма чиқариш муддатларини белгилаш учун қўйилган феромон елимли тузоқларга кечаси ўртача 2-3 капалак туша бошлагандан 5-6 кун сўнгра зараркунанданинг биринчи наслига (июн), кечаси ўртача 1,5-2 капалак тушгандан 3-4 кундан сўнг, шу усулда иккинчи (июл) ва учинчи наслига (август) қарши трихограмма чиқарилади.
Феромон тузоқларда юқорида кўрсатилган миқдордаги капалаклар ушланганда ҳар 100 туп ўсимликка ўртача 2-3 тадан зараркунанда тухуми тўғри келади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлик инспекторлари Ж.Хайдаров, Э.Ботиров, Х.Собиров



















